Лавлаги шарқ чипор узунбуруни
Chromonotus confluens Fahrs.
Зарари. Бу зараркунанда кўплаб пайдо бўлганда (катта лавлаги узунбуруни билан бирга), айрим участкалардаги лавлаги майсаларини бутунлай нобуд қилган ҳоллар кўрилган (Родд, Гуссаковский ва Антова маълумоти). Шарқ чипор узунбуруни қўриқ ер участкасига ёндош лавлаги пайкалининг четларида, олабута ва ёввойи гултожихўроз ўсган жойларда учраб туради. Ўт босган полизда бу зараркунанда, айниқса ош лавлагини қаттиқ зарарлайди.
Тарқалиши. Бу зараркунанда Арманистонда, Марказий Осиёда ва Қозоғистонда борлиги аниқланган.
Таърифи. Бу шарқ чипор узунбуруни 12 мм катталикда бўлиб, гавдаси чўзиқ, қанотустлигининг икки томони деярли параллел; найча бошининг ўртасида қирраси бор; мўйлови жойлашадиган ён эгатча кўзи остида сал эгилади; мўйловининг учинчи бўғими (қисми) иккинчисидан узунроқ. Узунбурун асосан қора тусда бўлиб, гавдасининг сирти оқиш тук ва тангачалар билан қалин қопланган; орқасининг олди бўйлаб тўртта сербар қора йўл ўтади, бундай йўллар қанотустлиги ўртасидан ҳам ўтади.
Ҳаёт кечириши. Лавлаги шарқ чипор узунбурунининг биологияси ҳозирча яхши текширилган эмас. Вояга етган қўнғизлар далада лавлаги майсаси билан бирга пайдо бўлади, яъни бегона ўтлардан лавлаги майсасига ўтади. Табиатда бу ҳашарот тоғ этагидаги соғ ва гил тупроқли ерларда учрайди. Бу зараркунанда лавлагининг янги чиққан баргларини еб ёш пояларини кемиради.
Тухумини илдизнинг тупроқдан чиқиб турган қисмига ҳамда барг бандннинг ост томонига учта-бештадан қилиб тизиб қўяди. Қўйилган тухумнинг устини тупроқ билан беркитиб—қотирма қилиб қўяди.
Кураш чоралари. Бу зараркунандага қарши курашда лавлаги оддий узунбурунига қарши қўлланиладиган тадбирлардан фойдаланилади.
Лавлаги оддий узунбуруни
Bothynoderes punctiventris Germ.
Зарари. Оддий узунбурун қадимдан лавлаги экиб келинган минтақаларда (Украинада, Россиянинг қора тупроқ зонасида, Россиянинг Европа қисмининг шарқи-жанубида) лавлагига энг кўп зарар етказадиган зараркунанда ҳисобланади; Марказий Осиё ва Қозоғистон ерларида эса кам учрайди.
Вояга етган узунбурун (қўнғиз)лар лавлаги майсасини, личинкалари эса лавлаги илдизини шикастлайди. Лавлаги узунбурун қўнғизи ва личинкалари кўпайиб кетганда анча катта майдондаги лавлаги ҳалок бўлади ёки пайкалнинг айрим жойлари яланғоч бўлиб қолади. Агар экин яхши ўсиб бақувватлашиб олган бўлса қуриб қолмайди, лекин ҳосили жуда камаяди, масалан, лавлагининг оғирлиги 5—8 марта камаяди, қанди ҳам 1 % ва ундан кўпроқ озайиб кетади.
Тарқалиши. Бу зараркунанда Марказий Осиёнинг шимолий қисмида, Қозоғистонда, Ғарбий Европанинг Ўрта ва шарқи-жанубий минтақаларида ҳамда Россиянинг Европа қисмининг 54° шимолий кенгликкача бўлган жойларида учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |