21.4. Хаёл жараёнинингфизиологик асослари Фантазия мия функцияси сифатида Фантазия тимсолларининг пайдо бўлиши киши мияси фаолиятининг натижасидир. Хаёл бошқа ҳамма психик жараёнлар каби катта яримшарлар пўстлоқ қисмининг функцияси ҳисобланади.
Хотиранинг физиологик асоси муваққат нерв боғланишларининг туташиши ва уларнинг кейинчалик актуаллашишидан (қайта тикланиши, тормозланмай қўйишидан) иборатдир. Агар хотира жараёнларида пайдо бўлган боғланишлар кейинчалик яна тикланса, хаёл жараёнида кишининг ҳаёти давомида ҳосил қилинган боғланишлар тизими гўё емирилади (бузилиб кетади) ва янги тизимга бирлашади.
Бундай бирлашиш эҳтиёж ёки қандайдир бевосита таассурот орқали мия пўстида етарли даражада кучли қўзғалиш манбаини ҳосил қилиш натижасида мумкин бўлади.
Хаёл, айтиб ўтилганидек, катта мия ярим шарлари пўстлоғининг функцияси ҳисобланади. Унинг билан бирга хаёл тузилишининг мураккаблиги ва унинг ҳиссиётлар билан боғлиқлиги хаёлнинг физиологик механизмлари фақат мия пўстлоғи билан эмас, балки миянинг чуқурроқ қисмлари билан боғлиқ деб тахмин қилишга асос беради. Сўнгги йилларда ўтказилган тадқиқотлар бу таҳминнинг тўғрилигини исботлайди. Фантазия тимсолларининг таркиб топиши ва уларни фаолият жараёнларига қўшишга бош мия ярим шарлари пўстлоғи билан бирга қатнашувчи миянинг ана шундай чуқур қисмлари гипоталалимбик тизимидир. (Гипоталамус унинг қадимги пўстлоқ ва пўстлоқ ости қисмлари билан боғланиши мия стволининг ярим шарларга чиқаверишида, олдинги қисми атрофида «лимб» ёки чегара ҳосил қилади).
Хаёл ва органик жараёнлар. Инсон мияси фантазия ишлаб чиқарган тимсолларга организмнинг периферик қисмларига бошқарувчи таъсир кўрсатиб, уларнинг ишлаш жараёнини ўзгартириб юборади. Ҳали ўрта асрлардаёқ кишини ҳайратда қолдирадиган факт маълум эди; айрим одамларда, кўпроқ асаб бузилиши (истерия) ни бошдан кечган одамларда (инжилдаги афсонага кўра, Исо пайғамбар крестда бошидан кечирган азоб-уқубатлар ҳақидаги фиқрлардан сўнг) қўл ва оёқларнинг кафтида қон талаб кўкарган ва ҳатто яра пайдо бўлган. Бундай белгилар «стигматлар» деб ном олган (грекча «стигма» деган сўз «чандиқ», «белги» деган маънони англатади).
Таъсирчанлиги ва хаёлга бойлиги билан ажралиб турадиган айрим одамларни кузатиш ҳам хаёлнинг физиологик жараён кечишига таъсири ҳақида қизиқ маълумотлар беради. Флобер «Бовари хоним» романи қаҳрамони Эмма Бовари хонимнинг заҳар ичиши воқеасини ёзганда, у оғзида маргимуш таъмини яққол сезган. Вольтер ҳар йили Варфоломсев кечасини нишонлашда оғриб қолган. Минг-минглаб гуноҳсиз кишилар диний фанатизм қурбони қилиб ўлдирилган кун ҳақидаги фикр унинг безгагини қўзғатган, ҳарорати кўтарилиб, томирлари тез ура бошлаган.
Психик фаолиятнинг айрим бузилишлари ҳам ўзининг келиб чиқиши жиҳатидан ҳаддан ташқари таъсирланувчан ва тетик хаёлга боғлиқдир. Баъзан ана шундай касалликка обрўли кишининг айтган сўзини нотўғри тушуниш ҳам бевосита сабаб бўлади. Шундай ҳоллар маълумки, врачнинг эҳтиётсизлик билан айтган сўзининг таъсирида даволанишга келган киши оғир касаллик билан оғриб қолган бўлсам керак, деб хаёлдан ўтказади ва унда бу касалликнинг тегишли аломатлари ривожлана бошлайди. Ятроген, деб аталадиган касалликлар юзага келади. Ўқитувчининг педагогик жиҳатдан ножўя ҳатти-ҳаракатлари ва унинг эҳтиётсизлик билан айтган сўзи ҳам ўқувчини жароҳатлантириши ва унда фантастик қўрқув ҳиссини юзага келтириши мумкин. Баъзан дидактоген деб аталадиган нерв касалликлари ана шундай юзага келади.
Фантазия тимсолини етказиб берувчи мия – якка-ёлғиз тизимдир: унинг бирон-бир қисмида юз берган ўзгариш унинг бошқа бўлимлари ишига таъсир қилади. Яхлит нарса сифатидаги инсон танасининг барча аъзоларига тўғриловчи таъсир кўрсатади. Негаки психик жараён организмнинг ҳаёти фаолиятида у ёки бу ўзгаришга олиб келмоқда. Уз навбатида хаёл бошқа психик жараёнлар каби киши организмининг кўплаб тизимлари ишига анчагина таъсир кўрсатади.