ЧЕТ МАМЛАКАТЛАРДАН КЕЛИБ ҚОЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН ЭНГ АСОСИЙ ЗАРАРКУНАНДАЛАР
Ушбу параграфнинг бошида эслатилган Калифорния қалқандори (Diaspiriiotus pernitiosus Komst.) ва белбоғли сохта қалқондор (Didesmococcus unifasciatus Arch.) Марказий Осиёнинг айрим жойларида учрайди. Булардан ташқари, ток унсимон қурти (Pseudococcus citri Risso; шу бобнинг 4-параграфига қаралсин), комсток қурти (Pseudococcus comstocki Kuw.; VIII бобга қаралсин), Марказий Осиёда учрамайдиган япон таёқчасимон қалқондори (Leucaspis japonica Ckll. аввалги параграфга қаралсин), тут қалқондори (Pseudaulacaspis pentagona Targ.; VIII бобга қаралсин); зайтун сохта қалқондори (Saissetia oleae Burm.; келгуси параграфга қаралсин) ва япон бузоқбоши қўнғизи, Америка оқ капалаги (Hyphantria cunea Drury) ички карантин аҳамиятига эга бўлиши мумкин. Япон камфора қалқондори (Pseudaonidia duplex Ckll.), шарқ мева қурти (Laspeyresia molesta Busk.; l-параграфга қаралсин), япон қўнғизи ва Ўрта денгиз мева пашшаси боғларнинг жиддий зараркунандалари ҳисобланади.
Япон қўнғизи
Popillia japcnica Newm.
Зарари. Вояга етган қўнғизлар жуда катта тўп бўлиб, кўпгина боғ, дала, полиз ўсимликлари, манзарали ўсимликлар ва ток баргларини шипшийдам қилиб қўяди. У данакли мева дарахтларига айниқса катта зарар етказади, қолаверса дарахтларнинг ҳамма баргини еб қўяди, натижада дарахтлар жуда қувватдан кетади, ҳосилини камайтиради ёки тамомила ҳосил бермайди, тузук ўсмайди, қувватдан кетган дарахтларга иккиламчи зараркунандалар-пўстлоқ ости қўнғизлари ва олтин қўнғизлар кўпроқ тушади. Қўнғизлар меваларга ҳам зарар етказади. Қўнғиз личинкалари турли ўсимликларнинг илдизлари билан озиқланиб ҳам зарар келтиради.
Тарқалиши. Япон қўнғизининг қадимий тарқалиш жойлари Узоқ Шарқда Япония, Шимолий Хитой, Корея мамлакатларидир. Бу ҳашарот Америка Қўшма Штатларининг шарқий қисмларига ҳам ўтиб, жуда катта зарар етказмоқда.
Таърифи. Қўнғиз 7-10 мм катталикда, кенг овал шаклида, мўйловлари пластинкасимон бўлади. Ранги яшил бўлиб, металлдек товланади, қанотустликлари мисдек жигар ранг, қўнғизнинг усти туксиз, остини қалин калта оч кул ранг тук босган, пигидиясида оқ туклардан иборат 5 та ён доғи ва 2 та орқа доғи бўлади. Қўнғизнинг бошида ва орқасининг олди қисмида нуқта шаклидаги кўпгина чуқурчалари бор. Қанотустликлари бўйлаб қўшалоқ нуқтали эгатлар ўтади. Эркакларининг болдирларидаги тиканларнинг учи ўткир, урғочиларининг болдирларидаги тиканлар эса тўмтоқланган; эркагининг панжаларидаги тўрт бўғимининг ҳаммаси ҳам баб-баравар, урғочи ҳашаротнинг биринчи бўғими жуда узун бўлиб, бошқа ҳамма (учта) бўғимларникидан ҳам ошади.
Тухумнинг катталиги тахминан 1,5 мм, ранги оқ ёки сарғиш, шакли чўзинчоқ. Личинкаси этли, гунгурт оқ тусли, пластинка мўйловли қўнғизлар учун типик хусусиятга эга, яьни тақага ўхшаб букилгандир. Личинка тухумдан чиққан пайтида узунлиги 1,5 мм бўлади, сўнгги ёшида 2,5 см гача боради. Fумбаги эркин бўлиб, катталиги 14 мм ва йўғонлиги 7 мм келади, жигар ранг тусли.
Do'stlaringiz bilan baham: |