ЙИҒЛАТМАГИН ҲЕЧ
"Гоҳида мусаффо осмонга қараб"
С.Чориева сатри
“Гоҳида мусаффо осмонга қараб”,
Сингиб кетар руҳим само қўйнига.
Гоҳида қаддим тик, гоҳо эмаклаб,
Яшашга мажбурман тақдир ўйнига.
Дўстларим ортимдан ғийбатлар қилар,
Дардга ошнолигим наҳот етмади.
Вафодорроқ чиқди дўстдан қайғулар,
Чунки, бир зум мендан йироқ кетмади.
Фироқ оғушида қоляпман баъзан,
Ўчира олмасман армонли шамни.
Ё РОББИМ ўтинчим йиғлатмагин ҳеч,
Фаришта сиймоли мунис онамни.
☆☆☆☆☆☆
Ҳаёт дарё ортга қайтмас оқиб кетар,
Кимдир "ўнгга" кимдир "сўлга" боқиб кетар.
Гумонларга берилмагин бўлди етар,
Яшамайсан айтгин нечун ҳаловатда..
Яқинларинг ғам чекканин англамасанг,
Ҳар лаҳзада эзгуликни танламасанг,
Фурсат ўтар, тушун, ўзни ўнгламасанг,
Қоласан-ку тоабадга залолатда.
Яхши кунми,ёмон кунми, бахтга йўйиб,
Нафас олгин, шукур айлаб тўйиб-тўйиб,
Роббим дегин пешонангни ерга қўйиб,
Сўнгра, қалбинг ором олсин ибодатда.
ОТАМ
Кечдим қиш-у баҳор, ёз-у кузидан,
Фасллар чиройи беролмас таскин.
Ўзгаларнинг сохта, мақтов сўзидан,
Танбеҳингиз менга соямдек яқин.
Отажон ғам кўрманг ёруғ дунёда,
Умидсизлик дилга уя солмасин.
Кенгга-кенг, торга-тор фоний дунёда,
Қалбингизда зарра армон қолмасин.
Шодликни зиёрат қилмоқ истадим,
Бир чимдим қайғу-ю андуҳдан тота.
Ёш боладек соф бир қувонч изладим,
Меҳрингиз фаслида яшайлик ота.
КУЗ КАПАЛАКЛАРИ
Чопиб бораётган ҳаёт йўлларим,
Шамол тўзонидек ўтди ғувиллаб.
Вақтдан ўзаётган бедор кунларим,
Шошманглар юрагим кетар шувиллаб.
Сарғимтир кишандан халос этсин вақт,
Юлдузларни чорланг зимистон тунлар.
Тақдир йўлин чорланг шошиб кетган вақт,
Хазондек тўкилди умримдан кунлар.
Шамоллар бетиним шамол дастидан,
Дарахтлар қадди дол қалтирар дир-дир.
Бошим узра ҳамда кенг йўл устидан,
Сариқ капалаклар айланар гир-гир.
Қиш фасли чорлайди яхмалакларнинг,
Устида армонлар учарлар чана.
Табиат тез кунда капалакларнинг,
Сарғиш қанотларин оқ рангга бўяр.
Оёғим остини қоплаганда қор,
Кўзларга туюлса дунё бўш хона.
Ўзгалар тингламас дардимни бир бор,
Чунки тингламадим дардингни она.
☆☆☆☆☆☆
Хазонлар қоплади кўнгил боғини,
Юракка армонлар лашкари етди.
Унута олмадим дийдор чоғини,
Умидлар қўл силтаб олисга кетди.
Табиатга боқиб йиғларди кўзлар,
Қаерларда қолди борлиқ жилоси.
Совуқдан мункайиб дарахтлар музлар,
Мунгли куйламоқда қалбим овози.
Ўрнини бўшатди гулзорлар наҳот,
Ёлғизлик ўстирар гавжум далалар.
Гўзаллик қайларга беркиндинг шитоб,
Димоғга сукунат иси таралар.
Қувончли беқувонч саволлар билан,
Янги орзу чорлар йўқ сира ташвиш.
Сочларим тўзғитган шамоллар билан,
Табиат бағрига кириб келди қиш.
Хайрият кўзларда қуриди жолам,
Орзуга етмоқчун зарра умид бор.
Оқликка бурканиб бормоқда олам,
Борлиқ доғларини яширмоқда қор.
Do'stlaringiz bilan baham: |