3. Табиатан зеҳни паст ва ёвўз болаларга айниқса қатъий эътибор берилиши лозим. 4. Баъзи болалар зеҳни паст, анқов бўлиб туғиладилар, лекин бу нарса уларни ўқитиш, тарбиялаш учун тўсиқ бўла олмайди. Бу хол инсон ақлини ўстиришнинг универсал йўлларини қидириб топишни тақозо қилади. Тўғилишдан зеҳни паст, анқовроқ бўлган болаларга кўпроқ эътибор бериб, имкони борича уларнинг фақм-фаросати ва ақлини ўстириш зарур.
Бинобарин, таълим-тарбия (култура) мутлақо таъсир этмайдиган эси паст одам топилмайди. Тешик идишда сув турмаса ҳам, уни тез-тез ювиб турилса, доғи кетиб тоза бўлади, шунга ўхшаш, зеҳни паст, анқов болалар ўқитилса, ҳеч олим бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, характерлари ўзгаради, давлат бошлиқлари ва черков ақлларига итоат киладиган бўлади. Бундан ташқари, тажрибадан ҳам маълумки, табиатан бўш ҳисобланган айрим болалар, илм-фанни ўрганиб, истеъдодли одамлардан ҳам ўзиб кетган, чунки шоир жуда тўғри айтганидек «Ҳормай-толмай қилинган меҳнат ҳаммадан ғолиб чиқади». Бугина эмас, баъзилар ёшликда жуда соғлом бўлиб, сўнгра касалланиб, ориқлай бошлайди, бошқа бировлар эса, аксинча, ёшликда кўпроқ касал бўлиб, кейинчалик бақувват ва забардаст бўлиб етишади. Худди шундай ҳол ақлий қобилият соҳасида ҳам бўлади: бировларнинг ақли тез ўсади, лекин тез бўшашиб ҳам қолада, кўп ўтмай зеҳни ҳам анча пасаяди, бошқа бировлар эса, аксинча, ёшликда зеҳни паст бўлиб, сўнгра фикри очилади, ақли тез ўсиб ривожланадп. Мевазор боғда дарахтларни фақат эртапишар хилигина эмас, балки ёзнинг ўрталарида ва кечроқ етилиб пишадиган хилларини ҳам экиб ўстиришни севамиз, чунки Сирах айтганидек ҳар нарса ўз вақтида бўлгани маъқул, ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлса ҳам бўлгани яхши. Нега энди, илм боғига фақат истеъдодли, тез етишадиган ва ҳаракатчан болаларнигина қўймоқчи бўламиз? Келинг, (худой-таолло ақлдан маҳрум этганлардан ташқари) ҳеч кимни таълим ва тарбиядан четда қолдирмайлик.
Шунингдек хотин-қизларни ҳам ўқитиш керакми? 5. Ожизаларни мактабда мутлақо ўқитмаслик керак деган фикрни асослаб бўлмайди. (ўқиш латин тилида ёки она тилида олиб борилишидан қатъй назар). Хотин-қизлар ҳам худой-таоллонинг образи намунасидир. Улар ҳам жаннатнинг ҳузур-ҳаловатидан баҳраманд бўлиши лозим. Улар ҳам эрлар сингари (кўпинча эрлардан ортиқроқ) ўткир ақл-идрокка эга. Эрлар қатори энг юқори лавозимларни бажаришга сазавор, худонинг хоҳиши билан улар кўпинча халқларга бошчилик қилиб, подшох ва князларга доно маслаҳатлар бериб келадилар, ҳакимлик ва инсонларга фойда келтирадиган бошқа ишларни бажарадилар, ҳатто пайғамбарлик қилиб, поп ва епископларнинг кирдикорларини фош этиб келмоқдалар. Хўш, нега хотин-қизларга алифбени ўргатамиз-у, сўнгра уларнинг китоб ўқишига йўл қуймаймиз? Уларнинг енгилтаклигидан қўрққанимиз учунми? Аксинча, уларнинг ақлини фойдали нарсалар билан қанчалик кўп банд этсак енгилтаклик қилиш шунчалик камаяди, чунки енгилтаклик бекорчиликдан келиб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |