|
1158-модда. Чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни белгилаш
Чет эл фуқаролари ёки чет эл юридик шахслари иштирокидаги ёхуд чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ ушбу Кодекс, бошқа қонунлар, халқаро шартномалар ва эътироф этилган халқаро таомиллар асосида, шунингдек тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.
Тарафларнинг ҳуқуқни танлашга доир келишуви очиқ ифодаланган бўлиши ёки бевосита шартнома талабларидан ва ишнинг кўриб чиқилаётган барча ҳолатларидан келиб чиқиши лозим.
Тўлдирилмоқда
Агар ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни аниқлашнинг имкони бўлмаса, чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан энг узвий боғланган ҳуқуқ қўлланади.
Чет эл ҳуқуқ нормаси оммавий-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлганлигига асосланибгина уни қўллашни чеклаш мумкин эмас.
|
1240-модда. Чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни белгилаш
Чет эл фуқаролари ёки чет эл юридик шахслари иштирокидаги ёхуд чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ ушбу Кодекс, бошқа қонунлар, халқаро шартномалар ва умумэътироф этилган халқаро таомиллар асосида, шунингдек тарафларнинг эрк мухторияти тамойили асосида белгиланади.
Тарафларнинг ҳуқуқни танлашга доир келишуви очиқ ифодаланган бўлиши ёки бевосита шартнома талабларидан ва ишнинг кўриб чиқилаётган барча ҳолатларидан келиб чиқиши лозим.
Чет эл элементи билан мураккаблашган оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига нисбатан мазкур бўлим нормалари, бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади.
Агар ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни аниқлашнинг имкони бўлмаса, чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан энг узвий боғланган ҳуқуқ қўлланади.
Чет эл ҳуқуқ нормаси оммавий-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлганлигига асосланибгина уни қўллашни чеклаш мумкин эмас.
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги
Ф–5464-сонли Фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси II бўлим 12-бандида халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан турли мамлакатлар ҳуқуқларини муқобил қўллаш принципини мустаҳкамлаш, мажбурият мазмунини тартибга солувчи ҳуқуққа ҳавола сифатида қўшимча муқобил коллизион боғланишни кўллаш, коллизион тартибга солишни назарда тутган шартномадан ташқари мажбуриятлар доирасини аниқлаш имкониятини кўриб чиқиш белгиланган.
Амалдаги модданинг номида "Чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга" ибораси ишлатилган, аммо бу ибора ушбу соҳанинг қўлланиш доирасини торайтиради, чунки халқаро хусусий ҳуқуқ нафақат чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни, балки оилавий ва меҳнат муносабатларини ва бошқа хусусий ҳуқуқий муносабатларини ҳам тартибга солади. Шунинг учун “хусусий ҳуқуқий муносабатлар” иборасини қўллаш мақсадга мувофиқ.
Амалдаги моддада тарафлар томонидан хуқуқни танлаш масаласи “тарафларнинг келишуви” ибораси билан белгиланган, лекин маълумки, ҳуқуқни танлаш фақат икки тарафнинг келишуви билангина эмас, балки бир тарафнинг хоҳиши билан, масалан, васият қилувчининг хоҳиши билан амалга оширилади. Шу муносабат билан “тарафларнинг хоҳиш-иродасининг автономлиги тамойили асосида”, яъни “ҳуқуқий муносабат томони ёки томонларининг танлови” иборасини қўллаш ўринли бўлади.
|