II боб юзасидан хулоса
Биринчидан, шеърий драма жаҳон адабиётининг бадиий-эстетик тажрибалари, унда кечган турли трансформацион ва синкретлашув жараёнлари маҳсули сифатида шаклланди ва бадиий тараққий этди. Айниқса, адабий жанрларда кузатилган синкретизм дастлаб санъатшунослик термини сифатида қўлланилган. Бу адабий ҳодиса антик давр адабиётида, аниқроғи, шеърий шаклда ёзилган драматик асарлар бағрида ўзини намоён этган. Адабиётшуносликда эса термин сифатида ХIХ аср ўрталарида қўллана бошлаган ва кўпроқ уч асосий адабий хусусиятлари уйғунлигини англатган.
Иккинчидан, Абдурауф Фитрат ҳам шеърий драмага хос синкретизм хусусиятини мусиқа ва саҳна элементларига боғлайди ва бунда безакларнинг аниқлиги, мусиқа ва ёруғликнинг меъёри масаласига эътибор қаратади. Драматург буни амалда исботлаб, мазкур жиҳатларни, шу билан бирга, мумтоз драмага сатира, аниқроғи, ҳажв ва танқид, пичинг ва киноя, кесатиқ руҳини “Шайтоннинг тангрига исёни” асарига сингдира олди.
Учинчидан, ХХ аср ўзбек адабиётида яратилган шеърий драмаларда ўзбек халқи тарихининг муҳим қатламлари қаламга олинган ва тарихий шахслар образини бадиий гавдалантиришга, шу йўл билан миллий истиқлол илдизларини очишга, миллий ғурур туйғулари психологиясини ёритиш асосий тенденцияга айланди. Бу жиҳатдан Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий”, Уйғуннинг “Беруний”, Ҳ.Олимжоннинг “Муқанна”, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон”, Иқбол Мирзонинг “Самарқанд сайқали”, Усмон Қўчқорнинг “Имом Бухорий” каби асарлари бой материал бера олади.
Тўртинчидан, тарихий ҳақиқат ва бадий тўқима уйғунлигида яратилган бу асарларда ўзбек халқи тарихининг муҳим қатламлари, узоқ мозий саҳифалари қаламга олинган. Ижодкорлар шу йўл билан миллий истиқлол илдизларини очишга, миллий ғурур туйғулари психологиясини ёритишга эришдилар. эътибор берилди.
Бешинчидан, ХХ асрда яратилган шеърий драмаларда тарихий воқеликнинг бадиий ифода этилиши, инсон омилини юксакликка кўтаришга интилиш кайфияти устуворлиги, фалсафий теранлик ва конфликтнинг чуқурлиги каби муҳим хусусиятлар кўзга ташланади. Бинобарин, шеърий драма мавзу кўламдорлиги, катта инсоний тақдирлар тасвири жиҳатида роман жанрига асарларга яқинлашди.
Олтинчидан, Иккинчи жаҳон уруши даврида юртпарварлик, қаҳрамонликни мадҳ этувчи асарларнинг ўзига хос бадиий тизими яратилди. Жумладан, авлод-аждодларимизнинг Ватан озодлиги йўлидаги мислсиз жасоратини, қаҳрамонликнинг шонли саҳифаларини тасвир этиш маънавий эҳтиёжга айланди. Шу жиҳатдан Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна”, Ойбекнинг “Маҳмуд Торобий”, М.Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” шеърий драмаларида юрт озодлиги учун курашган мард ўғлонлар образларини бадиий гавдалантирилдики, бу жанг майдонларида жон олиб жон бераётган йигитларимизга, фидоий ҳалқимизга ибрат, намуна бўлиб хизмат қилди.
Еттинчидан, ХХ асрда яратилган замонавий мавзудаги шеърий драмаларда асосий эътибор ташқи оламга эмас, инсоннинг ички (ботиний) оламига қаратилди. Уларда реал ҳаёт шахснинг эҳтиросли ҳислари орқали, юракларни ларзага солувчи оний лаҳзалар тасвири орқали китобхонга етказилганлиги кузатилади. Хусусан, У.Носирнинг “Атлас”, Э.Воҳидовнинг “Истанбул фожиаси” асарлари бу жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этди.
Саккизинчидан, “Атлас” драмасида ёшлар ҳаёти мавзу қилиб танланган бўлса-да, унинг ботинида ўша давр фожиаларини англаш ва унга киноявий муносабат билдириш руҳи устуворлик қилади. Чунки Усмон Носирнинг собиқ тузумдан бениҳоя озор чекканлиги маълум. Бу асар мавзуси ва мазмуни жиҳатидан Ҳ.Олимжоннинг “Зайнаб ва Омон” достони воқеаларига ҳамоҳанг эканлигини ҳам таъкидлаш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |