18.5. Психология фанида сезги назариялари
Ташқи олам хусусиятлари тўғрисидаги ва шахснинг ўз гавдасини тута билиш юзасидан билимлар, маълумотлар, хабарлар ва таассуротлар манбаи бу сезгилар бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун сезгилар инсон организмига, яъни унинг тана аъзоларига тушадиган ахборотларнинг асосий канали (йўли) саналиб, улар ташқи дунё ҳамда ички тана аъзолари тўғрисидаги хабарни бош мия катта ярим шарлари ва бош миянинг таркибларига етказиб туради, худди шу боисдан инсон ўзини қуршаб турган макро муҳитни ориентирлаш (мўлжаллаш) имкониятига эгадир. Агарда мазкур каналлар берк бўлиб қолган тақдирда, сезги органлари зарур ахборотлар билан таъминламайди, бинобарин, онгни ҳукм суриш имконияти ўз-ўзидан йўқолади.
Немис файласуфи Христиан Вольф «Рационал психология» (1732 йил) ва «Эмпирик психология» (1734 йил) китобларида: онгнинг ички ҳолати, ақлий фикр юритишга қобилиятлилик табиий моддий асос замиридан келиб чиқиб, ташқи оламдан келиб тушадиган ахборотлар шохобчасига, яъни сезги каналига, ҳеч қандай боғлиқ эмас деб тушунтиришга ҳаракат қилди. Сезгиларга мана бундай ёндашиш назариётчиси «фанга рационализм» тушунчаси билан бирга кириб келди. X.Вольф ва унинг тарафдорлари психик жараёнлар (сезги, идрок, хотира ва бошқалар) мураккаб ижтимоий-тарихий тараққиёт маҳсули эмас, деган ғояни илгари сурдилар. Шунинг билан бирга «Онг», «Ақл» тарихий эволюция натижаси эмас деб, инсон психикасига ўзгача ёндашиб, уни изоҳлаб бериш мушкул бўлган «бирламчи» хусусият эканлигини тушунтиришга интилдилар.
Мазкур назарияга асосланган психологлар инсоннинг сезгилари унинг ташқи олам билан боғлаб турувчи бирдан-бир шахобча эканлигини инкор қилишгача бориб етдилар ва воқеликни мана бундай тарзда изоҳлашга ҳаракат қилдилар: гўёки сезгилар инсонни ташқи оламдан ажратиб турадилар, улар атроф-муҳит ўртасидаги бартараф қилиб бўлмайдиган девор ҳисобланадилар. Беркли, Юм, И.Мюллер, Гельмгольц сингари олимлар сезги органларининг «специфик энергияси» назариясини ишлаб чиқдилар. Бу ғоянинг асосчиси сифатида Иоганн Мюллер қатъий позицияда туриб, уни бутун вужуди билан ҳимоя қилишга интилди. Ушбу назарияга биноан, ҳар қайси сезги аъзоси хоҳ қулоқ, хоҳ тил, хоҳ тери бўлишидан қатъий назар, ташқи дунёнинг таъсирини акс эттирмайди, атроф-муҳитда бўлиб турган реал, яққол жараёнлар юзасидан ахборотлар беришга қобил эмас, фақат у ташқи таъсирдан шахсий жараёнларнинг қўзғатувчисидан туртки олади, холос. Мазкур назарияга кўра, ҳар бир сезги аъзолари ўзининг «специфик энергияси»га эга, ҳар қандай таъсирдан қўзғалади. Масалан, кўзни босиб, унга электр токи билан таъсир қилиб кўрилса, унда ёруғлик сезгиси ҳосил қилинади; қулоққа электр қўзғатувчиси билан таъсир ўтказилса, у ҳолда товуш сезгиси вужудга келади. Бинобарин, сезги аъзолари ташқи таъсирни акс эттирмайди, балки улардан, яъни уларнинг таъсиридан қўзғалади, холос. Инсон ҳеч қачон ташқи воқеа, яққол дунёнинг объектив таъсирларни идрок қилмайди, балки сезги аъзолари фаолиятида ўзларининг шахсий субъектив ҳолатларини акс эттиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |