72. Европада ҳарбий-сиёсий иттифоқларнинг юзага келиши.
Шундай қилиб, Бисмаркнинг жиддий уринишлари натижасида Францияни яккалаб қўйиш мақсадида “Учлар иттифоқи” тузилди. 1882 йилда Бисмарк Туниснинг Италия томонидан босиб олинишини қўллабқувватлади ва шу йўл билан Италияни ўзининг сиёсий иттифоқчилиги томон етаклади. Италия, бир томондан, Германия билан иттифоқ тузишни истаса-да, бироқ иккинчи томондан, унинг Австро-Венгрия билан ўзаро зиддиятлари мавжуд эди. Чунки Триест ва Тринтино ҳудудлари АвстроВенгрияга қарар эди. Аммо Бисмарк италияликларга, Берлин билан яқинлашиш Вена орқали амалга оширилади, деб таъкидлади. Германия, Италия ва Австро-Венгрия ўртасидаги 1882 йилги битим 5 йилга мўлжалланган эди, бироқ бу битимнинг амал қилиш муддати бир неча марта узайтирилиб, 1915 йилгача давом этди. Янги тузилган коалиция бир томондан, Францияга, иккинчи томондан – Россияга қарши қаратилган эди. Шу билан бирга, Бисмарк Россия билан дўстона муносабатда бўлиб, унинг Франция билан яқинлашишига йўл қўймасликка ҳаракат қилди. Шу сабабли, у уч император иттифоқини ҳам эсдан чиқармас эди. Бироқ – 1885–1886 йиллар давомида Россия–Австрия ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда кескинлашди. Ўз навбатида Россия томонидан Ўрта Осиёда Марв шаҳрининг босиб олиниши, Россия қўшинларининг Туркманистон ҳудудларига суқилиб кириши ҳамда русларнинг Англия тасарруфида бўлган Афғонистон чегараларига яқинлашиши Россия-Англия муносабатларини ҳам ёмонлаштирди. Ана шундай вазиятда Россия– Германия–Австрия ўртасидаги уч император иттифоқи барҳам топди. Бисмарк Россия ҳукуматига Германия билан икки томонлама махфий битим тузишни таклиф қилди. Халқаро вазият Россиянинг шундай битим тузишини тақозо этмоқда эди. 1887 йилда Россия ва Германия ўртасида тузилган битим ўз-ўзини суғурталаш номини олди. Унга биноан, агар Франция Германияга ҳужум қилиб қолгудек бўлса, Россия Германияга нисбатан бетараф бўлиши керак эди, ўз навбатида, Англия Яқин Шарқда Россияга нисбатан душманлик сиёсатини олиб борса, Германия бу ҳудудда Россияни қўллаб-қувватлаши лозим эди. Шу йўл билан Россия Қора денгиз ҳудудидаги ўз чегараларини инглизлар флоти ҳужумидан ҳимоя қилишни кўзда тутган эди. Франция ва Россия ўртасидаги яқинлашув сиёсий ва стратегик аҳамият касб этмоқда эди. Эльзас ва Лотарингиянинг немис ерларига қўшиб олиниши ҳамда Германия империясининг вужудга келиши ҳалқаро миқёсда Франция мавқеини пасайтириб юборди. Франция ташқи сиёсат масалаларида яккаланиб қолди. Шу сабабли, Франция Россия билан ўзаро иттифоқ тузишга ҳар томонлама муҳтож эди, чунки Германия Францияга истаган пайтда ҳужум қилиши мумкин эди. Франция шундай пайтда Россияга таяниши ва ундан ёрдам олиши мумкин эди. Ҳар иккала давлат ўртасида ўзаро умумий чегаралар ҳам, жиддий қарама-қаршиликлар ҳам йўқ эди. Ҳар иккала давлат учун умумий хавф – бу Германия империяси томонидан бўлган умумий таҳдид эди.
1. Энг муҳими, ҳар икки давлат ўртасидаги иқтисодий омиллар бўлиб, сўнгги пайтларда Германия ва Россия ўртасида ғалла масалаларида бож ундириш ғавғоси кўндаланг турар эди. Бисмарк рус ғалласини немис бозорига олиб киришга тўсқинлик қилаётган эди. Чор Россиясининг протекционизмга асосланган сиёсати, ўз навбатида, немис буржуазиясига катта зарар келтираётган эди. Шунга жавобан, Германия Россияга қарз – кредит беришни тўхтатиб қўйди, ҳолбуки, Россия кредит олишга жуда муҳтож эди. Шу сабабли, 1887 йилдан бошлаб Россия Франциядан кредит ола бошлади, кейинчалик Франция Россиянинг асосий кредиторига айланди. 2. Франция ва Россиянинг ўзаро яқинлашувида 1887 йилги ҳарбий хавф катта роль ўйнади. Бу пайтда Бисмарк Францияга ҳужум қилишни режалаштирган эди. Англия ва Франция ўртасидаги мустамлакачилик сиёсати шунчалик кескинлашдики, натижада Англия ҳам Бисмаркни Францияга қарши гиж-гижлаётган эди. 1891 йилда Россия ва Франция ўртасида маслаҳатлашув пакти имзоланди. 1892 йилда эса, ҳар икки томон махфий ҳарбий конвенция қабул қилишди. Бу конвенцияни 1893 йилда ҳар икки давлат ҳам ратификация қилишди. Бу битим Францияни ҳам, Россияни ҳам Германия тажовузидан ҳимоя қилишни кўзда тутар эди. Шундай қилиб, XIX асрнинг сўнгида Европанинг етакчи давлатлари икки қарама-қарши лагерга бўлинганларида, Англия бу блоклардан холи равишда, “чиройли изоляция” сиёсатини давом эттирди. Бу сиёсатнинг асосчиси ва амалда уни қўлловчи Англиянинг бош вазири, консерваторлар партиясининг раҳбари, лорд Солсбери эди. У ақлли, узоқни кўзлаб иш юритувчи моҳир дипломат эди. Солсбери Бисмаркнинг ҳақиқий муносиб рақиби эди. Лорд Солсбери Бисмарк дипломатияси санъати, унинг замиридаги режаларини олдиндан кўра билувчи зийрак ва ёш давлат арбоби эди. Солсбери Бисмаркнинг Англияни Россия билан уриштириб қўйиш мақсадидан ҳам хабардор эди. Солсбери Россия ва Францияни Англиянинг асосий рақиблари деб ҳисобласа-да, аммо бу давлатлар билан ҳарбий тўқнашишга йўл қўймаслик лозим, деб ҳисоблар эди. У Россия ва Францияга қарши Учлар иттифоқидан унумли фойдаланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Лорд Солсберининг “чиройли изоляция” сиёсати Англиянинг иқтисодий қудрати, унинг “жаҳон устахонаси” ҳамда саноат соҳасидаги устунлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, буларнинг бари Англиянинг денгизлараро ҳукмронлигини таъминлашга хизмат қилар эди. Лорд Солсбери Англия бирон-бир давлат билан узоқ муддатли иттифоқ тузмаслиги керак, деб уқтирар эди. «Англиянинг доимий иттифоқчилари ҳам, доимий душманлари ҳам мавжуд эмас, балки унинг доимий ва устувор манфаатлари мавжуд», деб қайта-қайта такрорлар эди лорд Солсбери.
Do'stlaringiz bilan baham: |