Хотирлаш. Хотирлаш ўтмишимизнинг вақт ва фазодан муайян ўрин олган тимсолларини қайта эсга туширишдан иборатдир. Хотирлашда биз ўтмиш объектларини фақат қайта эсга туширибгина колмай, балки уларни муайян вақт ва жойга мансуб ҳисоблаймиз, яъни биз уларни қаерда, қачон ва қандай шароитларда идрок қилганимизни эслаймиз, уларни ҳаётимизнинг муайян даври билан боғлаймиз, бу объектларнинг даврий изчиллигини англаймиз.
Ҳар бир кишининг ҳаёт тарихи ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ бўлади. Ижтимоий ҳаёт ҳодисалари эса киши хотираларининг мазмунини вақтда жойлаштириш учун таянч пунктлари бўлиб хизмат қилади.
Унинг учун ҳам хотираларимизнинг мазмуни ўзгармасдан қолмайди. У шахс йўналишининг эволюцияси билан боғлиқ равишда қайта қурилиб ва қайта англанилиб боради.
Хотирлаш кишининг шахсий ҳаётига у ёки бу тарзда боғлиқ бўлганлиги учун ҳам доимо бир қатор ҳиссиётлар билан бирга юз беради.
20.6. Унутиш ва эсда сақлаш Унутиш. Унутиш жараёни озми ёки кўпми даражада чуқур бўлиши мумкин. Унутилган образлар ёки фикрларнинг актуаллаштирилиши шунга кўра маълум даражада қийинлашади ёки умуман мумкин бўлмай қолади. Маълум материал шахс фаолиятига қанчалик кам қўшилса, актуал ҳаётий мақсадларга эришишда қанчалик аҳамияти камайиб борса, уни унутиш шунчалик чуқур бўлади. Бунда бирон материални эслаб олиш мумкин эмас, бу материал батамом йўқолиб кетган, шахснинг тажрибасидан мутлақо чиқиб кетган, деган маъно чиқмайди. Материалнинг конкрет «фактик» формаси унутилади, лекин материалнинг муҳим, барқарор аҳамиятли мазмуни тегишли билимлар ва иш-ҳаракат формаларига қўшилиб кетади ва ана шу иш-ҳаракат формаларида умумлашган ҳолда қайта тикланади. И.Павловнинг тажрибаларида исботланганидек, сўниб қолган рефлекслар ўзларининг қайта тикланишлари учун аввал бошда ҳосил қилинган рефлексларига қараганда камроқ такрорлашни талаб қилади. Бундан ташқари, сўниб қолган рефлекслар маълум шароитларда тормозланиш ҳолатидан халос бўлиши мумкин. Эсимиздан аллақачонлар чиқиб кетгандек бўлиб кўринган нарсаларнинг айрим ҳолларда тўсатдан, кутилмаганда қайта эсга тушиб қолиш ҳодисаларининг сабаби ана шунда. Масалан, бир одам жуда кўп йиллар илгари уринган ва ундан сўнг кўп йиллар фойдаланмаслик натижасида эсидан чиқиб кетадиган бўлиб туюлган немис тилида касаллик ҳолатида гапира бошлаган.
Принципиал жиҳатдан олганда унутиш мақсадга мувофиқ ҳодисадир. Шахснинг фаолияти таркибига қўшилиб, унинг учун аҳамиятли бўлиб қолган нарсалар унутилмайди. Фаолият таркибига қўшилиш материални инсон эҳтиёжи билан боғлашнинг ва шундай экан, унутмаслик учун курашнинг ҳам ишончли воситасидир. Фаолият таркибига қўшилишнинг ана шундай усулларидан бири эсда сақланиши лозим бўлган нарсанинг мунтазам суръатда такрорланишидан иборатдир.
Бирмунча беқарор ва шу билан бирга вақтинчалик унутиш манфий индукциянинг таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкин. Жумладан, материални ёд олиш пайтида, бегона ёт кучли қўзғатувчилар эсда олиб қолиш самаралигини пасайтириб, янги муваққат боғланишларнинг ҳосил қилиниши ё қийинлаштирлиши, ёки илгари ҳосил қилинган боғланишларнинг изларини кучсизлантириш ва у билан унутишини юзага келтириши мумкин бундай унутиш олдинги фаолият (проактив, яъни “олдиндан таъсир қилувчи” тормозланиш, яъни кейинги фаолиятдан ишлаб чиқилган ретроактив, яъни “орқага қараб ҳаракатланувчи”) таъсири билан боғланганига салбий таъсири ёрдамида ёки аксинча таъсири остида пайдо бўлади. Агар олдинги ёки кейинги фаолити мураккаб ёки мазмун жиҳатидан ўзаро ўхшаш бўлса, тормозланиш айниқса яққол намоён бўлади.
Прокатив ва ретроактив томозланиш қандайдир бир фаолият доирасида ҳам, жумладан, берилган материални ўрганиш жараёнида намойиш бўлиши мумкин. Маълумки материалнинг ўрта қисми олдинги ва охирги қисмларига қараганда ёмон эсда сақланиб қолади, материалнинг ўрта қисми, агар материал ҳажми жиҳатидан катта бўлса, проатив ва ретроактив тормозланишнинг салбий таъсирига учрайди. Шунинг учун материални ўрта қисми кўп марта такрорланишни талаб қилади. Бир меъёрда, секинроқ суръат билан ишлашга риоя қилиш зарур: диққатни предмет устида узоқроқ тутиб туриш керак; фақат шундагина қўзғатувчилар мияда мустаҳкамланади.
Вақтинча унутиш тегишли мия пўстлоғининг зўриқиши натижасида пайдо бўладиган ҳаддан ортиқ тормозланиш сабабли ҳам юзага келиши мумкин. Толиққан пайтда эсда олиб қолишнинг кескин пасайиб кетиш сабаби ҳам шунда. Эсдан чиққан нарсалар ҳам нервлари нормал ишлай бошлаганидан сўнг қайта эсга туширишни мумкин.
Манфий индукция ва ҳаддан ортиқ тормозланиш туфайли юзага келиши мумкин бўлган вақтинча унутиш билан реминиценция ҳодисаси боғлиқ бўлади. Бу нарса шунда ҳам намоён бўладики, хотирлаш кейинроқ амалга оширилганига қараганда янада тўлароқ амалга оширилган қайта эсга тушириш бирмунча тўлароқ бўлади, Бу нарса кўпинча ҳажм жиҳатдан каттароқ материални эсда олиб қолишда содир бўлади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, реминиценция катта ёшли одамларга қараганда болаларда кўпроқ учрайди. Ўқув ишларида реминиценциянинг пайдо бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.
Мустаҳкамланаётган материалга қизиқишнинг бўлиши материални узоқроқ эсда сақлашга олиб келади. Унутиш вақтга боғлиқ бўлади. Буни биринчи марта экспериментал равишда немис психологи Эббингауз (1850–1909) аниқлаган. Унинг кўрсатишича, унутиш материал ёд олингандан сўнг айникса тез рўй беради, ундан кейин эса унутиш анча секинлашади. Эббингауз бу қонуниятни айрим маъносиз бўғинларни унутиш устида олиб борган ишларида тасдиқлади. Ундан кейин ўтказилган кўп сонли тадқиқотлар унутиш суръати материалнинг мазмунига, унинг қанчалик англанилганлигига боглиқлигини кўрсатади.