2-ҳикоят. Курашаётган подшоликлар даврида (эр.ав 475-221 й.) саёҳат қилиб кезиб юрувчи сиёсатчилар кўп эди. Улар бир давлатдан бошқа давлатга ўз донишмандликлари шуҳратини ёйиш ва бирор бир ҳукмдор саройига хизматга кириш учун кўчиб юришарди. Шундай сайёҳ сиёсатчилардан бири Вэй подшолигидан бўлган Чжан И (эр.ав. 310 й. вафот этган) эди. У биринчи навбатда Цин подшолигининг биринчи вазири сифатида машҳур бўлганди.
Кунлардан бир кун ўз саёҳати пайтида у Чу подшолигига бориб қолади. У ерда жуда қашшоқликда кун кечиради. Чжан Ининг мулозимлари унинг бу аҳволидан ор қилиб, уни тарк этмоқчи бўлишади. Чжан И уларга тасалли беради: “Подшо билан гаплашмагунимча шошмай туринглар”.
Подшо уни қабул қилади, аммо унга хайрихоҳлик кўрсатмайди. Чжан И истагига кўра, подшо сиёсатчининг Цзин ўлкасига сайр қилишига изн беради. Чжан И ҳукмдордан сўрайди: “Ҳукмдор Цзиндан бирон бир нарса олишни истамайдиларми?”. “Олтин, маржон ва фил суяги Чуда етарли. Мени бирон бир истагим йўқ”, дейди ҳукмдор. Сиёсатчи: “Подшо гўзал аёлларни олишни истамайдиларми?”. “Нима учун?”, деди подшо. “Чунки у ернинг аёллари маъбудалар каби жуда гўзал” деди Чжан И. Подшо ўйланиб туриб, деди: “Цзин жуда узоқ мамлакат. Ҳали бирон марта у ерлик гўзал аёлларни кўрмаганман. Ажабмас, нима учун қизиқиб кўрмаслигим керак?”. Шундай деб, ҳукмдор цзинлик гўзал аёлларни олиб келиши учун Чжанга маржон ва нефрит тошларидан ҳадя қилди.
Подшонинг икки севимли хотини эса бу ҳақда эшитгач, ўзга юртлик аёлларни олиб келмаслигини умид қилиб, қўрққанларидан Чжан Ига 1500 цзин олтин беришади. Жўнашидан олдин Чжан И ҳукмдордан хайрлашув кечасида яна бир бор ўзи билан май ичишини сўрайди. Подшо рози бўлиб, унга қадаҳ узатади, бироздан сўнг Чжан И ҳукмдордан одатда ўзи билан базм қурадиган кишиларини чақиришини ва улар билан май ичиш нияти борлигини айтади. Шунда подшо ҳалиги севимли икки хотинини чақиради. Чжан И уларни кўргач, ҳукмдор оёғига ўзини отади: “Мен сизни алдадим ва ўлимга лойиқман”, – деб хитоб қилади у. “Нима сабабдан?” – сўрайди подшо ҳайратланиб. “Мен бутун мамлакатларни кезиб чиқдим, аммо бундай гўзал аёлларни ҳеч қаерда учратмадим. Мен сизга энг гўзал аёлларни олиб келаман деб ваъда берганимда, сизни алдаган эканим”, – дейди Чжан И. “Бу кечиримли, - деди подшо. – Мен доимо бу ики аёл Осмоности империясидаги энг гўзал аёллар деган фикрда эдим”
Чжан Ининг Цзинга саёҳат қилиш ва у ердан самовий гўзал аёлларни олиб келиш ваъдаси – бу қуруқ ваъда, яъни “ҳеч нима” эди. Совға қилинган олтинлар ва қимматбаҳо нарсалар эса “ҳеч нима”дан ясалган “бир нарса”дир.
Ян Биншан (XVI аср) жанг санъати тўғрисидаги рисоласида шундай дейди: “Душманни алдашдан муҳимроқ нарса йўқ:
Уни ўз усули билан алдаш;
Уни ўзининг усулларида алданишига мажбур қилиш;
Уни виждонли бўлгани учун алдаш;
Уни очкўз бўлгани учун алдаш;
Уни жоҳиллигидан фойдаланиб алдаш;
Уни маккорлигидан фойдаланиб алдаш.
Алдамчи ҳужум уюштириб, кейин эса ҳақиқий зарбани бериш ҳам мумкин. Душманни ўз хатосини англашга мажбур қилиб, шундан сўнг яна бир бор алдаш керак...”
Саккизинчи стратагема: Махфий равишда Чэнцянга юриш қилиш
Атайлаб ҳужум ҳаракатларини кўрсат. Душман ўз устунлигига
ишонч ҳосил қилиб, ҳимояни ташкил қилса, унинг орқасидан ҳужумга ўт.
“36 стратагема”дан
Изоҳ: Урушда ушбу вазиятда ғайриоддий ҳаракатлар одатий бўлган ҳаракатлар билан яширилиши зарур. Оддий ҳаракатларни қилмай туриб, ғайриоддий ҳаракатлардан фойда олиб бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |