Ҳаёт кечириши. Ўрик тунлами йўғон шохларнинг пастки ва ён юзаларига ҳамда дарахт танасининг шохлар яқинидаги қисмига 2-6 тадан тизилган тухумлик стадиясида қишлайди. Тухумлари оч кул ранг тусли чанг билан ёпилиб туради, урғочи ҳашарот бу чангни қорнининг учидаги туклари ёрдами билан ўрик пўстлоғидан йиғиб олади ва ёпишқоқ ахлати билан маҳкамлаб қўяди.
Қуртлар кўкламда барглар ёзилишдан сал олдин пайдо бўлади, улар юзада овқатланмай, куртакларнинг ичини ўйиб киради. Ёзилган баргларни тунлам қуртлари ўргимчак иплари билан ёпиштириб тешиб қўяди. Тунлам қуртлари гулларнинг оталик оналик ипларига, тугунчасига зарар етказади. Улар ғўраларнинг этини ва мағзини ейди. Зарарланган меваларда тўғри юмалоқ тешиклар, баъзан нотўғри шаклдаги кенг ва чуқур чақалар кўринади. Тунлам қуртлари тунда озиқланади, кундуз кунлари эса ўргимчак ини билан бириктирилган барглар орасида бўлади.
Тунлам қуртлари бир ойдан кейин ривожланишни тугаллаб, ерга тушадида, хазонлар тагида ёки тупроқ юза қаватида пилла ўрайди ва 2-7 кундан кейин ғумбакка айланади. Қуртлар боғ деворларининг бурчакларида ва ёриқларида ҳам, дарахтларнинг пўстлоқ ёриқларида ҳам пилла ўраб ғумбакка айланади. Ғумбакка айланишдан 2-3 ҳафта кейин ғумбаклардан вояга етган капалаклар учиб чиқади.
Капалаклар кечқурун соат 9 дан кечаси соат 2 гача учади, тунда улар лампага ёпирилиб келади. Кундуз куни капалаклар дарахтларнинг пастки томонида ва танасида қимирламай ётади.
Тез орада капалаклар жуфтлашиб тухум қўяди. Урғочи капалак умрида 300-400 та тухум қўяди. Ўрик тунлами бир йилда битта бўғин беради.
Кураш чоралари. Ўрик тунламининг қатор тизиб қўйган тухумлари дарахтларнинг танаси ва шохларида яхши кўриниб туради, шунинг учун қишда ёки эрта кўкламда уларни қириб олиш ёки латта билан эзиб янчиш керак. Аммо бу усулда ҳашаротнинг бир озгина қисми йўқолади, чунки у дарахтнинг кўп жойларига тухум қўйган бўлади. Кўкламда, куртаклар бўртгунча 6 % ли карболинеум эмульсияси ёки 10 % ли минерал мой эмульсияларини пуркаш маъқул, чунки айни вақтда ўсимлик битларининг тухумлари билан кокцидалар ҳам нобуд бўлади.
Ғумбакларга қарши курашда дарахтлар остидаги тупроқни яхшилаб юмшатгандан кейин боғларга сув бостириш фойдалидир. Тунлам қуртларига қарши кураш учун дарахтларга 10 % ли ДДТ дустининг сувдаги 2 % ли суспензияси ёки ҳўлланувчи 30 % ли ДДТ порошогининг 1 % ли суспензияси пуркалади. Дори ердан туриб пуркалганда шох-шабба қалинлигига қараб гектарига 2500-4000 л суюқ дори кетади, самолётдан туриб эса ДДТ дустининг 10 % ли суспензияси гектарига 150-250 л ҳисобидан пуркалади. ДДТ дусти самолётдан чангланганда гектарига 40-60 кг ҳисобидан сарфланади. Дарахтлар гуллаган даврда гулларни ҳашаротлар чанглашига тўсқинлик қилмаслик учун ДДТ ишлатиш ярамайди.
Ҳар бир айрим ҳолда самолётдан дори пуркаш масаласини маҳаллий ҳокимият органлари билан келишиб ҳал этиш керак. Ипак қуртларининг озиғи-тут дарахтларининг яқинида самолётдан дори сепиш ярамайди.
Боғда ўрик тунламидан ташқари ўрик филчаси ҳам бўлса, ДДТ дустининг 2 % ли суспензияси ўрнига 3 % ли суспензиясини пуркаш керак.
Боғдаги дарахтларга клястероспороз (данакли меваларга доғ тушиши) касаллиги ва тунлам тушган бўлса, суспензияни сувда эмас, балки бордо суюқлигида тайёрлаш керак: дарахтлар гуллагандан кейин 1 % ли суспензия ва куртаклар ёзилгунча 3 % ли суспензия пуркалади.
Ўрик тунламининг қуртларига қарши курашда, ДДТ препаратларидан ташқари, пиретрум экстракти ҳам ишлатилади, бу дори дарахтлар гуллагандан кейин 7 ва 17 кун ўтказиб, икки марта пуркалади, эритма 1 л сувга 2 % ли пиретрум экстрактидан 2 г ва совундан 2 г қўшилиб тайёрланади. Дори пуркашдан кейин тўкилган қуртларни эзиб ташлаш керак, чунки улардан кўплари маълум вақтдан кейин жонланиб, яна дарахтларга чиқиб олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |