Қадимги деҳқончилик вилоятларининг ташкил топиши. Мил. ав. 1-минг йилликнинг 1-ярмида дарё водийларида йирик сугориш тармоқлари барпо этилиши б-н деҳқончилик майдонлари тобора кенгайиб борди. Айрим серсув каналлар бўйлаб зироаткор воҳалар шаклланди.
Суғд (Самарқанд), Бақтрия(Бахтар) ва Хоразм каби тарихий-маданий вилоятлар ташкил топди.
Авестода таъриф этилишича, Гава (Суғд) ўлкалардан энг афзали бўлган. Бу вилоятда суғдийлар яшаганлар. Ўлка бўйлаб сув ёқаларида зироаткор обод катлар — қишлоқлар, атрофи баланд мудофаа деворлари б-н ўралган мустаҳкам қўрғон-қалъалар жойлашган. Қалъа деворлари мудофаа буржлари, қамал вактида ташқарига ўқ узадиган нишон туйнуклари - тиркашлар б-н таъминланган. Суғдда Смараканса (Самарканд), Навтака, Кеш, Никшапа (Нахшаб) каби йирик шаҳарлар қад кўтарган. Бу шаҳарларда вилоят қавийлари - ҳукмдорларининг қароргоҳи - арк жойлашган. Суғд шаҳарлари ҳунармандчилик ва савдо маркази бўлиб, уларнинг харобалари бизнинг давримизгача Афросиёб, Ерқўрғон ва Узунқир ёдгорликлари остидан топилиб ўрганилган.
Бу даврда ташкил топган 2-деҳқончилик вилояти Бақтрия (Бахтар) номи б-н шуҳрат топган. Манбаларда таъриф этилишича, қадимда Бақтриянинг табиати бой ва хушманзарали бўлган. Зироатчиларнинг уй-жойлари боғ ва экинзорлар б-н ўралган. Ҳайдалган ерларга ғалла экилган. Бақтрияда шаҳар, қишлоқ, қалъаю қўрғонлар кўп бўлган. Бақтрияликлар қароргоҳ мудофаасига алоҳида эътибор беришган. Деворлари мудофаа буржи ва борулар ҳамда чуқур хандақлар б-н мустаҳкамланган. Шаҳарлар ичида хом ғиштлардан бино қилинган уйлар, хўжалик бинолари ва ҳунармандчилик устахоналари қад кўтарган. Бу вилоятнинг бош шаҳри Бақтра (Зариаспа) бўлган. Вилоят ҳукмдори «қавий» лик даражаси б-н улуғланган.
Қавий Виштасп Зардушт динини биринчилар қаторида қабул қилиб, уни давлат дини деб эълон қилган.
Бақтрия ўзининг қимматбаҳо ложувард ва лаълилари, чидамли нор туялари ва шифобахш тут дарахти б-н шуҳрат топган. Бақгрия ложувардию лаълиси туяларга ортилиб Оссуриягача олиб борилган.
Ўрта Осиёнинг қад. деҳқончилик вилоятларидан яна бири — Хоразм. Биҳистун китобаларидя Хваразм номи б-н массагет ва саклар юрти сифатида тилга олинади. Кадимда бу ўлкада мустаҳкам улкан қалъалар кўп бўлган. Шу боисдан бу мамлакатга «Ажойиб қалъали ўлка» деб ном берилган. Кейинчалик у Хоразм номи б-н шуҳрат топган. Кад. Хоразм марказларидан бири Кўзалиқир қалъасида, иккинчиси эса Кат ш.да жойлашган Фил (Фир) қалъасида бўлган. Қалъаларнинг ҳар иккиси ҳам мустаҳқам мудофаа деворлари б-н ўралган.
Баъзи бир маълумотлар бўиича, қад. Хоразм Амударёдан жан.да жойлашган Парфия, Харкония (Гиркания) ва Мурғоб (Марғиёна) ўлкаларини ҳам ўз ҳудудига бирлаштирган. Шунга асосан, айрим китобларда у «Катта Хоразм» номи б-н ҳам таърифланади. Қад. юнон тарихчиси Геродот Катта Хоразм давлатининг экин майдонларини суғориш мақсадида Акес (Ҳерируд), дарёси тўғон б-н тўсилиб, сув омбори барпо этилгани тўғрисида ҳикоя қилади.
Қад. Хоразмда деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, айниқса бинокорлик ва айирбош савдо тараққий топган эди. Хоразм ўзининг мустаҳкам қалъалари, каналлари б-н машҳур эди. Ўнлаб километрларга чўзилган йирик суғориш тармоқлари ва иншоотлари, шубҳасиз, вилоятнинг бош ҳукмдорлари — қавийлари авлоди томонидан уюштирилган оммавий ҳашарлар воситасида Хоразмнинг меҳнаткаш деҳқон жамоалари кучи б-н барпо этилган.
Шундай қилиб, мил. ав. 8—7-а.ларда деҳқончилик, чорвачилик ва хунармандчилик каби ишлаб чиқарувчи хўжаликларнинг ривожи б-н қишлоқлар кенгайиб шаҳарларга айлана бошлади. Деҳқончилик воҳалари шаклланиб Суғд, Хоразм ва Бақгрия каби қад. вилоятлар ва улар асосида илк давлат бирлашмалари ташкил топди. Ҳатто бу вилоятлар-нинг иккисида Хоразм б-н Бактрия каби 2 мустақил дастлабки подшоликлар қарор топиб, ўтроқ зироаткор аҳоли б-н чорвадор кўчманчи қабилалар ўртасида муҳим иқтисодий ва маданий алоқалар жадаллашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |