Қадимги ўтроқ аҳоли ва чорвадор қабилалар. Ўрта Осиёнинг ўтроқ деҳқончилик вилоятларида, асосан, зироатчилик, ҳунармандчилик ва савдогарчилик б-н шуғулланувчи суғдийлар, бахтарликлар ва хоразмликлар яшардилар. Улар атрофида даштлик ва тоғ олди ҳудудларида чорвадор қабилаларнинг яйлов-манзилгоҳдари жойлашган эди. Авестода Ўрта Осиёнинг чорвадор аҳолиси — «тур»лар, улар яшайдиган эл-юрт эса Турон номлари б-н тилга олинади. Кдд. Турон чорвадорларининг энг жасур ва жанговари саклар ва массагетлар эди. Улар Евро-осиё (Дунай ҳавзаси)дан Олтойгача бўлган ҳудудларда яшовчи скифларта қон-қариндош бўлганлар.
Эрон манбаларида саклар 3 хил тоифага бўлиб таърифланади: Улардан 1-гуруҳи сака-тиай-тара-дарайя, яъни дарёнинг нариги томонида яшовчи саклар деб аталади. Улар Яксарт (Сирдарё)-нинг қуйи оқими ва Ўкуз (Орол) денгизи бўйларида яшаганлар. 2-гуруҳи сака-тиграхауда, яъни чўққи қалпоқли саклар номи б-н машҳур бўлган. Улар Буюк Турон дашти (Қипчоқ дашти) ва Чоч (Тошкент) вилояти ҳудудларида истиқомат қилганлар. Сакларнинг 3-гуруҳи сака-хаума-варка, яъни маросимий муқаддас ичимлик — «хаума» истеъмол қилувчи саклар деб юритилган. Улар Помир, Фарғона водийсининг тоғ олди ва дашт яйловларида чорва боқиб кун кечирганлар. Сак қабилаларининг ҳаммаси ҳам фақат чорвачилик б-н кифояланмаганлар. Мас, хаумаварка саклари йилқичилик қаторида ғаллакорлик б-н ҳам машғул бўлганлар. Тиграхауда саклари эса, майда шохли ҳайвонларни боқиш б-н бир қаторда қисман деҳқончилик ҳам қилганлар.
Чорвачи қабилалар орасида энг жанговари ва миришкори массагетлар эди. Улар Хоразм (Орол) кўли атрофида яшар эдилар. ҳайвон терисини ошлаб, ундан кийим-бош, пойабзал ва чодирлар тикиб, ғалла ва қуруқ меваларга айирбошлаганлар. Геродотнинг ёзишича, массагетлар скифлар сингари кийинишган. «Массагетлар ғалла экишмайди, — деб ёзади Геродот — чорвачилик ва балиқовлаш б-н кун кечирадилар. Сут ва қатиқ истеъмол қиладилар. Улар ибодат қиладиган ягона тангри — қуёшдир». Шубҳасиз, Ўрта Осиёнинг деҳқончилик воҳаларидаги ўтроқ аҳоли б-н атрофдаги чорвадор сак ва массагет қабилалари ўртасида яқиндан иқтисодий ва маданий алоқалар бўлган.
Мил. ав. 2-минг йилликнинг 2-ярми -1-минг йилликнинг 1-ярмида қад. Турон ва Шарқий Эрон ҳудудларида ибтидоий жамоа муносабатлари ўзгариб, жамиятда табақаланиш юзага келди. Қабилалараро низолар, босқинлар, жангу-жадаллар кучайиб, жамоалар ўртасида ғоявий тортишувлар авж одди. Мана шундай ўта оғир ижтимоий ва сиёсий вазиятда маънавий ҳаётнинг эътиқодий рамзи сифатида зардуштийлик вужудга кедди.
Заратуштра таълимотида олов, ер, сув ва ҳаво муқаддас ҳисобланган. Уларни ифлослантириш катта гуноҳ деб қаралган. Шу боисдан марҳумлар ҳам нопок ҳисобланиб, ерга кўмилмаган, оловда куйдирилмаган, сувга ташланмаган, очиқхавода қолдирилмаган. Марҳумларнинг фақат суяги сопол тобутчалар -оссуарий (остадон)ларда «наус» деб ном-ланган махсус хилхоналарда сақланган.
Зардуштийлик таълимоти асосида эзгулик, бахт-саодат, адолат ва ҳақгўйлик, поклик орқали келажакда порлоқ ҳаётга эришиш ғояси ётади. Бу йўлда Аҳурамаздага сажда қилиш, унинг йўл-йўриқлари асосида ҳаёт кечириш тавсия этилади. Эзгулик гояси туфайли зардуштийлик асрлар оша деҳқончилик воҳаларию, ўтроқ вилоятларга ёйилиб, одамлар ҳаётининг маънавий асосига айлана боради.
Хотираларда тўпланиб оғзаки айтилиб юрган бу эътиқодий мажмуани тартибга солиб, китоб саҳифаларига кўчириб ёзиш Заратуштра вафотидан кейин бошланган. Бу муқаддас китоб «қонун» ёки «асос» маъноларини англатувчи «Авесто» номи б-н юритилган.
Авестода ибтидоий даврларга бориб тақаладиган афсоналар ва оламнинг мукаммал яратилиши ҳақидаги тасаввурлар б-н бир қаторда оламда 2 қарама-қарши кучлар: ёруғлик ва зулмат, ҳаёт ва ўлим, эзгулик ва ёвузлик, адолат ва адолатсизлик ўртасвда содир бўладиган муттасил кураш ҳақида сўз юритилади. Бу зиддиятларнинг оқибати инсон ҳаёти ва фаолияти б-н чамбарчас боғлиқ экани уқтирилади. Инсон шарофатли ва масъул мавжудот сифатида илоҳий ва оқилона яратилган дунёнинг эзгу асосларини ривожлантириши лозим. Инсоннинг энг олий бурчи адолатли ҳаёт кечиришдир. Инсоният абадий бахту саодатга эришиш учун эзгу фикр юргизиши, эзгу сўзнигина сўзлаши, эзгу иш-лар б-н банд бўлмоғи лозим. Шу 3 қоидага ҳаётида оғишмай амал қилган одам қабоҳат, ёвузлик йўлига оғиб кетмайди. Бу эса энг оддий ҳаётий мақсад — ҳақ йўлидаги ягона мақсад бўлмоғи керак. Жамиятда бу қоидаларга амал қилишни маънавий камолот йўли деб тушунилган.
Авестодан маълум бўлишича, мил. ав. 9—8-а.ларда Ўрта Осиёда жамият асосини катта патриархал оила ташкил эт ган. Оила, уй ва хонадон «нмана», оила бошлиғи «нманапати» деб аталган. Бир-бирига қариндош оилалар уруғ жамоаси — «вис»ни ташкил қилган. Вис уруғдан ташқари қишлоқ маъносини ҳам англатган. Уруғ ёки қишлоқ оқсоқоли «виспати» номи б-н юритилган. Улар нманапати орасидан сайланган. Уларнинг вазифаси кенг бўлиб, бир йўла уруғ бошлиғи, ҳакам, диний устоз ва раҳнамо ҳисобланган. Яйлов, Экиин пайкаллари, суғориш иншоотлари виснинг ихтиёридаги жамоа мулки ҳисобланган. Бир қишлоқда жойлашган бир неча уруғларнинг ҳудудий бирлашмаси «варзана» деб юритилган. Авестода қабила «занту», қабила бошлиғи «зантупати» атамалари б-н тилга олинади. Бир қанча вислар жойлашган воҳа «дахью» деб аталган. Унинг бошлиғи «дахьюпати» номи б-н улуғланган. Бир қатор дахьюларни бирлаштирган кенг худуд, яъни вилоят «састар» томонидан бошқарилган. У қавийлик даражасидаги вилоят ҳукмдори, ўз навбатида ҳарбий қўмондон хисобланган. Бу давр Ўрта Осиёда Суғд, Бахтар, Хоразм, шунингдек, Парфия ва Марғиёна каби тарихий вилоятлар шакллана бошлаган замон эди. Бу даврда жамиятда тенгсизлик ва табақаланиш юзага келиб унда деҳқон, чорвадор ва ҳунармандлар б-н бир қаторда қавийлар, ҳарбийлар, коҳинлар, эркин жамоа аъзолари «озод»лар, улуғлари «асна» ҳамда оила хизматкорлари—«вайса»(қул), «вира» ва «париайтар» (чўпон) каби пастки табақа вакиллари тилга олинади.
Демак, келтирилган маълумотлар мил. ав. 1-мингйилликнинг 1-чорагида Ўрта Осиёда жамиятнинг ижтимоий ҳаётида илк табақаланиш содир бўлиб, эркин жамоа тизими бузила бошлаганини кўрсатади. Шунингдек, жамиятни бошқаришда қишлоқ, воҳа, вилоят ва бир неча вилоятларни сиёсий бирлаштирган илк давлатчилик бирлашмалари ташкил топа бошлаганидан гувохдик беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |