14.3. Асаб тизиминингтузилиши ва психика Бир ҳужайрали, масалан, амёба каби организм на овқатни идрок этиш учун, на уни излаш учун, на уни ҳазм қилиш учун ҳеч қандай ихтисослашган аъзоларга эга эмас. Ёлғиз биттагина ҳужайранинг ўзи ҳам сезувчи, ҳам ҳаракатланувчи, ҳам овқат ҳазм қилувчи аъзо бўлса керак. Кўриниб турибдики, амёбанинг ҳаёт кечириш имкониятлари унинг овқат қидириб топиш ва ўз ҳаётини сақлаб қолиш қобилияти ўта чеклангандир. Юксак тараққий этган ҳайвонларда аъзоларнинг ихтисослашуви озиқани фарқлаш, хавф-хатарни жуда тез ва аниқ сезиш имконини беради. Ихтисослашувнинг яккаю-ягона функцияси сигналларни идрок этишдан иборат ҳужайраларнинг пайдо бўлишида ўз ифодасини топади. Бу ҳужайралар рецепторлар (ташқи муҳитнинг таъсирини қабул қилувчи аппарат) деб аталмиш ҳужайралар гуруҳини ташкил этади. Бошқа ҳужайралар мушак тўқималари ишини ёки турли хил безларнинг шира чиқаришини ўз зиммасига олади. Бундай ҳужайралар эффекторлар дейилади. Аммо ҳаёт аъзолар ва функциялар ўртасида узлуксиз алоқа бўлишини. ҳаракатларнинг теварак-атрофдаги нарсалардан ва организмнинг ўзидан бўладиган сигналлар оқими билан келишилган бўлишини тақозо этаётган бир пайтда ихтисослашув аъзолари ва функцияларни бир-биридан ажратади. Бунга организмнинг асосий «бошқарув пульти» − яхлит бир бутун нарса сифатида ҳаракат қиладиган марказий нерв тизими воситасида эришилади.
Асаб тизими тузилишининг умумий ўрни барча умуртқалиларда бир хилдир. Унинг асосий элементлари нерв ҳужайралари ёки нейронлар бўлиб, уларнинг вазифаси қўзғатишдан иборатдир. Нейрон унинг таначасидан ва таначанинг шохлаб кетган ўсимталари қўзғатишни қабул қилувчи − дендритлардан ва қўзғатишни бошқа нейронларга ўтказадиган толалар − аксондан таркиб топади. Аксоннинг дендритлар билан ёки бошқа нейронларнинг унинг танаси билан боғланадиган нуқта синапс деб аталади. Шу нуқтада нейронлар ўртасида функционал боғланиш юз беради. Нерв тизимидаги янги боғланишларнинг ҳосил бўлиш механизмини тушунтириб беришда синапс ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу боғланишларни ҳосил қилишда синапслардаги ўзгаришлар (кимёвий ёки структуравий ўзгаришлар) туфайли қўзғатиш импульсларини муайян йўналишда танлаб ўтказиш таъминланади. Синапс − қўзғалиш бўйича қўйилган ўзига хос тўсиқ бўлиб, қўзгалиш уни енгиб ўтиши керак. Баъзи тўсиқларни енгиш осонроқ, бошқаларини эса қийинроқ, айрим ҳолларда иккала йўлдан бирини танлашга тўғри келади.
Нейронларнинг бир қисми қўзғалишни рецепторлардан марказий нерв тизимига, бошқа қисми ундан эффекторларга ўтказадилар, лекин нейронларнинг аксарият кўпчилиги марказий нерв тизимининг ўзида унинг турли жойлари ўртасида алоқа боғланишига хизмат қилади. Марказий нерв тизимининг ўзи эса икки қисмдан − бош мия ва орқа миядан ташкил топгандир.
Бош миянинг юқори қисми олти қават нейронлар (10 миллиардга яқин) билан қопланган ҳамда пўстлоқ деб аталадиган катта ярим шарларни ҳосил қилади. Пўстлоқ − психик фаолиятнинг энг муҳим (лекин яккаю-ягонаси эмас) органидир. Ярим шарлардан пастроқда, энса қисмида мияча жойлашган бўлиб, унинг функциялари ҳали етарлича ўрганилмаган. Унинг мушаклар ҳаракатини уйғунлаштиришда жиддий роль ўйнаши маълум. Катта ярим шарларга мия найчаси келиб тақалади. Найчанинг юқори қисми − таламус орқа миядан катта ярим шарларга борадиган барча нерв йўллари учун «оралиқ станцияси вазифасини бажаради. Найчанинг пастки қисми − гипоталамус сув алмашинувини, овқатланиш эҳтиёжини ва организмнинг бошқа функцияларини бошқариб турадиган марказлардан таркиб топгандир.
Марказий нерв тизимининг тилга олинган барча қисмлари мураккаб тузилишга эга бўлиб, уни ўрганиш ва таърифлаш билан анатомия ва гистология шуғулланади.
Ҳозирги замон фанида мавжуд тасаввурларга қараганда, орқа мия ва мия найчаси рефлектор фаолиятининг асосан туғма (шартсиз рефлекслар) ҳисобланган шаклларни амалга оширади, катта ярим шарларнинг қобиғи эса ҳаёт кечириш жараёнида орттириладиган ва психика томонидан бошқариладиган хулқ-атвор шакллари органи ҳисобланади.
Тананинг ҳар бир сезувчи аъзоси (тери, кўзнинг тўр пардаси ва шу кабилар) ва ҳар бир ҳаракат аъзоси мияда ўзининг хусусий марказларига эгадир. Фақат рецепторларга ва эффекторларга эмас, балки периферияда рўй берадиган нарсаларнинг тасвирини йириклаштириб хабар қиладиган мия ҳужайраларига ҳам хос бўлган ихтисослашув ҳозирги замон жарроҳлик техникаси ва қобиқни электр ёрдамида қўзғатиш методи (унга жуда ҳам нафис электродларни киритиш йўли билан) орқали батафсил ўрганилган.
Шу хилдаги кўплаб тажрибалар ҳайвонларда ўтказилди. Одамга келганда шуни айтиш керакки, соғлом кишиларнинг миясида жарроҳлик билан боғлиқ биронта ҳам эксперимент ўтказилмайди, албатта. Фақат айрим операциялар чоғида нейрохирурглар мияни электродлар ёрдамида текшириб кўриш имкониятига эга бўлишади. Мияда оғриқ нуқталар йўқлиги сабабли бундай тажриба чоғида беморда ҳеч қандай ёқимсиз сезги рўй бермайди. Айни чоғда у эс-ҳушини йўқотмаган ҳолда қўзғатиш жараёнида нималарни ҳис этганини врачга айтиб бериши мумкин. Бу метод ёрдамида шу нарса аниқландики, бир хил нуқталарни қўзғатиш натижасида тортилиши, бошқаларида кўриш, эшитиш, тери сезгиларига таъсир қилиши кузатилади. Сезувчи ва ҳаракат нервларининг «охирги станциялари» мияда муайян бир тартибда жойлашганлиги, шу билан бирга организмнинг барча қисмлари ҳам мияда бир хилда ўрин эгалламаганлиги аниқланди.
Инсон катта ярим шарлар қобиғининг анчагина қисмини қўл бармоқларни, айниқса унинг одамдаги бошқа барча бармоқларга қарама-қарши қўйилган бош бармоқ фаолияти билан боғлиқ ҳужайралар, шунингдек нутқ органлари − лаб ва тил мушаклари функцияси билан боғлиқ ҳужайралар эгаллайди. Шундай қилиб, одамнинг катта ярим шари қобиғида меҳнатда ва муомалада асосий функцияни бажарадиган ҳаракат аъзолари анча кўп жойлашгандир.
Мия катта ярим шарлари ишининг умумий қонунлари И.П.Павлов томонидан аниқлаб берилган. Павлов ўтказган классик тажрибаларда итларда олдинлари фақат тегишли шартсиз қўзғатувчи (масалан, овқат)нинг бевосита таъсири остида юз берадиган физиологик реакцияга (масалан, сўлак оқишига) олиб кела бошлайдиган жуда ҳам хилма-хил сигналлар берадиган шартли рефлекслар ҳосил қилинган эди. Лекин И.П.Павловнинг таълимотини шу схема билангина чеклаб қўйиш нотўғри бўлур эди. Реал вазиятда (лаборатория шароитида эмас) ҳайвонлар озуқа қачон оғзига тушишини кутиб турмайди, балки уни излашга уринади, ҳаракат қилади, ҳаракатининг самарадорлигини текширади, хуллас шароитга актив мувофиқлашади.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда ва чет элларда олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, олий нерв фаолиятининг умумий қонуниятлари ҳайвонларнинг фаол ҳатти-ҳаракатида намоён бўлади.
Масалан, тугмачани чўқиганда дон тўкилган емакхонанинг эшиги очиладиган тажриба қутисига солиб қўйилган кабутар бир қанча вақт ўтмай бу вазифанинг уддасидан чиқа оладиган бўлиб қолади. Тугмача қуш учун шартли қўзғатувчи бўлиб қолади. Бу сигналга жавобан чўқиш ҳам И.П.Павловнинг тажрибаларидаги итнинг миясида қўнғироқ ёки нурга жавоб тариқасида сўлак безида ўзгариш юз бергани каби мажбурий зарурат билан содир бўлади.
Бош суяги қопқоғининг остига микроэлектродлар қўйиш йўли билан миядаги нерв тўқималарини бевосита қўзғатиш методи ёрдамида мия найчаларининг функцияларини ўрганишда эришилган ютуқлар кейинги йилларда психик фаолиятнинг физиологик механизмлари тўғрисидаги масалани янгича ёритишга олиб келди. Жумладан, мия найчаларининг қатор бўлмалари миянинг юқорида жойлашган бўлимлари учун энергия манбаи бўлиб хизмат қилиши аниқланди.
Мия найчаларини электр ёрдамида қўзғатиш билан бир қаторда унда эксперимент ўтказувчининг аралашувисиз, беихтиёр равишда ҳосил бўладиган биотокларни ёзиб олиш методи ҳам қўлланилади. Бу тажрибалар миянинг электр активлиги бир хил эмаслигини кўрсатди. Биотоклар ёзувининг характерига қараб одамнинг психик ҳолатидаги ўзгаришлар ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Мияда ҳосил бўладиган тўлқинлар турли частотадаги электромагнит тебранишларига ўхшайди. Уларнинг энг секинлари киши тинч-осойишта пайтида, кўзларини юмиб ўтирган, бетоқат бўлмасдан ва диққат-эътибори бўшашган ҳолатида кузатилади. Лекин бундай ҳолатда бўлган киши бирон-бир топшириқ (масалан, арифметикадан масала ечиш) берилса борми, унинг биотоклари дарҳол ўзгара бошлайди ва унда тўлқинлар тезлиги анча ошганлигини кўрсатадиган излар пайдо бўлади.
Мияда электроэнцефалограмма кўринишидаги кучайтиргич ёрдамида ёзиб олиш мумкин бўлган электр токлари пайдо бўлишининг кашф этилиши физиологлар ва врачлар учун ҳам психологлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Электроэнцефалограммалар миянинг фаоллиги қандай ўзгаришини кузатиш, бу ўзгаришларни психик жараёнлар билан таққослаш имконини беради. Биотоклар ёзуви гарчи мия ишининг мазмуни ҳақида эмас, балки фақат миянинг умумий биофизик ва биохимик фаоллиги ҳақида гувоҳлик берса ҳам бу тадқиқотлар жуда муҳим аҳамият касб этади. Шубҳасиз, улар мия ва психика ҳақидаги фанга бундан кейин ҳам жуда кўп янги ва қизиқарли нарсалар беради. Унинг учун ҳам фаолиятнинг турли хил шароитларида, жумладан, космик фазога учиш каби мураккаб шароитларда бўлган одамнинг миясидаги биотоклар синчковлик билан ўрганилаётганлиги тасодифий ҳол эмас. Космонавт миясининг биотоклари ёзуви унинг марказий нерв тизимида юз берадиган ўзгаришлар кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади. Биотоклар ёзувининг характерига қараб одамнинг уйқуси ва уйғоқлиги ҳақида, киши онгининг фаоллиги даражаси ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Одамдаги психик жараёнларнинг мияга оид механизмлари билан ҳайвонлар психикаси механизмлари ўртасида ўхшашлик кўп. Барча сут эмизувчиларнинг нерв тизими ва иши бир хил характерга эгадир. Унинг учун ҳайвонларнинг миясини ўрганиш фақат физиологияни эмас, балки психологияни ривожлантиришда ҳам фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, одам билан ҳайвоннинг психик фаолияти ўртасидаги тафовутлар фақат миқдор характерга эмас (бу етарлича аниқ-равшандир), балки сифат характерга ҳам эгадир. Бу тафовутлар киши организмининг бутун тузилиши ва функциясини тубдан ўзгартирган қудратли моддий омил − меҳнатнинг таъсири остида табиий йўл билан пайдо бўлгандир. Психиканинг органи − бош мия ҳам ўзгарди. Унинг ҳайвонлар миясидан сифат жиҳатдан фарқи юксалиш жараёнлари ва аввало, тафаккур механизмларини ўрнатиш пайтида яққол намоён бўлади. Бу жараёнлар сезги идрок жараёнлари сингари миянинг муайян қисмлари доирасида чекланиб қолмайди. Агар одамда қобиқнинг энса қисми шикастланган бўлса, унинг кўриш сезгиларини йўқотиши турган гап. Миянинг юксак билиш жараёнлари билан боғлиқ қисмлари шикастланиши бошқача характер касб этган. Бу ҳолда шикастланган қисмнинг функциясини бошқа бир қисм бажариши мумкин. Пластиклик, бир-бирининг ўрнини босиш ақлий ва нутқ фаолиятининг асосини ташкил этувчи нерв тўқималарига хос хусусиятдир.
Одамнинг психик ҳаётида катта ярим шарлар қобиғи сиртининг ўттиз процентини эгаллайдиган пешана қисмлари алоҳида роль ўйнайди. Пешана қисмларининг (касаллик, яраланиш ва шу кабилар оқибатида) шикастланиши хулқ-атворнинг оддий формаларига эмас, балки юксак формаларига таъсир кўрсатади. Масалан, пешана қисмлари шикастланган беморлар кўриш, нутқ, ёзиш қобилиятларини сақлаб қолиб арифметика масалаларини ечган ҳолда унинг шартларини таҳлил этишга уринмайдилар. Масалани ечиш режасини тузганларида охирги саволни тушириб қолдирадилар. Улар масалани ечимини унинг шарти билан солиштириб чиқмайдилар, ўз хатоларини сезмайдилар ва ҳоказо. Кўпгина клиник фактлар шуни кўрсатадики, миянинг пешана қисмлари шикастланиши ақлий қобилиятни сусайтириши билан бирга кишининг шахсияти доирасида, унинг характерида ҳам қатор бузилишларга сабабчи бўлади. Касалга чалинганига қадар хушмуомалалиги, вазминлиги билан ажралиб турган беморлар енгилтак, қизиққон, қўрс бўлиб қоладилар.
Психик функциялар муайян тарзда чап ва ўнг ярим шарлар ўртасида тақсимланган бўлиши аниқланди. Ҳар иккала ярим шарлар ахборотни образлар тарзида ҳам сўзлар тарзида ҳам қабул қилиш ва қайта ишлаш қобилиятига эга, аммо чап ва ўнг ярим шарларда у ёки бу функцияларнинг турлича даражада ифодаланиши − бош миянинг функционал ассиметрияси ҳам юз беради. Чап ярим шарнинг функцияси ўқиш ва ҳисоблашдан, умуман кўпроқ белгиларга асосланган ахборот (сўзлар, белгилар, рақамлар ва шу кабилар)га таянишидан иборатдир. Чап ярим шар мантиқий тузилишлар имкониятини таъминлайди, бусиз изчил аналитик тафаккур бўлиши мумкин эмас. Чап ярим шар фаолиятининг издан чиқиши, одатда нутқнинг бузилишига (сўзлаш қобилиятининг йўқолишига) олиб келади, нормал муомала имкониятини йўққа чикаради, нерв тўқималари оғирроқ шикастланганда − фикрлаш фаолиятида нуқсонлар содир бўлади. Ўнг ярим шар образи ахборотни ишга солиб, бўшлиқда мўлжал олиш, мусиқани идрок этилаётган ва тушунилаётган объектларга нисбатан ҳис-ҳаяжонли муносабатда бўлишга имкон беради. Ҳар иккала шар ўзаро боғлиқ ҳолда ишлайди. Функционал асимметрия фақат одамга хосдир. У одамда чап ёки ўнг ярим шарнинг нисбатан кўпроқ ишлашига олиб келаётган ва оқибатда унинг индивидуал-психологик характеристикасига таъсир кўрсатадиган муомала жараёнида шаклланади.
Бош мия юксак тараққий этган ҳайвонлар ва одам психикасини белгилайдиган даражада фаолият кўрсатадиган орган ёки тўғрироғи, органларнинг мураккаб тизимидир. Психиканинг мазмуни тирик мавжудот ўзаро муносабатда бўладиган ташқи олам билан белгиланади. Ташқи олам киши мияси учун шунчаки оддий биологик муҳит (ҳайвон мияси учун бўлгани каби) эмас, балки одамлар томонидан уларнинг ижтимоий тарихи давомида яратилган ҳодисалар ва нарсалар оламидир. Ҳар бир алоҳида одам ҳаётининг дастлабки қадамларидан бошланган психик ривожланишининг илдизлари тарихан таркиб топадиган маданиятнинг энг қадимий, энг чуқур даврларига бориб тақалади.