15.6. Фаолиятни интериоризациялаш ва экстериоризациялаш Мия келажакни қандай қилиб «олдиндан кўриши» ва ҳали бажарилмаган ҳаракатларнинг натижаси психикасида қандай қилиб акс этиши мумкин? Бунинг учун атрофдаги оламнинг битта принципиал хусусияти − унинг қонунияти туфайли имконият туғилади. Бундан ундаги турли хил ҳодисалар муайян доимий боғланишлар ва муносабатлар орқали боғланган, ундаги нарсалар эса маълум бир шарт-шароитларда намоён бўладиган муайян муқаррар хусусиятларга ва тузилишга эга бўлади (олов доимо куйдиради; тундан сўнг ҳамиша кундуз келади, жисмнинг тезлиги ишлатилган кучга мутаносиб бўлади; қўшилувчи сонларнинг ўрни алмаштирилгани билан йиғиндиси ўзгармайди ва ҳоказо).
Объектлар билан ҳодисалар ўртасидаги бундай барқарор (инвариант) муносабатлар объектларнинг муҳим хусусиятлари ва ҳодисаларнинг қонуниятлари деб аталади. Айнан объектлар ва ҳодисаларда муайян муҳим ва барқарор хусусиятлар ҳамда қонуниятларнинг мавжудлиги маълум бир шароитларда уларнинг «феъл-атворини», яъни у ёки бу таъсиротлар остида уларнинг бўлғуси ўзгаришларини олдиндан билиш ва шу асосда ҳаракатларни мақсадга мувофиқ тарзда йўналтириб туриш имконини беради. Ташқи, конкрет фаолият бу ҳолда гўё ички, тимсолий фаолият тарзида ҳис этилади. Объектлар устида бўладиган конкрет ҳаракатлар ушбу объектларнинг муҳим хусусиятлари устида олиб бориладиган тимсолий (психик) жараёнлар билан алмаштирилади, яъни нарсалар билан бажариладиган жисмоний жараёнлар уларнинг моҳиятини тасаввур қилган ҳолда юз берадиган хаёлий жараён билан алмаштирилади.
Ташқи, реал ҳаракатдан ички, тимсолий ҳаракатга бу хилдаги ўтиш жараёнини интериоризация (том маъноси билан айтганда, ички тарзга айланиш) деб аташади. Интериоризация туфайли киши психикаси маълум бир вақт ичида унинг назари эътиборида бўлмаган нарсаларнинг тимсолида фойдаланиш қобилиятига эга бўлади. Киши муайян дақиқа чегараларидан ташқарига чиқиб, «хаёлида» ўтмишга ва келажакка, вақтга ва бўшлиққа эркин кўчиб ўтади. Кишининг ҳаракати ҳайвоннинг бутун ҳатти-ҳаракатини белгилаб берадиган юқоридагидек ташқи вазиятга худди қул каби қарамликдан қутулади.
Психология интериоризациянинг қандай юз беришини барча жиҳатларига қадар тўла билмайди. Лекин шу нарса аниқ исбот қилинганки, бундай ўзгаришнинг муҳим қуроли бўлиб сўз, ўзгариш воситаси бўлиб эса нутқий фаолият хизмат қилади. Сўз буғимларнинг муҳим хоссаларини ва ахборотдан фойдаланишнинг инсоният амалиётида юзага келган усулларини белгилайди ва ўзида мужассамлаштиради. Унинг учун ҳам сўзларни тўғри ишлатишга ўрганиш айни чоғда буюмларнинг муҳим хусусиятларини ва ахборотдан фойдаланишнинг усулларини ўзлаштиришдан иборатдир. Киши сўз орқали бутун инсониятнинг, яъни ўзидан олдинги ўнлаб ва юзлаб авлодларнинг, шунингдек ўзидан юзлаб ва минглаб километр узоқдаги кишилар ва жамоанинг тажрибасини ўзлаштириб олади.
Сўзларни ва умуман нарсаларнинг муносабатини билдирадиган реал тимсолларни қўллаш нарсаларнинг ўзи бевосита бўлмаган ҳолларда тегишли муносабатлар ҳақидаги ахборотдан фойдаланишга унинг учун ҳам имконият яратади, жамият амалиётида шаклланган тажриба ва билимлар, тимсоллар ва талаблар ёрдамида киши фаолияти ва хулқ-атворини йўналтириб туришга кўмак беради.
Шундай қилиб, киши фаолияти жуда мураккаб ва ўзига хос жараёндир. У шунчаки эҳтиёжларни қондиришдангина иборат бўлиб қолмасдан, балки кўпроқ даражада жамиятнинг мақсадлари ва талаблари билан белгиланади. Мақсаднинг англанилганлиги ва унга эришиш юзасидан ижтимоий ҳаракатлар тажрибаси билан боғлиқ эканлиги киши фаолиятининг ўзига хос белгисидир.