15.7. Фаолиятнинг ўзлаштирилиши. Малакалар
Ҳар қандай ҳаракатнинг таҳлил этилган жиҳатларини тегишли тарзда унинг мотор (ҳаракат), сенсор (ҳиссий) ва марказий қисмлари деб аташ мумкин. Шунга мувофиқ ушбу қисмларнинг ҳаракатни амалга ошириш жараёнида бажарадиган вазифалари ижро этиш, назорат қилиш ва бошқариб туришидан иборат бўлиши мумкин. Киши фаолият жараёнида ҳаракатларни ижро этишда, назорат қилиш ва бошқариб туришда фойдаланадиган йўл-йўриқлар ушбу фаолиятнинг усуллари деб аталади.
Айтиб ўтилган вазифаларнинг хар бирини киши англанилган тарзда ҳам ва англанилмаган тарзда ҳам амалга ошириши мумкин. Масалан, сўзни талаффуз этиши учун зарур бўлган ҳиқилдоқ ҳаракатлари тизими киши томонидан мутлақо англанилмаган ҳолда ишлайди. Лекин киши айтмоқчи бўлаётган иборанинг грамматик шакллари ва мазмуни ҳамиша онгда олдиндан аён бўлади. Ҳар қандай саъй-ҳаракатни амалга ошириш учун зарур бўлган ўша мушаклар қисқариши ва чўзилишининг мураккаб бирикувчи қоида тариқасида англанилмаган бўлади. Афтидан, саъй-ҳаракатлар онгнинг иштирокисиз, шунчаки физиологик тарзда идора этилади. Бироқ, одатда, ҳаракатларнинг пировард мақсадлари, шунингдек уларнинг умумий характери ҳамиша англанилган бўлади. Масалан, киши велосипедда мутлақо онгсиз ҳолатида юриши мумкин эмас. У қаёққа бораётганини, қайси йўл билан ва қанақа тезлик билан бораётганини ва шу кабиларни умуман тасаввур қилиши лозим. Бу ҳар қандай меҳнат, ўйин ва бошқа хил ҳаракат жараёнларига ҳам тааллуқлидир. Ва ниҳоят айрим саъй-ҳаракатлар онгли тарзда йўналтирилган ҳолда ҳам англанилмаган ҳолда ҳам бажарилиши мумкин. Масалан, юриш саъй-ҳаракатларнинг анчагина қисми англанилмаган ҳолда амалга ошириладиган фаолиятнинг шундоққина кўриниб турган мисоли ҳисобланади. Лекин шу хилдаги саъй-ҳаракатларнипг арқон устида юриш чоғида бажарилиши, сенсор назорат қилиниши ва марказдан бошқарилиши (айниқса уқувсиз дорбозда) энг жиддий даражада англанилиши зарур бўлган объектга айланади.
Тескари ҳолат юз бериши ҳам мумкинки, бунда ҳаракатнинг маълум бир жиҳатлари олдинига майда-чуйдаларига қадар онгли равишда идора қилинишини тақозо этади, сўнгра эса онг борган сари кам иштирок этгани ҳолда бажарила бошлайди, бундай ҳолларни ишнинг бажарилиши автоматлаша бошлаганига ўхшатишади.
Кишида мақсадга мувофиқ тарздаги саъй-ҳаракатларни, ижро этиш ва бошқаришнинг айнан шу тарзда қисман автоматлашуви малака деб аталади.
Биз айнан саъй-ҳаракатларнинг англанилмаган ҳолдаги бошқарилиши тўғрисида сўз юритаётирмиз, негаки, ҳаракатларни бошқариш билан саъй-ҳаракатларни бошқариш бир хилдаги нарса эмас. Саъй-ҳаракатларнинг тобора кўпроқ даражада автоматлашуви айни чоғда ушбу саъй-ҳаракатларни ҳам ўз таркибига олган ҳаракатларнинг онгли равишда бошқариш билан қўшилган ҳолда юз беради.
Чунончи, велосипедчи ўз мувозанатини сақлаш учун ишлатадиган саъй-ҳаракатларнинг автоматлашуви унинг диққат-эътиборини атрофидаги кўча ҳаракатига, йўлнинг ҳолатига ва шу кабиларга қаратишига ва шу асосда ўз ҳаракатларини янада англанилган тарзда бошқаришига ёрдам беради. Ўрганувчи пианиночининг керакли клавишларни топиш чоғидаги саъй-ҳаракатларининг шу тарздаги автоматлашуви умуман ҳаракатларни бажаришни англанилган ҳолда бошқариш даражасини кескин оширишга, куйнинг чалинишини асарнинг ижодий режасидан кам фарқ қиладиган даражага кўтаришга имкон беради.
Умуман олганда, «соф» малака ҳақида, чамаси, фақат ҳайвонларга таъриф берилаётганда гапириш мумкин. Одамда патологик ҳолатлардан бўлак барча хилдаги фаолият пировард натижада онг билан бошқарилади. Ҳаракатнинг у ёки бу қисмлари автоматлашуви эса онгли равишда йўналтириладиган объектни фақат алмаштиради, ҳаракатнинг умумий мақсадларини, унинг ижро этилиши шарт-шароитларини, унинг натижаларини назорат қилиш ва баҳолашни онг унинг тасарруфи доирасига олиб киради.
Малаканинг тузилиши. Ҳаракатнинг қисман автоматлашуви туфайли унинг тузилишида рўй берадиган ўзгаришлар қуйидагилардан иборатдир.
Саъй-ҳаракатларнинг ижро этилиш усуллари ўзгаради.
Бунга қадар ўз ҳолича юз бериб келган қатор жузъий саъй-ҳаракатлар ягона жараёнга, таркибига кирувчи алоҳида содда саъй-ҳаракатлар ўртасида тўсиқлар ва узилишлар мавжуд бўлмаган битта мураккаб саъй-ҳаракатга қўшилиб кетади. Масалан, ўқувчи босқичли ҳаракат сифатида бажарадиган ҳаракатни ўзгартириш жараёни тажрибали ҳайдовчи томонидан бир марта қўлни силлиққина ишлатган ҳолда бажарилади. Ортиқча ва кераксиз саъй-ҳаракатлар бартараф этилади. Жумладан, ўқувчи ёзувни ўргана бошлаган пайтда бу жараённи бажараркан, кўплаб ортиқча ҳаракатлар қилади: тилини чиқаради, гавдасини қимирлатади, бошини энгаштиради ва ҳоказо. Ҳаракат жараёни ўзлаштириб олингандан кейин барча ортиқча саъй-ҳаракатлар йўқолиб кетади. Мужассамлашув юз беради, яъни саъй-ҳаракатларни иккала қўл (оёқ) билан бир вақтнинг ўзида бажариш бошланади. Агар бошловчи токарь кескични олдинига узунасига қараб, сўнгра эса кўндалангига қараб юргизса, тажрибали токарь кескични деталга бир вақтнинг ўзида бир қўли билан моховикни узунасига, бошқаси билан эса суппортни кўндалангига айлантираркан, диагонал чизиқ бўйлаб қисқа масофадан олиб боради. Пировардида саъй-ҳаракатларни бажариш суръати тезлашади. Шундай қилиб, ҳаракатларни ўзлаштириш жараёнида унинг ҳаракатлантирувчи барча жиҳатлари: саъй-ҳаракатлар таркиби (у соддалашади), саъй-ҳаракатларнинг изчиллиги (у узлуксиз бажариладиган бўлади) ва саъй-ҳаракатларнинг уйғунлиги (улар бир вақтнинг ўзида бажариладиган бўлади), шунингдек уларнинг тезлигини мумкин қадар режали бўлишига имкон туғилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |