18.7. Сезгининг нейрофизиологик асослари
Билиш жараёнларни, хусусан, сезгиларни ўрганишдан аввал шахс психикасининг барча томонлари билан узвий боғлиқлигини англаш, тушуниш лозим. Чунки сезгилар идрок жараёнининг таркибий қисми сифатида намоён бўлса, идрок инсоннинг ҳаётий тажрибаси, унинг хотираси билан бевосита боғлиқдир.
Психология фанида ва фалсафада билишнинг икки босқичи, яъни унинг ҳиссий (сезги, идрок, тасаввур) ва ақлий (рационал) поғоналари мавжуд эканлиги мумтоз хусусият касб этгандир. Ақлий босқич хотира, тафаккур, хаёл жараёнларини қамраб олган бўлиб, ўзининг мукаммаллиги, юксаклиги, маҳсулдорлиги, ижодийлиги билан олдинги босқичдан кескин ажралиб туради. Бироқ бугунги кунда билиш босқичларининг миқдори, тавсифи психология фани олдида турган зарур вазифаларни бажаришга қурби етмайди, онг даражалари хусусиятларига кўра билиш қўшимча босқичларга нисбатан кучли эҳтиёж сезади. Худди шу боис билишнинг ҳаракатли ҳиссий, ақлий, ижодий, тарихий босқичларга ажратиб тадқиқот қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳаракатли ҳиссий босқич нутққача даврда устуворлик қилиш билан бошқа билиш кўринишларидан кескин тафовутланиб туради. Ҳиссий ва ақлий босқичлар барча инсонларга хос бўлиб, улар онтогенезнинг турли даврларида ҳукм суриши мумкин ва акс эттириш имконияти бошқаларга қараганда маҳсулдорроқ, самаралироқдир. Ижодий-тархий билиш босқичи янгилик яратиш, кашфиёт қилиш, муайян сифат ўзгаришларини вужудга келтириш, у ёки бу хоссаларни такомиллаштириш билан тавсифланади.
Жаҳон психологияси фани маълумотларига қараганда, сезгилар биз учун атроф-муҳит тўғрисида ва ўзимиз ҳақимизда ягона билиш манбаи сифатида хизмат қилади. Сезгилар шундай бир информацион каналки, улар ташқи оламдан ва ички тана аъзоларидан келадиган барча ҳолатлар, таассуротлар айнан худди шу йўллар орқали мия пўстига етиб боради, инсонга таъсирларга нисбатан тўғри жавоб реакциялари қайтаришга ёрдам беради.
Ҳис этиш ёки сезишнинг филогенетик тараққиёти шуни кўрсатадики, ҳайвонларда маълум бир нарсани сезиш, ҳис этиш уларнинг биологик жиҳатдан зарурият, эҳтиёж эканлигига қараб ривожланган.
Бу ҳолатлар кўпгина чет эл олимлари томонидан изчил равишда ўрганилган ўзига хос омиллар, механизмлар мавжудлиги таъкидлаб ўтилган. Масалан, Фриш асалари ҳатти-ҳаракатларини кузатганда, у қуйидаги ишни амалга оширган: гулга ўхшаш мураккаб геометрик шаклга нисбатан асаларининг дифференцировкаси (фарқлаши) осон кечган. Агарда шу мураккаб геометрик шакл ботаникага оид бўлмаса, у ҳолда арида дифференцировка жуда қийинлик билан вужудга келган. Тадқиқотчи Боцнинг кузатишича, жониворлар, қурт-қумурсқаларга хос бўлган товушларга нисбатан худди шу турдаги ҳашаротлар бефарқлик билдирмаган, мабодо товушлар қаттиқ ва тез суръатда кечса, у тақдирда уларга ҳеч қандай эътибор бермаган. Ушбу вазиятни ўзича баҳолаган олим биологик шартланганликдан келиб чиққан, табиий эҳтиёж, инстинкт билан узвий боғланган.
Тадқиқотчи Бойтендайк ўз кузатишларида шу нарсани таъкидлайдики, жумладан, итлар органик кислоталарнинг ҳидини яхши ҳис этадилар, аммо улар ҳайвонларнинг танасини, хушбўй гуллар, ўтлар ҳидини эса аниқ сезиш, ҳис этиш имкониятига эга эмас эканлар.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, қўзғатувчиларнинг биологик жиҳатдан айнан мослиги (адекватлиги) уларнинг физиологик ривожланиши учун моддий негиз, табиий эҳтиёж, зарурат моҳияти билан боғлиқлиги алоҳида таъкидлаб ўтилади. Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, инсондаги аниқ сезгиларнинг шу даражада тараққий этишига ижтимоий муҳит, жараён муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Чунки айрим индивидларнинг сезувчанлиги уларнинг кундалик фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, биологик шартланган хусусиятлар билан жипс алоқада ривожланиши ҳам мумкин. Жумладан, тадқиқотчи Реусса маълумотига кўра: тикувчилар, бўёқ цехида ишловчилар қора рангнинг 40 (қирқ) хилини бир-биридан фарқлаш имкониятига эга эканлар, умуман бошқа соҳада фаолият кўрсатадиган одам дарҳол бундай рангнинг икки турини фарклаб олар экан, холос. Бундан ташқари, дегустаторларда таъм билиш сезгилари жуда ҳам аниқ ва яхши ривожланган бўлар экан. Чунки сезгининг ўсиши кўзғатувчиларнинг рецепторга таъсири натижасида юзага келади, яъни рецепторлар ривожланиши билан боғлиқ.
Сезгилар акс эттиришнинг хусусияти ва рецепторларнинг жойла-шишига қараб, инглиз психологи Ч.Шеррингтон уларни уч катта гуруҳга ажратади:
1. Ташқи оламдаги нарсалар ва ҳодисаларнинг айрим хусусиятларини акс эттирувчи ҳамда тананинг юза қисмида рецепторлари жойлашган экстрацептив сезгилар.
2. Тананинг ички аъзоларида (ўпка, юрак, жигар ва ҳоказо) ва тўқималарида жойлашган ҳамда ички тана аъзоларининг ҳолатини акс эттирувчи рецепторлар билан мужассамлашган интероцептив сезгилар.
3. Инсон гавдасининг ҳаракати ва ҳолати ҳақида маълумот бериб турувчи, рецепторлари мушакларида, пайларда проприоцептив сезгилар.
Психология фанида ҳаракатни сезувчан проприоцептив сезги тури кинестезия деб аталиб, унга тегишли рецепторлар эса кинестезик ёки кинестетик тушунчаси билан номланади. Экстрорецепторлар ўз навбатида контакт ва дистант рецепторларига ажратилади, гоҳо сезгилар тушунчаси «ҳис-туйғу» атамаси билан ҳам юритилади. Одатда, дистант рецепторлар муайян масофадаги объектдан келадиган қўзғатувчиларни қабул қилиб, сўнг уларни нерв йўллари орқали марказга узатади. Кўриш, ҳид билиш сезгилари бунга ёрқин мисол бўла олади.
Экстрорецептив, яъни ташқи сезгилар тўғрисидаги дастлабки маълумот қадимги юнон олими Арасту (Аристотель эрамиздан олдинги 384-322 йилларда яшаб, фаолият кўрсатган), томонидан тавсифланиб берилган бўлиб, у сезгиларни кўриш, эшитиш, ҳид билиш, маза, таъм турларига ажратган эди. Психологик маълумотларга қараганда, сезгилар гоҳо ўзаро боғланиб бошқа сезги турларини юзага келтириши мумкин: масалан, пайпаслаб кўриш натижасида сезиш таркибида тактил тери-туюш сезгилар билан бир қаторда сезгиларнинг тамомлай бошқа тури, яъни ҳарорат сезгиси ҳам киради. Худди шунга ўхшаш воқелик, ҳодиса тактил ва эшитиш сезгиларига нисбатан оралиқ ўринни вибрацион сезги эгаллаши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |