Мугтепа (Тожикистон)
МУҒ ҚАЛЪА, Қалъаи Муғ — истеҳқом қалъа харобаси (5—6-а. лар). Қум дарёсининг Зарафшон дарёсига келиб қуйилиш бурчагидаги (Тожикистон) тоғ чўққиси устига қурилган 2 қаватли қасрқўрғон. Бу қурилиш ундан аввалги иншоот ўрнида амалга оширилган бўлиши эҳтимол. Чунки, қад. юнон манбаларида забт этиш мушкул бўлган «суғд қоялари» ҳақида маълумотлар учрайди. Олимларнинг фикрича, М.қ. шундай истеҳком «қоя»лардан бири бўлган. Ўрта аср ёзма манбаларида М.қ. га нисбатан абаргар номи ишлатилган и ҳам маълум. Бу суғдча атаманинг маъноси «тоғ устидаги» демакдир. М.қ. да 1932 й. да тасодифан бир суғдча ҳужжат топилиши унинг хароба қолдикларида археологик қазиш ишлари бошланишига сабаб бўлди. 1932—33 й. ларда А.В. Васильев, 1947 й.да В.А. Воронин ўрганган. М.қ. да ўтказилган қазишмалар натижасида мустаҳкам девор б-н ўралган ихчам ҳовли юзаси ҳамда қамал ҳолатда яшашга мўлжалланган хўжалик ва турар жой бинолари мажмуидан иборат қўш қаватли иншоот қолдиклари намоён бўлди. Юзлаб моддий ашёвий топилмалар б-н бир қаторда М.қ. харобаларида суғд, қад. туркий, хитой ва араб ёзувлари б-н битилган 80 та ҳужжатдан иборат қад. архив қўлга киритилди (яна қ. Муғ қалъа ҳужжатлари). М.қ. ёзма ёдгорликларининг гувохлик беришича, қалъа араб истилоси даврида (722 й.) вайронага айлантирилган. М.қ. да Панч (илк ўрта аср Панжикенти) ҳокими Деваштич ўз яқинлари ва аркони давлати б-н қамал қилиниб асир олинган, кейинчалик қатл этилган. Иншоот эса бузиб ташланган.
Ад.: Согдийский сборник. Сборник статей о памятниках согдийского языка и культуры, найденных на горе Муг, Л., 1934; Согдийские документы с горы Муг, М., 1962— 1963; Исҳоқов М ., Сўғдиёна тарих чорраҳасида, Т., 1990; Унутилган подшоликдан хатлар, Т., 1992.
МУҒ ҚАЛЪА ҲУЖЖАТЛАРИ - Муғқалъа харобаларидан топилган ҳужжатлар мажмуидан иборат ўзига хос архив қолдиғи (мил. 7-а. охири — 8-а. боши). Унинг таркибидаги жами 80 хужжатдан 74 таси фанда шартли равишда «миллий суғд ёзуви» ёки Самарқанд суғд ёзуви деб номланган ёзувда битилган. 3 та ҳужжат хитой ёзувида бўлиб, мазкур архив мазмунига дахлдор эмас. Хитойча матн битилган қоғознинг орқа тоза юзасидан ёзув материали сифатида фойдаланилган. 2 та ҳужжат араб ёзувини куфа усулида битилган ва архив мазмунига алоқадор. 1 та ҳужжат тери юзасига қад. турк-руний ёзувда битилган. Ҳужжатлар битилган материаллар турлича. 20 дан ортиқ ҳужжат толдан кесилган таёкчаларда, 20 дан ортиқроқ ҳужжат ошланган тери юзасида ва бир қанча ҳужжат хитой қоғозларда етиб келган.
Ҳужжатларнинг мазмун доираси хилма-хил, уларнинг бир туркуми ҳуқуқий (никоҳ ва бу муносабат б-н оила мулкий муносабатлари ҳақидаги масалаларни акс эттиради) муносабатларга оид. Ҳужжатларнинг яна бири тегирмон ижараси, иккинчиси ер мулкчилиги ҳақидаги ҳужжатлардир.
Бир туркум ҳужжатлар дипломатик ёзишмалар тоифасига киради. Ҳужжат мазмун эътибори б-н араб боскинчилиги воқеалари б-н бевосита алоқадор, унда халифалик ноибининг Мовароуннахрдаги омили Абдурраҳмон бинни Субҳнинг Панч ҳокими Деваштичп огохлантириш ва дўқ-пўписаси ифода топган. Яна бири дипломатик мактуб Деваштич томонидан Руст хокими Афарунга ёзилган бўлиб арабларга қарши ҳарбий кучларни бирлаштириш масаласига ишорат қилади.
Архив ҳужжатларнинг каттагина гуруҳи фрамандар (хўжалик ишлари бўйича нозир) номига ёзилган Деваштичнинг буйруқларидир. Яна бир қанча ҳужжатлар Суғд давлатининг хўжалик муносабатларини акс эттиради. Улар орасида тери ошлаш, чармгарлик, зироатчилик, боғдорчилик ва б. хўжалик соҳаларининг араб истилоси кунларидаги аҳволини кўрсатувчи бир қанча ҳужжат намуналари бор. Яна бир гуруҳ ҳужжатларда молиявий муносабатлар акс этган бўлиб, аввало сарой эҳтиёжлари учун харажатлар рўйхати, турли хил тўловлар ҳақидаги ахборотлар, солиқ ва бож йиғмалари каби бевосита молия иқтисод муносабатлари акс этган.
М.қ.ҳ.нинг тарихий манбалик аҳамияти ғоят даражада юксак баҳоланади.
М.қ.ҳ. бугунга қадар тўлиқ илмий нашр этилган. Уларнинг дастлабки илмий нашрлари рус олимлари А. А. Фрейман, М. Н. Боголюбов, В. А. Лившиц, О. И. Смирновалар томонидан 1960- й. ларнинг бошларида амалга оширилган.
1990—92 й.ларда суғдшунос олим М. Исҳоқов сўнгги даврларда суғдшунослик соҳасидаги янги натижа ва хулосалар асосида М.қ.ҳ- катта туркумини ўзбек тилига таржима қилиб, илмий изохлар б-н нашр эттирди.
Ад.: Согдийский сборник. Сборник статей о памятниках согдийского языка и культуры, найденных на горе Муг, Л., 1934; Согдийские документы с горы Муг, М., 1962—63. Мирсодиқ Исҳоқов.
Do'stlaringiz bilan baham: |