Биринчи типда
бурч ҳисси нисбатан барқарор бўлади ва ҳаётий муносабатларнинг кенг
доирасига тарқалади.
Иккинчи тип
бурч ҳиссининг беқарорлиги билан характерланади, бу типда бурч ҳисси фақат
айрим ахлоқий хатти-ҳаракатлардагина намоён бўлади.
Учинчи типда
бурч ҳисси фақат нисбатан тор доирада намоён бўлади (фақат қариндошлари
ва ўртоқларига нисбатан).
Тўртинчи тип
суст ривожланган бурч ҳиссига эга. Бу типга тааллуқли болалардан баъзилари
итоатлидирлар. Лекин уларнинг итоаткорлиги маълум зарурият билан боғлиқдир.
49
Шунинг учун кичик мактаб ёшидаги бу болаларга нисбатан мактаб ва оила талабларининг
бирлиги хусусан муҳимдир. Мактаб таълими бошидан бола икки томонлама тарбиявий таъсир
остида бўла бошлайди. Шу сабабли бу тарбиявий таъсирларнинг бир хил йўналишда бўлиши
ниҳоятда муҳимдир. Тарбиявий таъсирда бундай якдилликнинг бўлмаслиги ўқувчи хатти-
ҳаракатларининг батамом бузилишига ёки икки хил хатти-ҳаракат шаклларининг таркиб топишига
олиб келади. Бу хатти-ҳаракатларнинг бир хили мактабда намоён бўлса, бошқа хили (баъзан унга
мутлақо тескариси) уйда намоён бўлади.
Жамоа ва шахс.
Жамоавий принципларга асосланган муносабатларни тарбиялаш учун кичик
мактаб ёшидаги давр катта имкониятларга эгадир. Кичик мактаб ёшидаги бола бир неча йил
давомида тўғри ташкил қилинган тарбия туфайли ўзининг жамоадаги бундан кейинги тараққиётида
муҳим бўлган ва жамоа учун зарур бўлган фаолият тажрибасини тўплайди. Жамоавий сифатларнинг
таркиб топиши – секин-аста амалга ошириладиган жараёндир. Синфда биргаликда қилинадиган
ишлар ўз-ўзича болалар грухини жамоа қилиб қўймайди. Биринчи синф ўқувчилари ҳам ҳали
ўзларини бутун бир жамоанинг бир қисми деб ҳис қила олмайдилар. Улар қандайдир маънода якка-
яккадирлар, бир-бирларига боғлиқ эмаслар. Уларнинг ҳаммаси ҳам ҳали бир-бирларига хайрихоҳ
эмаслар, кўпинча уларда бегоналик, ичи қоралик ва содда мақтанчоқлик аломатлари намоён
бўлишини пайқаш мумкин. Биринчи синф ўқувчилари ўзларининг шахсий мактаб вазифаларини
яхшилаб бажаришга интиладилар. Улар қандай бўлмасин, ўзаро ёрдамлашиш ҳақида эмас, балки
партадаги ён қўшнилари халақит бермаслиги ҳақида ўйлайдилар (Н. Ф. Добринин ва А. М. Бардиан
тадқиқотларидан). Агар биринчи синф ўқувчилари бир-бирларига ёрдам берадиган бўлсалар, бу
одатда уларнинг хусусий ташаббуслари билан эмас, балки ўқитувчининг бевосита кўрсатмаси билан
амалга оширилади. Бундан ташқари, бундай ўзаро ёрдам ўқитувчи орқали амалга оширилади
(ўқувчи ўқитувчининг илтимосига жавобан ўзидаги ортиқча қаламни ўртоғига вақтинча бериб
турганда қаламни олдин ўқитувчига беради, ўқитувчи эса – ўқувчига беради).
Ўқитувчи олиб борган махсус ишнинг таъсири остида болалар биринчи марта ўз
синфдошларининг муваффақиятлари ва муваффақиятсизликларига, ютуқ ва камчиликларига
хайрихоҳли қизиқиш билан қарай бошлаганларида, ўқув фаолиятига бутун синфнинг иши деб қарай
бошлаганларида, болалар синф ҳақидаги фикрни биринчи марта ўз дилларига яқин олганларидагина
жамоа юзага кела бошлайди. Ана шу жиҳатдан қараганда болаларнинг биргалашиб, жамоа
бўлиб
ўйнайдиган ўйинлари
ҳам анча катта аҳамиятга эгадир. Рус педагоги А. С. Макаренко “ўйин фақат
ирода, батартиблик, ҳозиржавоблик ва ташаббускорликни тарбиялаш билан бирга, жамоани вужудга
келтиради, ўртоқлик, яқинлик ҳиссини ва ўз хатти-ҳаракатларида жамоа манфаатларини кўзлаб иш
кўришни тарбиялайди”- деган эди.
Кичик мактаб ёшидаги болалар учун
меҳнатнинг
тарбиявий аҳамияти каттадир. Бироқ шуни
таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳар қандай меҳнат ҳам шахсда ижтимоий жиҳатдан қимматли хислатларни
тарбиялайвермайди. Меҳнат ўз шахсий манфаати учун бажону дил ва кўп меҳнат қилишга тайёр
бўлган худбинни ҳам тарбиялайди. Аммо худбинга умум жамоа фойдасига беғараз ва виждонан
меҳнат қилиш ҳақидаги фикр бутунлай ётдир. Болалар ўз-ўзига хизмат қилиш ва ўзлари учун
фойдали бўлган нарсаларни (ўқиётган жойларини белгилаш учун хатчўп, қутичалар, санаш
материаллари, дафтар жилдлари ва бошқаларни) тайёрлаш билан шуғулланаётганларида уларда
меҳнатсеварликни тарбиялашга хусусан зўр эътибор бериш керак. Кичик мактаб ёшидаги
ўқувчиларни секин-аста кўпчилик фойдасига қаратилган ва ўз кучларига лойиқ келадиган ижтимоий
фойдали меҳнатга (синф хонасини тозалаш, мактаб олди участкасида ишлаш, спорт майдончасини
супуриш, ўзларидан кичик ўқувчилар учун фойдали нарсалар тайёрлаш, оталиққа олинган боғча
болалари учун фойдали нарсалар тайёрлаш ва бошқаларга) жалб этиш жуда муҳимдир. Бу нарса яна
шунинг учун муҳимдирки, биринчи синф ўқувчиларининг меҳнат фаолиятларида шахсий мотивлар
аниқ намоён бўлади: биринчи синф ўқувчиси ўзи учун бўлган нарсани катта қунт билан берилиб
тайёрлайди. Бошқалар учун ишлашга эса, унда ҳали тажриба йўқ.
Болалар ўз меҳнатлари билан теварак-атрофдаги бошқа одамларга фойда келтиришларини
секин-аста англай бошлайдилар. Бу эса болаларда ғурурлик, шодлик ва ўз ишидан мамнун бўлиш
туйғуларини пайдо қилади. Худди мана шундай туйғуларни мустаҳкамлаш керак ҳам.
Шундай қилиб, кичик мактаб ёшида таълимнинг таъсири билан болаларнинг психик
ривожланишларида жиддий силжишлар юзага келади. Бу уларни ҳаётларининг масъулиятли даври
бўлмиш бурилишга, яъни ўсмирлик даврига ўтиш учун тайёрлайди.
50
Do'stlaringiz bilan baham: |