Ёрдамчи методлар
Суҳбат методи билан инсон психикасини ўрганишда фойдаланилди. Унинг мақсади ва вазифаси белгиланади. Суҳбатнинг объекти ва субъекти танланади, мавзу ўтказиладиган вақти аниқланади, якка шахслар, гуруҳ ва жамоа билан ўтказиш режалаштирилади, ўрганилаётган нарса билан боғлиқ савол-жавоб тартиби тайёрланади. Суҳбатнинг бош мақсади маълум бир вазият ёки муаммони ҳал қилиш жараёнида инсон психикасидаги ўзгаришларни ўрганишдир. Суҳбат орқали турли ёшдаги одамларнинг тафаккури, ақл-заковати, хулқ-атвори, қизиқиши, билим савияси, эътиқоди, дунёқараши, иродаси тўғрисидаги маълумотлар олинади. Суҳбат чоғида ўзаро изчил боғланган саволлар берилади.
Суҳбат методидан тўғри фойдаланиш ва ундан кутиладиган натижага эришиш суҳбат ўтказиш учун пухта тайёрланишга боғлиқдир. Суҳбат методи қуйидаги шартларга риоя қилишни талаб этади.
Ўтказилган суҳбатнинг мавзуси ва мазмуни синалувчининг тараққиёт даражаси ҳамда ёш хусусиятларига мос бўлиши керак.
Суҳбат пайтида синалувчиларга берилган саволлар мазмунан яхшилаб ўйлаб олиниши лозим.
Суҳбат пайтида берилган саволларга “ҳа”, “йўқ” каби қисқа тарзда эмас, балки батафсил жавоб олишга эришиш керак.
Синалувчилар зерикиб ёки толиқиб қолмасликлари учун суҳбат ҳаддан ташқари чўзилиб кетмаслиги лозим.
Суҳбат методининг юқорида таъкидланган ижобий жиҳатлари билан бирга айрим заиф томонлари ҳам мавжуд. Такрорланган сўзлар, “ғализ” иборалар нутқнинг тезлиги, фикрнинг мавҳумлиги, зерикарлилиги, муваффақиятсизликка сабаб бўлади. Шунингдек, савол-жавобнинг бир хил шаклда эмаслиги синалувчида ўзига хос ишлаш услуби ошкораликнинг етишмаслиги, ийманиш, уялиш атрофлича маълумотлар олишни қийинлаштиради ва шу сабабли бошқа методларга мурожаат қилишга тўғри келади.
Фаолият маҳсулини таҳлил қилиш методи
Инсон хотираси, тафаккури, қобилияти ва хаёлининг хусусиятларини аниқлаш мақсадида бу метод фаолият психологиясида кенг қўлланилади. Болалар чизган расмлар, ясаган ўйинчоқлар, моделлар, ёзган шеърларини таҳлил қилиш орқали уларнинг мантиқий хотираси, тафаккури, техник, бадиий ва адабий қобилияти, ижодий хаёли юзасидан материалларни қўллаш мумкин. Мазкур методдан фойдаланишда маҳсулотни яратган шахс бевосита иштирок этмайди. Объект билан субъект ўртасида мулоқот ўрнатиш учун шахснинг психикаси тўғрисида сиртдан маълум ҳукм, хулоса чиқарилади.
Ижодий фаолият маҳсулларини таҳлил қилиш орқали болалар, ўқувчилар, талабалар, конструкторлар, олимлар, ҳунармандлар, ишчилар психик хусусиятлари тўғрисида маълумотлар тўплаш мумкин. Лекин инсондаги психик ўзгаришлар камол топиш ва уларнинг кечишини ифодаловчи материаллар йиғиш учун бу методнинг ўзи етмайди. Шунинг учун инсон психикасини ўрганиш мақсадида бошқа методлардан ҳам фойдаланиш маъқул.
Тест методи – “Тест” инглизча сўз бўлиб синаш текшириш демакдир. Шахснинг ақлий ўсишини, қобилиятини, иродавий сифатлари ва бошқа психик хусусиятларини текширишда қўлланиладиган қисқа стандарт масала, топшириқ тест деб аталади. Тест айниқса, одамнинг қандай касбни эгаллаши мумкинлиги, касбга яроқлилиги ёки яроқсизлигини, истеъдодлилар ва ақли заифларни аниқлашда кенг қўлланилади. Тест методининг қиммати тажрибанинг илмийлик даражасига текширувчининг маҳоратига ва қизиқишига, йиғилган психологик материалларнинг объективлиги ва уларни илмий таҳлил қилишга боғлиқдир.
Биография (таржимаи ҳол) методи − инсон психикасини тадқиқ қилиш учун унинг ҳаёт фаолияти, ижодиёти тўғрисидаги оғзаки ва ёзма маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Бу борада кишиларнинг таржимаи ҳоли, хотиралари, эсдаликлари, ўзгалар ижодига берган баҳолари, тақризлари алоҳида ўрин эгаллайди. Шу билан бирга ўзгалар томонидан тўпланган таржимаи ҳол ҳақидаги материаллар, эсдаликлар, хатлар, расмлар, тавсифлар, баҳолар, магнитафон овозлари, фотолавҳалар, ҳужжатли филмлар ўрганилаётган шахсни тўлиқроқ тасаввур этишга хизмат қилади.
Таржимаи ҳол маълумотлари инсон психикасидаги ўзгаришларни кузатишда унинг суҳбат ва тажриба методлари билан ўрганиб бўлмайдиган жиҳатларини очишга ёрдам беради.
Сўровнома методи − психологияда кенг қўлланиладиган методлардан биридир. Унинг ёрдамида турли ёшдаги одамларнинг психологик хусусиятлари нарса ва ҳодисаларга муносабатлари ўрганилади. Сўровнома одатда 3 хил тузилишда бўлади. Уларнинг биринчиси англанган мотивларни аниқлашга мўлжалланган саволлардан тузилади. Иккинчи хилида ҳар бир саволнинг бир нечтадан тайёр жавоблари берилади. Учинчи турида синалувчига ёзилган тўғри жавобларни баллар билан баҳолаш тавсия этилади. Сўровномадан турли ёшдаги одамларнинг лаёқатларини, муайян соҳага қизиқишлари ва қобилиятларини, ўзига, тенгдошларига, катта ва кичикларга муносабатларини аниқлашда фойдаланилади.
Социометрик метод. Бу метод кичик гуруҳ аъзолари ўртасидаги бевосита эмоционал муносабатларни ўрганиш ва уларнинг даражасини ўлчашда қўлланилади. Бунга Америкалик социолог Дж.Морено асос солган. Мазкур метод ёрдамида муайян гуруҳ аъзоларининг бир-бирлари билан муносабатини аниқлаш учун унинг қайси фаолиятда ким билан бирга қатнашиши сўралади. Олинган маълумотлар матрица, график, схема, жадвал шаклида ифодаланади. Улардаги миқдор кўрсаткичлар гуруҳдаги кишиларнинг шахслараро муносабатлари тўғрисида тасаввур ҳосил қилади. Бу маълумотлар гуруҳий муносабатларнинг ташқи кўринишини акс эттиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |