ЧУСТ МАДАНИЯТИ - Фарғона водийсидаги кўҳна деҳқончилик маданияти (мил. ав. 2-минг йиллик охирги чораги — 1-минг йиллик бошлари). Деҳқонлар сув бўйидаги унумдор ерларни ўзлаштирилишига қараб алоҳида воҳа ёки гуруҳ тарзида жойлашганлар. Ч.м. ёдгорликлари, асосан, Фарғона водийсининг шим.-шарқий туманларида учрайди, уларнинг сони ҳоз. 80 дан ортиқ. Бу маданиятга тааллукли 1-ёдгорлик 1950 й. тошкентлик археологлар М.Э.Воронец ва В.И.Спришевскийлар томонидан ҳоз. Чуст ш. яқинидан топилган. Маданият номи шундан (маҳаллий аҳоли Буонамозор деб атайди). 1953—61 йларда В. И. Спришевский Ч.м.да мунтазам археологик текшириш ишлари олиб борган. Ч.м.ни кейинги ўрганилишида Санкт-Петербурглик олим Ю.А.Заднепровскийнинг хизматлари катта бўлган. Ч.м.нинг айрим ёдгорликларида (Далварзин, Чует) мудофаа иншоотлари ўрганилган. Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидаги Далварзин водийсидаги илк шаҳар ва ўзига хос марказ бўлгани (мил. ав. 12— 7-а.лар) археологик жиҳатдан исбот этилган.
Ҳоз. кунда Ч.м.да 3 хил турдаги яшаш жойлари кавланган: 1) чайлага ўхшаш енгил уйлар; 2) ертўлалар; 3) ғишт-пахсадан қилинган уйлар. Ч.м. со-ҳиблари, асосан, илк суғорма деҳқончилик (арпа, буғдой, тариқ), чор-вачилик, металл (жез)га ишлов бериш, кулолчилик, тўқимачилик б-н шуғулланганлар; овчилик, балиқ овлаш ҳам хўжаликда муҳим роль ўйнаган. Бунга археологик ёдгорликларни қазиш пайтида топилган жез пичоқлар, бигизлар, металлга ишлов беришда ишлатилган тош қолиплар, тўқимачиликда қўлланилган суякдан ясалган тароқсимон асбоблар ҳамда минглаб сопол идишлар гувохлик бермоқда. Уй-рўзғор буюмлари ичида, айниқса, нақшиндор сопол идишлар ажралиб туради. Нақшлар, асосан, геометрик шаклда қора, жигарранг бўёқ б-н идиш сиртига берилган. Айрим ҳолларда ҳайвон тасвирлари (эчки) ҳам учрайди. Ч.м. аҳолиси марҳумларни ўзлари яшаб турган жойга (уй ичига ва остоналарга) дафн этишган. Алоҳида ажратилган қабристонлар бўлмаган. Марҳумларни якка ва кўпчилик қилиб ғужанак ҳолда ён томон б-н кўмганлар. Фақат Далварзинтепада одам суяги ва калласи алоҳида, иккиламчи бор кўмилгани қайд этилган. Булардан ташқари, уй ҳайвонлари ҳам баъзида одам суяклари б-н бирга кўмилган. Ҳозирда Ч.м.нинг ўзига хос маҳаллий хусусиятлари ва қўшни ҳудудлар [Тошкент воҳасидаги Бурғулуқ (Бурганли)] маданияти, Жан. Узбекистоннинг Кучуктепа маданияти б-н алоқалари (Б.Х.Матбобоев) ўрганилмоқда.
Ад.: Матбобоев Б.Х., Локальные варианты Чустской культуры Ферганы, Л., 1985; Вайнберг Б.И., Ставиский Б.Я., История и культура Средней Азии в древности, М., 1994.
Do'stlaringiz bilan baham: |