1280-модда. Зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар
Зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар зарарни ундиришни талаб қилиш учун асос бўлган ҳаракат ёки бошқа ҳолат юз берган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади.
Бундай ҳаракат ёки бошқа ҳолат натижасида зарар бошқа мамлакатда рўй берган ҳолатда, агар зарар етказувчи ушбу мамлакатда зарарнинг юзага келишини олдиндан кўра билган ёки олдиндан кўра билиши шарт бўлган бўлса, унда ушбу мамлакат хуқуқи қўлланилиши мумкин. Чет элда зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқ ва бурчлар, агар фуқаролар ёки юридик шахслар айни битта давлатдан бўлсалар, ушбу модданинг биринчи бандида назарда тутилган қоидалардан қатъий назар шу давлат ҳуқуқи билан белгиланади.
Агар зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб учун асос бўлган ҳаракат ёки бошқа ҳолат Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари бўйича ғайриқонуний бўлмаса, чет эл ҳуқуқи қўлланмайди.
Агар иш ҳолатларининг умумийлигидан зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятнинг жабрланувчи ва зарар етказувчи томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ушбу тарафлар ўртасида тузилган шартнома билан чамбарчас боғлиқлиги англашилса, шундай шартномага нисбатан қўлланилиши лозим бўлган хуқуқ қўлланади. Мазкур модданинг қоидалари, агар зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбурият тарафлари ўртасида ушбу мажбуриятга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ тўғрисида битим тузилган бўлмаса қўлланилади. Зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурият тарафлари унинг юзага келганидан кейин исталган вақтда суд қайси мамлакатга тегишли бўлса, ўша мамлакат ҳуқуқини танлашлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги
Ф–5464-сонли Фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси II бўлим 12-бандида халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан турли мамлакатлар ҳуқуқларини муқобил қўллаш принципини мустаҳкамлаш, мажбурият мазмунини тартибга солувчи ҳуқуққа ҳавола сифатида қўшимча муқобил коллизион боғланишни кўллаш, коллизион тартибга солишни назарда тутган шартномадан ташқари мажбуриятлар доирасини аниқлаш имкониятини кўриб чиқиш белгиланган.
Илм-фан ва техника жадал ривожланаётган ХХI асрда бир мамлакат ҳудудида юзага келадиган зарарнинг салбий таъсири бу ҳудуд билан чекланиб қолмаслиги ва бу мамлакат ташқарисида ўзини намоён қиладиган ҳолатлар ортиб бормоқда ва бу ҳодиса зарарнинг “трансчегаравий” табиати сифатида танилган.
Зарар етказувчи ҳаракатни бир мамлакат чегарасидан ташқарига кенгайтириш ўша мамлакат қонуни ва тартибини ҳисобга олишни талаб қилади. Ушбу муносабатларни тартибга солишда зарарли ҳаракатлар натижаси бошқа мамлакат ҳудудида содир бўлишини кўра олган қонунбузарнинг мақсадини ҳисобга олиш керак.
Хорижий давлатларнинг коллизион қонунчилиги (Швейцария Қонунининг 133-моддаси, Россия Федерацияси ФК 1219-моддаси, Эстония Қонунининг 50-моддаси), агар шундай ҳаракат ёки бошқа вазият натижасида зарар бошқа давлатда юзага келган бўлса, зарар етказувчи зарарни ушбу мамлакатда юзага келишини олдиндан кўра билган ёки олдиндан кўра билиши лозим бўлган бўлса, унда ушбу мамлакат хуқуқи қўлланилишини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, ушбу модда зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият шартнома билан боғлиқ бўлган ҳолатларни тартибга солмайди ва бундай ҳолда ушбу муносабатларни шартноманинг ўзи учун қўлланиладиган хуқуқга бўйсундириш тавсия этилади (РФ ФК).
Ушбу моддада тарафларнинг хуқуқни танлашлари назарда тутилмаган ва мажбурий характерга эга норма белгиланган.
Кўпчилик хорижий давлатларнинг коллизион қонунчилиги (Швейцария Қонунининг 132-моддаси, Украина Қонунининг 49-моддаси) тарафларга хуқуқни танлашга имкон берувчи, лекин чекланган характерга эга диспозитив нормаларни ўрнатади, яъни тарафлар фақат суд жойлашган мамлакатининг ҳуқуқини танлашлари мумкин. Суд ҳуқуқини танлаш имконияти суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш билан боғлиқ эҳтимолий муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.