6.5.Энцефалитлар.
Энцефалит - бош мия моддасиннг яллиғланишидир. Ҳозирги пайтда ўткир бирламчи, пост - ёки параинфекцион энцефалитлар ва сурункали энцефалитлар тафовут қилинади. Бирламчи энцефалитлар инфекциянинг бош мияга бевосита кириши натижасида ривожланади. Пост- ёки параинфекцион энцефалитлар қандайдир бирор умумий инфекция келтириб чиқарган иммун бузилишлар натижасида ривожланади. Барча энцефалитларнинг тахминан 50%и параинфекцион энцефалитларга тўғри келади.
6.5.1. Герпетик энцефалит
Герпетик энцефалит ўткир энцефалитнинг ҳаммадан кўп учрайдиган турларидан бири. Касаллик қўзғатувчиси 1-типдаги оддий герпес (учуқ)нинг вируси ҳисобланади, у ҳам оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватини герпетик зарарланишини пайдо қилади.
Вирус одам организмида узоқ йилларгача катталашиб бориш (персистирловчи) қобилиятига эга бўлади, деб ҳисоблашади. Бироқ энцефалитнинг ривожланишига нима сабаб бўлиши бирламчи инфекция юқишими ёки организмда қайта пайдо бўладиган вируснинг реактивакциясими, ҳамон номаълум бўлиб қолмоқда.
П а т о м о р ф о л о г и я. Герпетик энцефалитда бош мияда морфологик ўзгаришлар пешона ва чакка бўлимининг медиал соҳасида топилади. Бош мия структурасини танлаб зарарлашига балки вируснинг ҳид билиш йўллари (ҳид билиш пиёзчаси) ёки уч шохли нерв шаҳобчалаларининг учламчи тугундан периневрал бўшлиғига тарқалиши сабабдир. Бош мия паренхимасининг лимфоцитар инфильтрланиши билан ўткир геморрагик некрозга учраши хос.
К л и н и к а с и. Касаллик шиддат билан бошланади, тана ҳарорати ошади, бош оғрийди, бемор қусади, энса мушаклари қотиб қолади, нутқ бузилади, гўё ҳар хил ҳидлар димоғига киради (галлюцинация), эпилептик тутқаноқлар тутади. Касаллик аломатлари зўрайгандан зўраяди. Бир неча кун ичида коматоз ҳолат ривожланиб, бемор ўлиб қолиши мумкин. Герпетик энцефалитда ўлим 70% ни ташкил қилади.
Т а ш х и с л а ш. Герпетик энцефалитнинг шак-шубҳасиз аниқ мезони йўқ. Қонни ва орқа мия суюқлигини серологик текшириш оддий герпес вирусига антитело титрининг ошишини кўрсатиши фақат касаллик бошлангандан кейин 10-12 кун ичида натижа бериши мумкин, бунда энди специфик даво буюриш кеч бўлади. Зарарланган жойни аниқлаш учун клиник неврологик текшириш билан бир қаторда (чакка бўлаги медиал қисмининг зарарланиши учун неврологик статусда сенсор афазия, ҳид билиш ва там билиш галлюцинациялари, парциал эпилептик тутқаноқлар хос) бош миянинг КТ ва МРТ текширишлари ўтказилади. Орқа мия суюқлигида лимфоцитар - нейтрофил плеоцитоз 1 мм3 да 500 ҳужайрагача, оқсил миқдорининг сал ошгани ва аралашган эритроцит аниқланади, бу жараённинг геморрагик табиатга эга эканлигини кўрсатади.
Д а в о л а ш. Герпетик энцефалитни даволашни албатта вирусларга қарши препаратлар билан ўтказиш керак. Ацикловир (зовиракс) 10 мг/кг дозада венага томчилаб, кунига 3 маҳал буюрилади. Даволашнинг давомийлиги 10-12 кун. Ўткир герпетик энцефалитга аниқ ташхис қўйиш қийин, аммо вирусларга қарши препаратларни иложи борича эрта буюрилганда давонинг самарали бўлиши таъминланади. Ацикловирни энцефалитнинг герпетик табиатда бўлишига шубҳа қилинган барча ҳолларда буюриш тавсия қилинади. Беморларга шунингдек, сув-электролит мувозанатини тутиб туришга, бош мия фаолиятини яхшиловчи, эпилептик тутқаноқларни тўхтатишга қаратилган симптоматик терапия буюрилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |