ЎЧМАС ХОТИРА
(Комилжон бобожонимнинг порлоқ хотирасига бағишлайман)
Қалбим ўкинтирди соғинч азоби,
Беш ёшга тўлмайин айрилдим сиздан.
Ҳеч йироқ кетмади фироқ гирдоби,
Розимисиз бобо набирангиздан.
Орзуйингиз менинг орзуйим бўлди,
Армонингиз эса армонимдир рост.
Ўша бахтли дамлар ёдимда қолди,
Хотирлар хаёлдан кетманг ИЛТИМОС.
Соғинчлар қалбимни ўртайди ҳар дам,
Гоҳо хаёл билан сизни эслайман.
Юрагим тубига чўкмоқдадир ғам,
Ҳатто тушларимдан сизни излайман.
Нидо - ю оҳимга фарёдин қўшиб,
Булутлар сафланиб бўлдилар равон.
Бугун тупроқларга кўзёшин тўкиб,
Осмон ҳам эслади сизни Бобожон.
СОҒИНЧ РАНГЛАРИ
( Йўлчивой бобомнинг порлоқ хотирасига бағишлайман)
Ёзлар юрагингга оловлар ёқди,
Димоғларинг туйди фироқлар исин.
Бувижон бир менга ғамгинроқ боқдинг,
Сендан юзин бургач дийдорлар ҳиси.
Ҳар бир чеҳралардан излаб бобомни,
Бугун меҳрга зор, меҳринг булоғи.
Босиб ўтган эдинг қанча довондан,
Бобомнинг сўзларин қўмсар қулоғинг.
Ҳар куни йиғлаблар боқиб кўчага,
Нигоҳлардан юпанч, таскин излардинг.
Бир бор дийдорларга имкон берса гар,
Биламан фироқни мангу сизлардинг.
Тоабад ҳисларга таъриф излайман,
Дудоқларинг сезсин баҳорлар чанггин.
Беғубор бўларкан номин билмайман,
Кўзларингда кўрдим соғинчлар ранггин.
БАХТ РАНГГИ
Армонлар гоҳида бағринг тилганда,
Устингдан мириқиб фироқ кулганда.
Умидлар лабларин сенга бурганда,
Кўзларингдан томар томчи-томчи бахт...
Баланд келганида орзулар қўли,
Қувонч- у шодликга бурканар йўлинг.
Рўёлар чекиниб,дунёлар кулар
Лабингда жилмаяр энди эса бахт...
Дийдорлар тўқнашди дийдор онида,
Мудом бирга бўлгин бахтлар ёнида.
Ошиқсан, бахтлисан бахтнинг боридан,
Шодон юрагингда ураяпти бахт.
ЁЛҒИЗЛИК
Қалбимда меҳрим йўқ ҳатто ўзимга,
Кўплар ишонмайди ушбу сўзимга.
Жимжитлик ҳукмрон менинг устимдан,
Қувончлар акс этмас афсус юзимда.
Ўзимни тушунмоқ ўзимга қийин,
Ўтиб борар умрим, кун ва тун сайин.
Ёлғизланиб қолдим гавжум дунёда,
Мадҳ этмоқда мени ёлғизлик куйи.
Тақдир йигиради умримни аста,
Ўтмиш калавага борар айланиб.
Болалик қариркан, бўларкан хаста,
Ишқ ҳам учиб кетар нурга айланиб.
Ҳаётим саҳнада куйланган қўшиқ,
Мухлислар гоҳида қилади олқиш.
Пешонамда бори амалга ошар,
Иккинчи ўринда туради хоҳиш.
Умрим осмонидан йиллар томчилар,
Бир-бирини қувар ойлар бетиним.
Юракни беаёв армон қамчилар,
Тупроқларга сингиб бормоқда куним . . .
☆☆☆
Кумуш қиш музлатгач бутун оламни,
Батамом қалбимдан чиқаргум сени.
Парволар қилмадинг ўтли ноламга,
Ҳеч қачон ёнимга қайтмагил мени.
Кетавер ортингдан эргашмам асло,
Енди ҳаётимга бегонасан сен.
Баҳорларда гул-гул юрибсан танҳо,
Бўронларни қучиб яшаяпман мен.
Кумуш қиш келмаса агар ёнимга,
Соғинчларим осиб қўяман дорга.
Озорлар бермайман ширин жонимга,
Ҳозироқ шимолга кетаман, қорга.
Do'stlaringiz bilan baham: |