Ёнғоқ қурти
Sarrothrypus muscutana Ersh.
Зарари. Ёнғоқ қурти баъзан ёнғоқ мевасига ва ёш новдаларига анча зарар етказади, ҳосилнинг 50 % дан ортиғи, баъзи дарахтларда эса ҳатто 90 % нобуд бўлгани қайд қилинган (Махновёкий). Қурт тушган ёнғоқ аксари пишмасдан тўкилиб кетади; қуртнинг иккинчи бўғини тушган ёнғоқ эса 23,5-28,4 % оғирлигини йўқотади ва ўрта ҳисоб билан 40 % и пишмай қолади ва унинг мағзини еб бўлмайди.
Тарқалиши. Ёнғоқ қурти Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистонда тарқалган.
Таърифи. Капалагининг катталиги 8-9 мм; қанотларини ёзиб тургандаги катталиги 13-23 мм; қанотлари кул ранг, олдинги қанотлари орқа қанотларига қараганда қорамтирроқ.
Олдинги қанотларининг олдинги чеккаси пушти ранг; қанотларининг асоси яқинида уларнинг кўндалангига қараб иккита камбар қора йўл ўтади, учига яқин жойда қорамтир четли кўндаланг боғи бор; боғининг четидан оқимтир тўлқинсимон йўллар ўтган. Тухуми тахминан 0,5 мм, ғумбаксимон, пастга қараб жуда яссиланган, қирралик бўлади.
Қуртининг узунлиги 16 мм гача боради; ранги қизғиш ёки оч яшил-қўнғир; гавдасининг биринчи ва сўнгги сегментлари орқасида жуда ҳам хитинланган қорамтир қалқонлари бор, боши ва чин оёқлари қўнғир. Гавдасида сийрак анча узун қиллар бўлади, улар қорамтир ясси сўгалчалар устида туради.
Ғумбаги 11 мм чамасида; жигар ранг, усти қорамтирроқ; ғумбакнинг устки томони сут ранг, пастки томони ялтироқ; орқадаги учи тўмтоқ тикансиз. Ғумбак зич оқ пилла ичида туради.
Ҳаёт кечириши. Ёнғоқ қурти ёнғоқ дарахтлари пўстлоғининг пўстлари остида ва ёриқларида пилла ўраган қуртлик стадиясида қишлайди; баъзан пиллалари бир жойга тўпланиб қолади. Қишлаган қуртлар эрта кўкламда ғумбакка айланади, капалаклари апрелда уча бошлайди. Урғочилари тухумни хом ёнғоққа бир-иккитадан қўйиб кетади. Тухумдан чиққан қурт ёнғоқнинг ичига киради, шу билан биргаликда қурт 1-2 ёнғоққа зарар етказади, бир ёнғоқни баъзан бир неча қурт ейди. Ёнғоқ пўчоғи қотиб қолган тақдирда қуртлар мева ёнлигининг эти билан озиқланади ёки ёш новдаларга ўтади, ёш новдалар зарарланиб, қуриб қолади. Қурт ўзи еган ёнғоқдаги йўлларни ахлати билан тўлдиради ва бундай ёнғоқни еб бўлмайди; қуртлар ахлатини қисман ташқарига чиқаради. Бу ёнғоқнинг зарарланганлигини яққол кўрсатиб туради.
Тўкилган ёнғоқдан чиққан қурт ўтлар орасида ва кесаклар орасида ғумбакка айланади, агар ёнғоқ тўкилмаган бўлса, унинг юзасида ёки ёнғоқ шохларида ғумбакка айланади. Қуртларнинг бир қисми пилла ўрагандан кейин келгуси йил кўкламгача диапаузага киради; кўпчилик қисми эса ғумбакка айланиб, капалак чиқаради. Бу капалаклар бўғини пилла урайдиган даражагача ривожланиб улгуради.
Шундай қилиб, ёнғоқ қурти йилига қисман иккита, қисман битта бўғин беради, иккинчи бўғин қуртлари аксари ёнғоқнинг пўчоғи анча қотган даврда пайдо бўлиб, асосан мева ёнлигининг эти билан озиқланади, шунинг учун улар биринчи бўғин қуртларига қараганда камроқ зарар етказади.
Кураш чоралари. Иккинчи бўғин қуртларига қарши кураш учун дарахтларнинг танасига похол, қоп белбоғ боғлаб қўйиш тавсия этилади. Бу ҳашаротнинг вояга етган капалакларига ва биринчи бўғин қуртларига қарши кураш учун дарахтларга ДДТ нинг сувдаги 5 % ли суспензиясини пуркаш фойдалидир (аммо дори ғумбакка айланиш учун жой ахтараётган қуртларга қарши ишлатилмайди). Дори дарахтлар ёнғоқ тўккан даврда пуркалади, бу-кўкламги капалаклар тухум қўядиган даврга тўғри келади. ДДТ суспензияси дарахтларнинг ёшига ва катталигига қараб гектарига 5000 л дан 15000 л гача сарфланади. Бу вақтда ДДТ дустини гектapиra 30-50 кг дан ишлатиш ҳам фойдалидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |