Ҳаёт кечириши. Марказий Осиёда Фриш терихўри соғ тупроқнинг юзасига ёки қум қатламининг орасига кириб, вояга етган ҳолда қишлайди (Қуйи Волга бўйида ғумбаклик стадиясида қишлайди).
Мартнинг иккинчи ярмида ёки апрел бошларида қўнғизлар уйғониб, тухум қўя бошлайди. Урғочиси юқорида айтилган озиқ-овқатлардан ташқари ўлаксаларга, айниқса ўлган паррандаларга тухум қўяди. Июннинг ўрталарида ёки охирида биринчи наслнинг вояга этган қўнғизлари пайдо бўлади. Қўнғизлар пайдо бўлгач 5-7 кун кейин жинсий жиҳатдан вояга етади ва яна тухум қўя бошлайди.
Терихўр қўнғизнинг ёзги насли ҳаммаси бўлиб 50-60 кун яшайди, шундан 45-50 куни энг кўп зарар етказадиган личинкалик стадиясига тўғри келади; вояга етган қўнғизлар личинкасига нисбатан бирмунча кам зарар етказади.
Вояга етган қўнғизлар қишлаб чиққандан кейин июннинг ўрталаригача учрайди, ёзги наслдан вояга етган қўнғизлар эса икки ойгача яшайди. Вояга етган терихўр қўнғизлар ва уларнинг личинкалари аксари қоронғида яшайди ва қайси озиқ-овқатга тушган бўлса, ўша озиқ-овқатнинг юза қаватида камдан-кам учрайди.
Пилла қуритиладиган ва сақланадиган жойларга қўнғизлар учиб кириб, уларга ҳашаротни юқтиради. Терихўр қўнғиз личинкалари ипак қуртининг ғумбагида озиқланишни тамомлаб, пилладан чиқади-да, ғумбакка айланади (қуйида сўзланадиган трогодерма терихўридан шу билан фарқ қилади).
Трогодерма терихўри
Trogoderma versicolor Creutz
Зарари. Трогодерма личинкалари пиллага зарар етказади, қурт уруғини нобуд қилади, музейларда энтомологик коллекцияларни емирадиган ёвуз зараркунанда ҳисобланади; омборлардаги дон, складлардаги чигит ва кунжара трогодермадан зарарлангани ҳам қайд қилинган; ишланмаган қуён терисига трогодерма личинкалари зарар етказганлигини В. В. Яхонтов аниқлаган.
Тарқалиши. Трогодерма терихўри Марказий Осиё, Кавказ орти, Сибирь, Эрон, Афғонистон, Туркия, Сурия, Европа, Шимолий Африкада учрайди.
Таърифи. Қўнғизнинг узунлиги 2,5-5,0 мм, шакли овал, ранги тўқ қўнғир; қанотустликларининг кўндалангига қараб ёйиқ тўлқинсимон ёруғ йўллар ўтади; олдинги кўкрагининг кейинги қисмида оч сариқ қиллар билан қопланган ёруғ доғлари бор; Марказий Осиёда терихўрнинг асосий формасидан ташқари унинг аберрацияси-Т.versocolor a. Meridionalis Kr. ҳам зарар етказади, бу аберрация қанотустликларидаги доғ ва йўлларда оч сариқ қиллар ўрнига оқ қиллари бўлиши билан ажралиб туради.
Тухуми 0,8 мм чамасида, оқ, узунчоқ бўлиб, эмбрион ривожланган сари кўндаланг қорамтир йўллари туртиб чиқа бошлайди. Личинкаси 8 мм гача катталикда, сариқ-қўнғир тусли бўлиб, хийла узун қаттиқ қиллар билан қопланган, бу қиллар тананинг учида тутам ҳосил қилади, бу тутамнинг узунлиги личинка танасининг ярмига баравар келади; сўнгги сегментларида тўқ қўнғир тусли, бахмалга ўхшаш қиллар бор. Ғумбаги қўнғир бўлиб, қалин, узун қиллари бор; сўнгги ёшдаги личинканинг ҳали ташламаган терисининг узунаси бўйлаб ёрилган чизиғидан ғумбаги яхши кўриниб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |