Анор қурти
Eazophera pinicaeella Moore.
Зарари. Анор қурти анор мевасига зарар етказади. Айрим жойларда анорнинг қуртдан зарарланиши 11,7 % дан 94,2 % гача боради (Рожков), айниқса кекса дарахтлар кўп зарарланади (Кузнецов). Баъзан анор қурти анор дарахтларининг пўстлоғига ҳам зарар етказиб, уларни қувватдан кетказиб қўяди.
Тарқалиши. Илгари анор қурти Тожикистоннинг баъзи жойларида, Эрон, Ҳиндистон, Белужистон ва Болқон ярим оролида маълум эди, холос. Сўнгги вақтда аниқланишича (Кузнецов), Ўзбекистон, Туркманистон, Доғистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистондан Euzophera bigella Z. деган қурт ҳақида олинган маълумотлар шу турга тааллуқли бўлиши керак.
Тасвири. Капалагининг орқа қанотларида медиал томирнинг икки тармоғи бор; иккинчи кубитал томир ўрта катакнинг орқа бурчагидан анча узоқлашиб кетади. Олдинги қанотларда учинчи радиал томир билан тўртинчи радиал томир бир стволдан чиқади. Капалакнинг олдинги қанотлари камбар, орқа қанотлари сербар, лаб пайпаслагичлари юқорига қайрилган. Капалаклар кул ранг бўлади. Қурти ва ғумбаклари ҳали тасвир этилган эмас. Тухуми оқимтир сариқ, юзаси ғадир-будир, катталиги 0,75-1,00 мм.
Ҳаёт кечириши. Анор қурти тўкилган анорда ва унинг пўстида анор пўстининг пўстлоқ ёриқларида ва шохларида қуртлик стадиясида қишлайди. 13° совуқда қуртлар нобуд бўлади. Қуртлар апрел охири-май бошларида, ипакдай оқ пиллаларда ғумбакка айланади. Ёз фаслида ғумбаклар 10-12 кунда етилиб олади. Капалаклар тунда ҳаёт кечиради, кундуз кунлари эса дарахт танаси ва баргларида, анор атрофидаги бошқа дарахт ва буталарга яшириниб олади; урғочиси мева косачасига ва унинг ёриқларига биттадан тухум қўяди; бу ҳашарот пўсти юпқа анорни хуш куради, айниқса қайроқи анорга кўп тушади. Урғочи капалак умрида 100 тача тухум қўяди.
Қулай шароитда тухумнинг ривожланиши 5-7 кун давом этади. Тухумдан чиқан қуртлар косача ёки ёриқ орқали меванинг ичига киради. Битта анорда баъзан 20 дан ортиқ қурт бўлади, улар анорга турли урғочи қуртлар қўйган тухумдан чиққан бўлиши мумкин. Қуртнинг ривожланиши ёзда 20-25 кун давом этади.
Қуртлар анор доналари билан ва доналар ўртасидаги пардалар билан озиқланади, қаттиқ зарарланган анор ҳатто ёрилиб кетади.
Озиқланишни тамомлаган қурт мева косачасида ёки унинг ичида, пўстлоғи атрофида пилла ўрайди. Анор кам бўлса, қуртлар шохлар пўстлоғи остидаги луб билан озиқланиши мумкин, айниқса пўстлоғи зарарланган шохларда шундай бўлади. Анор қурти олманинг ичида ҳам ривожланиши мумкин, бу ҳашарот олма қуртидан зарарланган олмаларни хуш кўради. Ёзда тўла етилиши 35-40 кун давом этади. Ёз бўйи анор қурти бир неча насл берса керак.
Туркманистонда анор қуртига Habrabгасоn brevicornis Wesm., Mesoslenus transfuga Grav., Elasmus sp. ва Fischeria sp. деган яйдоқчилар тушиши қайд қилинган.
Кураш чоралари. Анор қуртининг кўпайиб кетишига йўл қўймаслик учун эҳтиёт чораси шуки, тўкилган анорни мунтазам териб олиш керак В.С.Рожковнинг ҳисобига қараганда, анор қурти тарқалган жойларда дарахтларнинг 76-93 фоизига шу қурт тушган бўлади. Анор пўсти саноат ва доривор учун қимматли хом ашё бўлганидан, тўкилган анорни териб тайёрланган пўстини газокамераларда метил бромид билан фумигация қилиш керак, бунинг учун заҳарли дорини юмшоқ сохта қалқондорга қарши курашда фумигация қилишдагига нисбатан бир ярим марта камроқ ишлатиш керак.
Анор дарахтларнинг илдизга яқин қисмига оҳак суриш тавсия этилади. Анор дарахтларидаги қуртни йўқотиш учун гексахлоран ишлатиш ҳам фойдали эканлиги аниқланган (Рожков). Анор қурти маълум жойга тарқалганлигидан унинг бошқа жойларга ўтишига йўл қўймаслик учун карантин чораларига риоя қилиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |