Ихтиёрсиз ва ихтиёрий эсда олиб қолиш. Эсда олиб қолиш жараёнларини ўзига жалб этган фаолиятнинг мақсадларига мувофиқ эсда олиб қолишнинг иккита асосий тури: ихтиёрсиз ва ихтиёрий эсда олиб қолиш фарқ қилинади.
Ихтиёрсиз эсда олиб қолиш – билиш ва амалий ҳаракатларни амалга оширишнинг маҳсули ва шартидир. Бунда эсда олиб қолиш ўз ҳолича бизнинг мақсадимиз сифатида юзага чиқмаганлиги сабабли беихтиёр хотирамизда олиб қолинган жамики нарсалар хусусида одатда «Ўзидан-ўзи эсда сақланиб қолган экан» деймиз. Аслида эса бу фаолиятимизга хос хусусиятлар билан боғлиқ ҳолдаги қатъиян қонуний жараёндир! Тадқиқотлар шуни кўрсатадики ихтиёрсиз эсда олиб қолиш унумли бўлиши учун муайян материалнинг фаолиятда тутган ўрни муҳим аҳамиятга эгадир. Агар материал фаолиятнинг асосий мақсади мазмунига кирган бўлса, у ўша мақсадга эришиши шартларига ва усулларига жалб этилган ҳолдагига нисбатан яхшироқ эсда олиб қолинади.
Ихтиёрий эсда олиб қолиш – махсус мнемик ҳаракатлар, яъни асосий мақсади эсда олиб қолишдан иборат бўлган ҳаракатлар маҳсулидир. Бундай тарздаги ҳаракатнинг махсулдорлиги ҳам унинг мақсадлари, сабаблари ва уни амалга ошириш усулларининг хусусиятлари билан боғлиқдир. Бунда махсус ўтказилган тадқиқотлар материални айнан, тўла ва изчил эслаб қолиш вазифасининг аниқ қилиб қўйилиши ихтиёрий эсда олиб қолишнинг асосий шартларидан бири эканлигини кўрсатди. Турли хилдаги мнемик мақсадлар эсда олиб қолиш жараёнининг характерига, унинг ҳар хил усулларини танлашга таъсир қилади ва шунга боғлиқ ҳолда унинг натижаларига ҳам таъсир кўрсатади.
Ихтаёрий эсда олиб қолишда эсда олиб қолишга ундовчи сабаблар катта рол ўйнайди. Хабар қилинаётган ахборот тушунилиши ва ёд булиб қолиши мумкин, лекин ўқувчи учун барқарор аҳамият касб этмасданоқ тезда унутилиб кетиши ҳам мумкин. Бурч ва масъулият ҳисси етарли даражада оширилмаган одамлар эсда олиб қолишлари лозим бўлган нарсаларнинг кўпини аксарият ҳолларда унутиб қўядилар.
Ёд олинаётган материалнинг ўринини тузиш мантиқий жиҳатдан эсда олиб қолишнинг энг муҳим усулларидан биридир. У қуйидаги уч ҳолатни ўз ичига олади: 1) материалнинг таркибий қисмларга бўлиниши; 2) уларга сарлавха ўйлаб топиш ёки материалдаги ушбу қисмнинг бутун мазмуни билан осонгина боғланадиган бирон бир таянч нуқтасини ажратиб кўрсатиш; 3) қисмларни уларнинг сарлавҳаларига ёки ажратиб кўрсатилган таянч нуқталарига биноан боғланишларнинг ягона занжирига боғлаш. Алоҳида фикрларни ва гапларни мазмунли қисмларга бирлаштириш эсда олиб қолинадиган материалнинг хажмини камайтирмаган ҳолда эсда олиб қолиниши лозим бўлган бирликлар сонини қисқартиради. Эсда олиб қолиш яна шунинг учун ҳам осонлашадики, ўрин тузилиши натижасида материал аниқ равшан, бўлакларга ажратилган ва тартибга солинган шаклга эга бўлади. Шу туфайли ўқиш жараёнининг ўзидаёқ у фикрда осонгина ўрнашиб қолади.
Материални тушуниб етиш учун тузилган ўриндан фарқли ўлароқ, уни эсда олиб қолишга мўлжалланган ўринда материал яна ҳам майда бўлакларга ажратилади, бунинг устига нималар қайта эсга туширилиши кераклигини сарлавхаларнинг ўзи кўрсатиб ва эслатиб туради, унинг учун ҳам улар ўз шаклига кўра кўпинча чала-ярим, узуқ-юлуқ бўлади.
Мантиқий эсда олиб қолиш усули сифатидаги қиёслаш. катта аҳамиятга эгадир. Объектлардаги фарқларнинг таъкидланиши айниқса муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳол эсда олиб қолишнинг ихтисослашувини таъмин этади ва объектларнинг тимсолларини қайта эсга туширилишини кайси йўл билан амалга ошириш кераклигини кўрсатади. Объектлар ўртасида фақат умумий ва айниқса кенг миқёсдаги боғланишлар ҳосил қилиш уларнинг яна қайта эсга туширилишини қийинлаштириб кўйиши мумкин. Қайта эсга туширишдаги қийинчилик туғилишни кўп жиҳатдан ана шу хол билан изоҳланади. Объектлар ўртасидаги фарқлар қанчалик якқол билиниб турган бўлса, уларнинг эсда олиб қолиниши ҳам шунчалик тез ва пухта бўлади.
Қайта эсга тушириш, айниқса материални ёд олиш жараёнида эсда олиб қолишни тезлаштиради уни мақсадга мувофиқлаштиради, негаки, қайтариб айтиш давомида ўзимизнинг заиф томонларимизни аниқлаб оламиз, ўзимизни ўзимиз назорат қилиб борамиз. Муҳими, қайта эсга тушириш танишиб чиқиш билан алмаштириб қўйилмаслиги керак. Танишиб чиқиш эсга туширишдан кўра осонроқ. Лекин фақат яна қайта такрорлай олишимиз, эсга тушира олишмиз мумкинлиги ўз билимларимизга муқаррар ишонч туғдиради.
Қайта эсга тушириш мумкинлиги эсда олиб қолишнинг мустаҳкамлиги белгиси бўлиши шарт эмас. Шу сабабли ўқитувчи ўқувчилар такрорлаш йўли билан билимларни эсда тобора мустаҳкамроқ сақлаб қолишга эришишлари ҳақида ҳамиша қайғуриши керак. К.Д.Ушинскийнинг сўзлари билан айтганда, билимларнинг такрорланиши тўғрисида уларнинг мустаҳкам эгалланиши ҳақида ғамхўрлик қилмайдиган ўқитувчини юкни чала-чулпа боғлаб кетаётган ширакайф аравакашга ўхшатиш мумкин: у орқасига ўгирилиб қарамасдан, аравасини ҳадеб олға чоптиргани ва олис йўлни босиб ўтгани ҳақида мақтангани билан манзилга қуп-қуруқ аравада келади.
Лекин материал англаб ва тушуниб етилган ҳолда, фаол такрорланган тақдирдагина самарали бўлади. Акс ҳолда бу механик тарздаги эсда олиб қолиш бўлади. Шунинг учун такрорлашнинг энг яхши тури – ўзлаштирилган материални кейинги фаолиятга жалб этишдан иборатдир. Экспериментал таълим тажрибаси шуни кўрсатдики, программадаги материал махсус қатъий вазифалар тизимига уюштирилганда (бундан олдинги ҳар бир босқич кейингисини ўзлаштириш учун зарур қилиб қўйилса) материалнинг муҳим қисми ўқувчининг фаолиятида ҳар гал янги даражада ва янгича боғланишларда муқаррар равишда такрорланиб туради. Бундай шароитда керакли билимлар ҳатто ёд олинмасдан ҳам, яъни ихтиёрсиз равишда мустаҳкам эсда олиб қолинаверади. Илгари ўзлаштирилган билимлар янги билимлар мазмунига жалб этила бориб, фақат янгиланиб қолмасдан, балки сифат жиҳатидан ўзгаради, бошқача тарзда англанилади.