XIX-БОБ. ИДРОК
Таянч тушунчалар: идрок, идрокнинг мураккаблиги, идрок қонунлари, илюзия, галлюцинация, атракция, апперцепция, идрок феноменлари, фазо ва вақтни идрок қилиш,ҳаракатни идрок қилиш, структуралилик, барқарорлик ва англанилганлик.
19.1. Идрокнинг умумий тавсифи
Нарсалар ёки ҳодисаларнинг сезги аъзоларига бевосита таъсир қилиш жараёнида киши онгида акс этишига идрок деб айтилади. Идрок этиш жараёнида алоҳида ҳолдаги сезгиларнинг тартибга солиниши ҳамда нарсалар ва воқеа-ҳодисаларнинг яхлит образларига бирлашуви юз беради.
Қўзғатувчининг алоҳида хусусиятлари акс этадиган сезгилардан фарқли ўлароқ, идрок нарсаларни умуман, унинг ҳамма хусусиятлари билан биргаликда акс эттиради. Бунда идрок алоҳида сезгилар йиғиндисидан иборат тарзда эмас, балки ҳиссий билишнинг ўзига хос хусусиятлари билан сифат жиҳатидан юқори босқичи сифатида тасаввур қилинади. Идрокнинг анча муҳим хусусиятлари предметлилик, яхлитлилик, структуралилик, барқарорлик ва англанилганликдан иборатдир.
Идрокнинг предметлилиги объективлаштириш ҳодисаси деб аталмиш ҳодисада, яъни ташқи дунёдан олинадиган ахборотнинг ўша дунёга мансублигида ифода этилади. Бу хилдаги мансублик бўлмаса, идрок кишининг амалий фаолиятида ўзининг мўлжал олдириш ва йўналтиришдан иборат вазифасини бажара олмайди. Идрокнинг предметлилиги туғма ҳислатга кирмайди; субъектга оламнинг предметлилигини кашф этиш имконини туғдирадиган муайян ҳаракатлар тизими мавжуддир. Бу борада туйиш ва ҳаракат сезгилари ҳал қилувчи роль ўйнайди. И.М.Сеченов предметлилик нарсанинг ўзи билан алоқа боғланишини таъмин этадиган жараёнлар негизида, оқибат натижада ҳамиша ташқаридан ҳаракатлантирувчи жараёнлар негизида шаклланишини такидлаган эди. Ҳаракатлар иштирок этмаган тақдирда бизнинг идрокимиз ҳам предметлилик белгисига, яъни ташқи дунё объектларига мансубликка эга бўла олмасди.
Предметлилик идрокнинг белгиси сифатида ҳатти-ҳаракатни бошқаришда алоҳида ролъ ўйнайди. Ғишт ва портловчи модда боғлами пайпаслаб кўрилганда бир-бирига жуда ҳам ўхшаш бўлиб кўриниши ва идрок этилиши мумкин, лекин уларнинг «ўзларини тутиши» жуда ҳам турлича тарзда юз беради. Одатда, биз нарсаларга уларнинг кўринишига қараб эмас, балки уларни амалиётда қай тарзда ишлатишимизга мувофиқ ҳолда ёки уларнинг асосий хусусиятларига қараб баҳолаймиз. Бунга эса идрокнинг предметлилиги ёрдам беради.
Предметлилик перцептив жараёнларнинг ўзини, яъни идрок, жараёнларининг бундан кейинги шаклланишида ҳам катта роль ўйнайди. Ташқи олам билан унинг инъикоси ўртасида тафовут юз берган пайтда субъект идрокнинг анча тўғри акс эттирилишинн таъмин этадиган даражадаги янги усулларини қидиришга мажбур бўлади.
Идрокнинг яна бир хусусияти унинг яхлитлигидир. Сезги аъзоларига таъсир қиладиган нарсанинг айрим хусусиятларини акс эттирадиган сезгилардан фарқли ўлароқ, идрок нарсанинг яхлит образи ҳисобланади. Ўз-ўзидан равшанки, бу яхлит образ нарсанинг айрим хусусиятлари ва белгилари ҳақида турли хил сезгилар тарзида олинадиган билимларни умумлаштириш негизида таркиб топади.
Идрокнинг яхлитлиги унинг структуралилиги билан боғлангандир. Идрок маълум даражада бизнинг бир лаҳзалик сезгиларимизга жавоб бермайди ва уларнинг шунчаки оддий йиғиндиси ҳам эмас. Биз ана шу сезгилардан амалда мавҳумлашган ва бирмунча вақт давомида шаклланадиган умумлашган структурани идрок этамиз. Агар киши биронта куйни тинглаётган бўлса, олдинроқ эшитган оҳанги янгиси эшиттирила бошлагандан кейин ҳам унинг қулоғига чалинаётгандай туюлаверади. Одатда, тингловчи мусикавий асарни тушунади, яъни умуман унинг структурасини идрок этади. Афтидан, эшитилган оҳанглардан энг сўнггиси алоҳида ҳолида бундай тушуниш учун асос бўла олмайди: тингловчининг хаёлида куйнинг бутун тузилиши таркибига кирувчи ранг-баранг ўзаро боғланишлар билан қўшилган ҳолда эшитилиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |