Хориоэпендиматитларнинг неврологик аломатлари умуммия ва ўчоқли симптоматиканинг турли-туманлиги билан тавсифланади, бу ликвородинамик бузилишларнинг даражасига боғлиқ. Кўпчилик ҳолларда биринчи бўлиб, умуммия симптомлари аниқланади. Бунинг боиси шундаки, касалликнинг ўткир даврида яллиғланиш жараёни диффуз равишда хориоид чигалларни ва қоринчалар деворининг устки қатламини ўз ичига олади. Ўчоқли симптомлар асосида эса яллиғланиш жараёнининг (агар умуммия симптомлари уларни билдирмай қолмаса) чуқур перивентрикуляр қатламга тарқалиши ётади.
У м у м м и я с и м п т о м л а р и.
Умумий мия симптомлари ичида бош оғриши биринчи ўринда туради. Бош оғриши ҳар хил бўлади. Ўткир босқичда у диффуз, орбитага тарқалади, эзадиган, камдан-кам босадиган табиатда бўлади ва бошни бурганда зўраяди. Бу хилдаги бош оғриғига калла суяги ичи гипертензияси сабаб бўлади ва мия пардалари рецепторларнинг таъсирланиши билан изоҳланади, дейишади. Сурункали босқичда бош оғриғи кўпинча маҳаллий табиатда бўлади, тинмай ёки хуружсимон оғриши мумкин ва одатда кечқурунга бориб зўраяди (ўткир турида эрталаб). Бу босқичда кўпинча бош оғриши об-ҳаво ўзгарганда зўраяди.
Бош айланиши нисбатан камроқ кузатилади, у мунтазам бўлиши ҳам, номунтазам (кўпинча) табиатда ҳам бўлиши мумкин. Кўпинча у «сузаётгандек», «учаётгандек», тушиб кетаётганлик ҳисси, бошни ичкарига айлантириш сифатида белгиланади. Бош айланиши асосида IV қоринча туби вестибуляр ядронинг таъсирланиши, калла ичи босимининг ошиши ётади.
Қоринчалар яллиғланишининг ҳаммадан кўп учрайдиган симптомларидан бири, бош мия ўсмасидаги каби, бошнинг ва тананинг мажбурий, яъни зўрма-зўраки вазиятда туришидир. Бу ҳодиса асосида окклюион жараёнларда ликвор циркуляциясининг (айланишининг) бузилиши ётади. Окклюзия даражасига қараб, бош олдинга, орқага, ён томонларга эгилиши, шунингдек турли вазиятларда қотиб қолиши мумкин. Қатор ҳолларда бош фақат жуда қаттиқ оғригандагина қимир этмай туради. Калла суяги ичи босими баланд бўлганда бемор бошини ва танасини ҳечам букмасликка, пастга эгмасликка ҳаракат қилади. Калла ичи суяги босими паст бўлганда одам ўрнидан бирдан турганда бош оғриши билан бирга бош айланиб кетади, кўз олди қоронғилашади.
Кўпинча хориоэпиндематити бор беморларда менгингиал симптомлар кузатилади. Уларнинг пайдо бўлишида одатда окклюзион гидроцефалия калла суяги ичи босими ошиши билан бирга кечади.
Ўчоқли симптомлар жараённинг қайси мия қоринчасида жойлашишига боғлиқ бўлади.
Ён қоринчалар симметрик гидроцефалия билан зарарланганда кўрув нервларининг димланган дисклари, кўриш майдонининг торайиши, қулоқ шанғиллаши, қулоққа ҳар хил товушлар эшитилиши (галлюцинация), ҳаракатнинг ва сезгининг бир оз бузилиши, координатор синамаларнинг икки томонда уйғунлиги бузилиши, статиканинг ва юришнинг ўзгариши қўшилади.
III қоринча зарарланганда, айниқса у кенгайганда вегето-томир кризлари, харорат идора этилишининг ва ҳид билишнинг бузилиши, кўришнинг пасайиши, тўрт тепалик синдроми (юқорига қараганда парез), кўз қорачиғининг ўзгариши, эндокрин бузилишлар, кўриш доирасининг ўзгариши қайд қилинади. Турли хилдаги гемианоптик нуқсонлар, шунингдек, кўриш ўткирлигининг нотекис пасайиши асосида III қоринча олд деворининг кенгайиши ва кўрув нервлари кесишмаси зарарланиши ётади.
IV қоринча, айниқса Мажанди тешиги қисман ёки тўлиқ окклюзияси билан зарарланганда вестибуляр симптомокомплекс (бошнинг айланиши, кўнгил айнаши, қусиш, спонтан нистагм, Ромберг ҳолатида чайқалиш, бульбар симптомлар (нафаснинг, юрак фаолиятининг бузилиши, энса соҳасининг оғриши, мияча бузилишлари, қулоқнинг шанғиллаши, кўрув нервлари дискларининг димланиши пайдо бўлади.
Пирамида симптомларнинг намоён бўлиши даражаси калла суяги ичи гипертензияси даражасига боғлиқ бўлади. Рухий сферадаги функционал ўзгаришлар жаҳлдорлик, кайфиятнинг ўзгариб туриши, хотиранинг ва диққатнинг пасайиши билан намоён бўлади. Беморларнинг руҳан толиқиши (астенизацияси), депрессия, уйқучанлик, қизиқишлар доирасининг торайиши гипотензив синдром учун хос.
Х о р и о э п е н д и м а т и т л а р н и н г к л и н и к б о с қ и ч л а р и.
Хориоэпендиматитнинг кечишида 4 та босқич: ўткир, ним ўткир, сурункали-қайталовчи босқич ва қолдиқ ҳолатлар босқичи тафовут қилинади.
Ўткир босқич умум яллиғланиш реакциялари умуммия симптоматикасининг устунлиги билан тавсифланади, баъзи ҳолларда менингиал симптомлар кузатилади. Вақт ўтиши билан (1-2 ҳафта) клиник симптомлар қайтади, қатор ҳолларда ташқи жиҳатдан тўлиқ ёки нотўлиқ сифатли соғайиш бошланади. Бироқ организмнинг сенсибилизацияси изсиз ўтиб кетмайди, қўшимча зарарлар компенсациянинг йўқолишига олиб келади, энди миянинг қоринча тизимида ним ўткир кечиш билан анча дағал ўзгаришларга олиб келади. Яна калла ичи гипертензияси пайдо бўлади. Бу босқич симптомларнинг камроқ динамиклиги билан фарқ қилади ва аста-секин (1-2 ойдан кейин) сурункали босқичга ўтади, у ликвородинамик бузилишлар ривожланиши билан тавсифланади, клиник симптомларининг турли-туманлиги эса ликвор йўлларининг окклюзияси даражасига боғлиқ. Бундан ташқари, қоринчалар деворида узоқ кечадиган яллиғланиш уни миянинг анча чуқур қатламига ва мия устунининг пўстлоқ ости ҳосилаларига, миячасига тарқалишига олиб келади ва ҳоказо.
Қатор ҳолларда ликвор гипотензияси унга хос бўлган барча клиник аломатлар билан пайдо бўлади. Афсуски, кўпчилик ҳолларда сурункали босқичда ҳали жараён тугамайди. Такрор нейроинфекция тушиши ёки шикастланиш кўпинча касалликнинг зўрайишига, ремиссиянинг тўхташига, янгидан-янги клиник симптоматика билан, яна ривожланиш билан декомпенсацияга имкон беради: касалликнинг чўзилиб кетиб, айрим ҳолларда тез-тез зўрайиб туриши мияда қон айланишининг декомпенсациясига олиб келади ва кейинчалик инсульт ривожланади. Рухий бузилишлар ҳам кўп учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |