15.4. Фаолиятнинг тузилиши
Фаолият − воқеликка нисбатан фаол муносабат билдиришнинг шундай бир шаклидирки, у орқали киши билан уни қуршаб турган олам ўртасида реал боғланиш ҳосил қилинади. Одам фаолият орқали табиатга, нарсаларга, бошқа кишиларга таъсир кўрсатади. Фаолиятда у ўз ички хусусиятларини ишга солиб ва намоён қилиб, нарсаларга нисбатан субъект сифатида, одамларга нисбатан эса шахс сифатида гавдаланади. Ўз навбатида уларнинг жавобий таъсиротини ҳис қилган ҳолда, у шу йўл билан одамларнинг, нарсаларнинг, табиат ва жамиятнинг ҳақиқий, объектив, муҳим хусусиятларини билиб олади. Унинг қаршисида нарсалар объектлар сифатида, одамлар эса шахс сифатида гавдаланди.
Ҳаракат ва саъй-ҳаракатлар. Тошнинг оғирлигини билиш учун уни кўтариб кўрмоқ, парашютнинг чидамлилигини аниқлаш учун эса унда самолётдан сакраб кўрмоқ керак. Киши тошни кўтараётиб ва парашютдан тушаётиб, фаолият орқали уларнинг реал хусусиятларини билиб олади. У ана шу реал ҳаракатларни тимсолий ҳаракатлар билан алмаштириши, яъни «тош оғир» деб айтиши ёки парашютдан тушиш тезлиги ва траекториясини тегишли формула бўйича ҳисоблаб чиқиши мумкин. Лекин ҳамиша ҳам иш, амалий фаолият биринчи галда туради. Ушбу фаолиятда фақат тош ёки парашютнинг эмас, балки кишининг ҳам ўз хусусиятлари (у нима учун тошни кўтарди, парашютдан фойдаланди ва ҳоказо) ҳам намоён бўлади. Амалиёт кишининг нимани билиши ва нимани билмаслигини, унинг оламда нимани кўраётган ва нимани кўрмаётганини, нимани танлаб олаётгани ва нимани рад этаётганини белгилайди ва кўрсатади. Бошқача сўзлар билан айтганда, у киши психикасининг мазмунини ва унинг механизмларини белгилаб беради ва шу билан баробар уларни намоён қилади.
Фаолиятга йўллаган мақсад, одатда, ё кўпроқ, ё озроқ даражада узоқлашган бўлади. Унинг учун ҳам унга эришиш киши ана шу мақсад йўлида ҳаракат қила борган сари унинг олдида пайдо бўладиган қатор жузъий вазифаларнинг киши томонидан изчилик билан ҳал этила боришидан таркиб топади. Мисол учун, ишчининг меҳнат фаолияти, жумладан, умуман муайян бир маҳсулотни талаб қилинган сифат даражасида ишлаб чиқаришдан иборат ягона мақсадга ва мўлжалланган меҳнат унумдорлигига эришишга қаратилган дейлик. Бу мақсадни амалга ошириш учун вақтнинг ҳар бир бўлаги мобайнида маълум бир жорий вазифаларни бажариш, масалан, деталий йўлни, заготовка (танавор)ни ўлчаб чиқиш, хомашёни аппаратга солиш ва шу кабиларни муваффақиятли ҳал этиш зарур бўлади. Фаолиятнинг ёлғиз битта оддий жорий вазифани бажаришга йўналтирилган нисбатан тугалланган ҳар бир шундай қисмини ҳаракат деб аташади.
Биз юқорида келтирган меҳнат ҳаракатлари нарсалар билан амалга ошириладиган ишлардан иборат. Ташқи оламдаги нарсаларнинг ҳолатини ёки хусусиятларини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатларни шундай деб аташади. Нарсалар билан бажариладиган ҳар қандай иш (ҳаракат) макон ва замонда боғланган муайян саъй-ҳаракатлардан таркиб топди. Масалан, «а» ҳарфини ёзиш ҳаракати ручка (қалам)га ва бир-бирига нисбатан муайян тарзда жойлашган бош, кўрсатгич ва ўрта бармоқлар билан ручка (қалам) ни босишдан: сўнгра ручка (қалам)ни қоғоз устида ушлаб туриш ва маълум бир жойда перо қоғозга теккунга қадар пастга туширишдан кейин эса перони юқоридан ўнгдан чап томонга қараб ва сўнгра соат милларига қарши йўналишда доира шаклида юргизиб, юқорида ёзув бошланган нуқтада тўхташ, эгилган чизиқ бўйлаб пастга хуруж қилдириш, доиранинг қуйи қисмига ётган жойда ўнгга қараб буриш ва чапдан ўнгга қараб ёйсимон шаклни чизиш билан тугаллашдан таркиб топади. Кишининг нарсалар билан қиладиган саъй-ҳаракатлари таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг барчаси ҳам ташқи ранг-баранглигига қарамасдан, қоида тариқасида гавданинг, оёқларнинг ва бошнинг ёрдамчи саъй-ҳаракатлари билан бирга қўшилган учта оддий қисмдан − «олиш», «кўчириш», «қўйиб юбориш»дан таркиб топади. Саъй-ҳаракатларнинг ҳар хил турларида бу қисмлар ўз траекторияси, қанчалик давом этиши, кучи, тезлиги, суръати (маълум бир вақт мобайнида такрорланиш сони) билан улар тананинг қайси бир қисми билан бажарилишига қараб фарқланади. Сифат нуқтаи назаридан саъй-ҳаракатлар аниқлиги, нишонга тегиши, эпчиллиги ва умумлашганлиги билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |