3. Оҳангарон ҳавзаси қуйи оқимидаги археологик ёдгорликлар
Ҳавзанинг Керовчи қишлоғидан ўтган меридианидан то Сирдарё ўзанига қадар суғорма деҳқончилик қилиш учун қулай бўлган кенг текисликлар ҳавзанинг қуйи қисмига киради. Бу қисмда жойлашган ёдгорликларнинг 76 таси 1973 йилда тузилган “Тошкент областининг археологик ёдгорликлари” картасига киритилган1. Сўнгги йилларда олиб борилган археологик ёдгорликларни қайта рўйхатга олиш пайтида унга яна бир қанча янги ёдгорликлар киритилди.
Ҳозирда Оҳангарон ҳавзасининг қуйи оқимида жами 101 та: 27 та шаҳар, 70 та қишлоқ, 14 та дафн иншоотлари каби археологик ёдгорликлар аниқланган. Уларнинг турлари бўйича дарёнинг юқорисидан қуйи оқимига қараб жойлашуви бўйича тавсифлаб ўтилади:
1. Шаҳарлар. Оҳангарон дарёсининг қуйи оқими ўзининг географик жойлашувига кўра, суғорма деҳқончилик қилиш учун қулай ҳудуд ҳисобланади. Ҳавзанинг мазкур текислик қисмида антик ва ўрта асрларга оид 27 та шаҳар туридаги ёдгорликлар аниқланган.
1.1. Пушти Маҳмуд (Болойи Пушти) шаҳар харобаси Пискент шаҳрида жойлашган1. Кординатаси: 40°54'35.40" С; 69°21'49.73" В. 1906 йилда ТҲАТ аъзолари, 1934 йилда М.Е.Массон2, 1961 йилда эса Буряков бошчилигидаги ЧҚАО томонидан текширилган3. Ёдгорлик асоси Пушти Маҳмуд тепалиги ҳисобланади. У 3 га.ли нотўғри овал шаклида бўлиб, шимолдан жанубга томон чўзилган. Унинг шарқий қисмида 0,5 га майдонда овал шаклидаги арк жойлашган. Арк хандақ билан ҳимояланган. Хароба атрофларидаги 10 га. майдондан археологик материаллар топилган. Ёдгорликнинг сақланиб қолган асосий қисми ҳозирги кунда қабристонга, ён атрофлари эса тураржойларга айлантирилган. Ёдгорликда топилган материалларнинг бир қисми VI-VIII асрларга, асосий қисми эса X-XIII аср бошларига оид. Шунингдек, тепаликдан ғарбдаги қалъа типидаги қисмидан XIV-XVII асрларга оид, ундан шимоли-ғарбда эски Пискент, яъни Эски ўрда маҳалла, Саққомаҳалла, Бозорбоши, Барданқўрғон маҳаллалари ҳудудидан XVI-XVIII асрларга оид материаллар топилган.
1.2. Пискент Оқтепаси Пискент шаҳрининг жанубий томонида, Оҳангароннинг эски ўзани чап соҳилида жойлашган4. Ёдгорлик 1934 йилда илк бор М.Е.Массон томонидан қайд қилинган5. 1964 йилда Ю.Ф.Буряков бошчилигидаги ЧҚАО томонидан текширилган. Ёдгорликнинг тўғри бурчак шаклидаги арки 120х110 м.ни, баландлиги 25 м.ни ташкил қилади. Унинг ғарбида майдони 2,5 га. ва баландлиги 3,5 м. бўлган шаҳристон жойлашган. Ундан I - XI асрларга оид материаллар топилган.
1.3. Киндиктепа Ёдгорликнинг асосий қисми Туябўғиз сув омбори остида қолиб кетган6. Кординатаси: 40°58'38.20" С; 69°19'3.95" В. Ёдгорлик 1959 йилда В.И.Нильсен ва Т.Агзамходжаевлар томонидан текширилган7. 1971 йил ёдгорлик мажмуаси Ю.Ф.Буряков томонидан ва унинг арки эса В.И.Спришевский томонидан текширилган8. 1972-1975 йилларда Ю.Ф.Буряков қазиш ишларини олиб борган9. Ёдгорлик арк ва шаҳристондан иборат бўлиб, уларнинг бир қисми сув омбори ўртаси оролча кўринишида сақланган. Ёдгорлик сув босганлиги сабабли материкка қадар қазиб тушилмаган. Бурғулик маданиятидан то XV асрларга оид бўлган сопол материаллари ҳамда VIII-XIII асрнинг бошларига оид мис ва кумуш тангалар топилган.
1.4. Улкантўйтепа шаҳар харобаси ҳозирги Нурафшон (аввалги Тўйтепа) шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашган10. Кординатаси: 41°2'28.62" С; 69°19'49.14" В. Ёдгорлик 1875 йилда Д.М.Гременицкий, 1884 йилда Пиримқулов ва Н.И.Веселовскийлар, XIX асрнинг 90-йилларда эса И. И.Краузе, 1896 йилда ТАҲТ аъзолари1, 1923 йилда М.Е.Массон2, 1929 йилда А.А.Потапов3, 1958 йилда Ю.Ф.Буряков4 томонидан қайд этилган ҳамда ўрганилган. Унинг ривожланган давридаги умумий майдони 200 га дан ортиқни ташкил қилган. Лекин ҳозирги пайтда ундан фақат майдони 20 га.ли тўғри бурчак шаклидаги шаҳристон ва шаҳристоннинг шимолий томонида майдони 1,20 га.ли тўғри тўртбурчак шаклдаги мустаҳкам арки сақланиб қолган. Арк ва шаҳристон мудофаа девори билан ўралиб, шаҳристоннинг топографик ҳолатига қараганда, у ерга тўртта дарвоза орқали кирилган. Ю.Ф.Буряков бошчилигида олиб борилган археологик тадқиқотларда бу қисмдаги маданий қатламнинг қалинлиги баъзи жойларда 10 м.дан ортиқлиги аниқланган. Мавжуд материаллар таҳлилига кўра, бу майдон мил. I асрларидан жонлана бошлаган. IX-X асрларда, айниқса XI-XII асрларда бу шаҳар юксак даражада ривож топган.
1.5. Жумишқозитепа. Нурафшон (Тўйтепа) шаҳрининг жанубида жойлашган. Ёдгорлик М.Е.Массон томонидан аниқланган5. 1974 йилда Шош-Илоқ отряди томонидан текширилган. Ю.Ф.Буряков ўз кузатишлари пайтида ёдгорлик бутунлай бузилганлиги сабабли унинг тузилишини тиклаб бўлмаслигини таъкидлаб ўтган. Харобанинг 10 га.ли майдонидан X-XII асрларга оид материаллар, кулолларнинг устахонаси ва аҳоли тураржойлари – маҳаллалар аниқланган.
1.6. Оққўрғон шаҳри харобаси. Оҳангарон дарёси чап қирғоғидаги Оққўрғон шаҳрида жойлашган6. Кординатаси: 40°52'46.37" С; 69°02'16.85" В. 1934 йилда М.Е.Массон томонидан қайд этилган7. 1966 йилда Ю.Ф.Буряков бошчилигидаги ЧҚАО томонидан текширилган8. Умумий майдони 30 га. атрофида бўлиб, маданий қатламнинг қалинлиги 15 м.ни ташкил этган. Ҳозирда унинг бир қисми замонавий қурилишлар туфайли ўзлаштирилган. Тепалик сифатида сақланиб қолган қисмининг ярмидан кўпроғини замонавий қабрлар эгаллаган. Харобанинг шимол қисмидаги баланд жойида арки жойлашган. Унинг баландлиги 21 м., катталиги 120х120 м. бўлиб, устки қисмига ёдгорлик мажмуаси ўрнатилган. У шаҳардан хандақ орқали ажралиб турган. Аркнинг ғарбида Оққўрғон туман ўлкашунослик музейи жойлашган. Ёдгорликдан VI-XII асрларга оид материаллар аниқланган.
1.7. Бўка шаҳар харобаси Бўка шаҳри марказида жойлашган9. Кординатиси: 40°48'55.68'' С; 69°12'02.50'' В. Ёдгорлик 1934 йилда М.Е.Массон томонидан қайд этилган10. Кейинчалик Ю.Ф.Буряков томонидан текширилган11. У баландлиги 18-20 м., майдони 2,5 га.ли катта ҳимояланган тепаликдан иборат бўлган. Ҳозирда унинг устига ёдгорлик мажмуаси ўрнатилган. Қадимий шаҳарнинг шаҳристон ва работ қисмлари замонавий иморатлар қурилиши ва автомобиль йўлларининг ўтказилиши натижасида ўзлаштириб юборилган. Унинг харобасидан I-XVIII асрига оид материаллар топилган.
1.8. Номсиз шаҳар харобаси Гижиган ирмоғининг ўнг қирғоғи (аввалги Мичурин номли совхоз)да, Бўка тумани Самарқанд маҳалласидан шимолда, Бўкадан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига бориладиган автомобиль йўлидан 150 м. шимолда жойлашган1. Кординатаси: 40°43'13.33" С; 69°3'21.12" В. 1967 йилда ЧҚАО томонидан аниқланган2. Кейинчалик Ю.Ф.Буряков томонидан ўрганилган3. Унинг атрофи ҳозирда экин майдонларига айлантирилган. Нисбатан яхшироқ сақланган қисмининг майдони 15 га. дан ортиқ. Харобанинг жанубий қисмидан квадрат шаклдаги 0,5 га. майдонда арк жойлашган. Аркнинг жануби қадимий дарё ўзани билан қолган томонлари хандақ билан ўралган. Унинг шимолидаги тўғри бурчак шаклидаги шаҳристон ҳам хандақ билан муҳофазаланган. Арк ва шаҳристон ташқарисидаги шаҳар қисми маҳаллаларнинг излари учрайди. У ўз тарҳига кўра, тўртта маҳаллага бўлинган. Шаҳарнинг жануби-шарқи ва жануби-ғарбида иккита дарвозаси, учинчи дарвозаси шимол қисмида бўлган. Улар махсус буржлар орқали қўриқланган. Ғарбда тураржойлар, шарқда эса алоҳида қурилиш иншоотлари бўлган. Харобадан VI-VIII асрларга ва асосан IХ-Х асрларга, қисман XI-XII асрларга тегишли сополлар топилган.
Ҳозирда қадимги аркдан 100 м. шарқда пишган ғиштдан тўғри бурчакли тўртбурчак шаклидаги гумбазли (ўлчами 2,5х4 м.) олд қисми жанубга қараган мақбара қурилган. Унинг атрофи замонавий қабристонга айлантирилган.
1.9. Мозортепа 1 Гижиганнинг ўнг соҳил террассасида жойлашган. У Ю.Ф.Буряков томонидан қайд қилинган4. Ёдгорликнинг учбурчак шаклдаги асоси 40х35 м., баландлиги 4 м. атрофида. Унинг ғарбдан ташқари уч томонга муҳофазаланмаган тураржой майдонлари туташган. У шарқда алоҳида ажралиб турган ўлчами 20х15 м. ва баландлиги 4 м. атрофидаги тепалик билан тугалланган. Ёдгорликнинг сақланган умумий майдони 250-160 м.ни ташкил этади. У ердан VI-VIII асрга оид сирланмаган сопол парчалари топилган.
1.10. Мозортепа 2 (Хисорактепа) Гижиганнинг чап соҳил террассасида, Бўкадан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига бориладиган автомобиль йўлидан 300 м. жанубда жойлашган. Кординатаси: 40°44'18.07" С; 69°8'18.96" В. Ёдгорлик Ю.Ф.Буряков томонидан қайд қилинган5. Унинг шимолидан дарё ўзани, жанубидан эса ариқ ғарбга томон оқиб ўтган. Ёдгорликнинг шимолида майдони 0,3 га.ли квадрат шаклидаги тепалик жойлашган бўлиб, атрофи хандақ билан ўралган. Унга шимол томондан кирилган. Бу тепалик атрофидаги ўзлаштирилган экин майдонларда ҳам VI-VIII асрга оид кўплаб сирланмаган сопол парчалари топилди. Бу сополлар таҳлили ҳудудда илк ўрта асрларга оид шаҳармонанд марказ жойлашганлигини кўрсатади. Бу ёдгорлик ҳозирда Саидота номли мусулмон ва христианларнинг қабристонига айлантирилган.
1.11. Номсиз шаҳарча харобаси Гижиганнинг чап соҳил террассасида, Бўкадан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига бориладиган автомобиль йўлидан 2,5 км. жанубда, Сирдарёдан 2,7 км. шимоли-шарқда жойлашган. Кординатаси: 40°41'37.30" С; 69°0'59.21" В. У 15 га. майдонни эгаллаб, шимолида атрофи хандақ билан ўралган квадрат шаклидаги арк жойлашаган. Аркнинг майдони 0,5 га.ни, унга жанубдан туташган шаҳристоннинг майдони 2,40 га. ни ташкил қилади. Унинг харобасидан VI-VIII асрларга оид сирланмаган сопол буюмлар топилди.
1.12. Санчиқтепа Қорасувнинг чап соҳилидаги Янгиқўрғон қишлоғининг шимоли-ғарбида жойлашган. Ёдгорлик 1975 йилда Шош-Илоқ экспедицияси томонидан қайд қилинган. Хароба 5,5 га. майдонни эгаллаган тепаликчаларда сақланган. Унинг асосий майдони 260-150 м.ни, баландлиги 1,5-2 м.ни ташкил қилади. У шимолий томондан айлана шаклдаги майдони 0,5 га. ва баландлиги 14 м. атрофидаги мустаҳкамланган аркдан ҳамда шимоли-шарқдан жануби-ғарбга чўзилган унга туташ иккита майдондан иборат. Шарқдаги зич тураржой майдонлари 160х100 м.ни эгаллаган. Ёдгорликдан VI ва IХ-Х асрларгача оид материаллар топилган.
1.13. Паркент (аввалги Фрунзе) қишлоғидаги номсиз тепа Гижиган дарёсининг чап соҳил терассасида жойлашган. Ёдгорлик Ю.Ф.Буряков томонидан қайд қилинган. Унинг умумий майдони 300х140 м. атрофида бўлиб, жануби-ғарбий қисмида учбурчак шаклидаги ўлчами 60х50 м.лик ҳимояланган маркази жойлашган. Бу марказ шимоли-ғарбдан жануби-ғарб томонга қараб жойлашган. Унга туташган бошқа майдонлар ҳимояланмаган. Уларнинг баландлиги дарё ўзанидан 10 м.гача етади. Ёдгорликдан VI-VIII асрларга оид қўлда ва чархда ясалган сирсиз сопол бўлаклари топилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |