15.3. Фаолият ва унинг мақсадлари ҳақида тушунча
Агар ҳайвонларнинг ҳатти-ҳаракати бутунлай атроф-муҳит билан белгиланса, кишининг фаоллиги унинг илк ёшлариданоқ бутун инсоният тажрибаси ва жамият талабларига кўра йўналтириб борилади. Ҳатти-ҳаракатнинг бу тури шу қадар ўзига хосликка эгаки, психологияда уни аташ учун махсус термин − фаолият термини қўлланилади. Фаолликнинг бу, алоҳида махсус инсоний турининг фарқ килувчи психологик белгилари нималардан иборат?
Бу фарқ қилувчи белгилардан бири шундан иборатки, фаолиятнинг мазмуни тамомила уни келтириб чиқарган, эҳтиёж билан белгиланмайди. Башарти мотив сифатидаги эҳтиёж фаолиятга туртки бериб, уни рағбатлантирар экан, у ҳолда фаолиятнинг шакллари ва мазмуни ижтимонй шарт-шароитлар, талаблар ва тажриба билан белгиланади. Масалан, кишини ишлашга ундаган мотив (сабаб) овқатга нисбатан эҳтиёж туғилишидан ҳам келиб чиқиши мумкин. Лекин одам станокни, масалан, унинг очлигини бартараф этиш учун эмас, балки бу унга топширилган детални тайёрлаш имконини бергани учун ҳам бошқаради. Унинг фаолияти мазмуни шунчаки эҳтиёж билан эмас, балки мақсад билан ундан жамият талаб қилаётган муайян маҳсулотни тайёрлаш учун белгиланади. Кишининг нима учун муайян тарзда ҳаракат қилаётгани унинг нимани кўзлаб иш қилаётганига мос келмайди. Уни фаолиятга ундовчи хоҳиш-истаклар, сабаб билан ушбу фаолиятни йўналтирувчи бевосита мақсад бир-бирига тўғри келмайди.
Бинобарин, фаолиятнинг биринчи фарқли белгиси шундан иборатки, у фаоллик манбаи бўлган эҳтиёж сифатида юзага чиққан ҳолда фаолликнинг йўналтирувчиси бўлган англашилган мақсад билан башқарилади.
Фаолият муваффақиятли бўлиши учун психика нарсаларнинг хусусий объектив хоссаларини акс эттириши ва улар билан (организмнинг эҳтиёжлари билан эмас) олдига қўйилган мақсадга эришиш усулларини ҳам белгилаб бериши лозим. Ва ниҳоят, фаолият кишининг хулқ-атворини мақсадга қаратилган ҳаракатларни рўёбга чиқариш, хусусан олганда эса юзага келган эҳтиёжларни, ўзича зудлик билан қондира олмайдиган, яъни бевосита мададга таянмайдиган фаолликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш имконини берадиган даражада бошқаришга қодир бўлиши керак. Бундан кўриниб турибдики, фаолият билиш ва ирода билан чамбарчас боғлиқ бўлади, уларга таянади, билиш ва иродавий жараёнларсиз юз бериши мумкин эмас.
Демак, фаолият − кишининг англанилган мақсад билан бошқариб туриладиган ички (психик) ва ташқи (жисмоний) фаоллигидир.
Шундай қилиб, фаолият ҳақида гапириш мумкин бўлиши учун киши фаоллигида англанилган мақсаднинг мавжудлигини аниклаш лозим. Фаолиятнинг барча қолган жиҳатлари − унинг мотивлари, бажарилиш усуллари, тегишли ахборотни танлаш ва қайта ишлаш англанилган бўлиши ҳам англанилмаган бўлиши ҳам мумкин. Улар шунингдек чала-ярим тарзда англанилган ва ҳатто нотўғри англанилган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, мактабгача тарбия ёшидаги бола уни ўйнашга мажбур қиладиган эҳтиёжни камдан-кам тарзда англаб етгани каби кичик ёшдаги мактаб ўқувчиси ўз ўқиш фаолиятининг мотивларини англамаган ҳолда иш кўради. Интизомсиз ўсмир ўз ҳатти-ҳаракатларининг ҳақиқий мотивларини чала-ярим ва кўпинча нотўғри англайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |