1-ҳикоят. Хан сулоласи ҳукмронлигининг охирларида империянинг ғарбий чегараларида яшайдиган Цян қабилалари қўзғолон кўтардилар. Маҳаллий ҳоким Юй Сюй цянларни тинчлантиришга ҳаракат қилди, аммо улар галма-гал унинг қўшинини мағлубиятга учратавердилар. Юй Сюй уч минг жангчиси билан Чэнцан дарасига чекинишга мажбур бўлди. У жангчиларига дарада мустаҳкам қароргоҳ қуришни буйруқ берди. Бу орада ўн минг кишилик Цян лашкари даранинг ҳамма чиқиш жойларини беркитади.
Мушкул аҳволда қолган Юй Сюй ҳарбий ҳийла қўллайди. У ўз аскарларига: “Эй, Цян жангчилари! Биз императорга кўмак сўраб чопар юбордик. Ёрдамчи кучлар келгач, сизлар билан урушамиз!” деб бақиришни буюради. Цянлар бу дағдағаларга ишониб, атрофдаги водийни талон-тарож қилишга қарор қилишади. Юй Сюй цянларни чекинаётганини кўргач, ўша заҳотиёқ уларни таъқиб қилишга шошилади. Шу билан бирга қўналғага тўхтаган пайт гулханлар сонини икки баравардан кўпайтиришга буйруқ беради. Цянлар Юй Сюй мунтазам равишда кўмак олаяпти деган хаёлга борадилар ва ўзларининг доимий яшайдиган жойларига тезда қайтишга қарор қиладилар. Юй Сюй айғоқчилардан цянларнинг тартибсиз чекинаётганлигини аниқлаб, уларга ҳужум қилади ва яксон этади.
Ниҳоят Юй Сюй кучли рақибини, яъни “йўлбарс”ни “тоғдан” алдаб чиқаришга ва тузоққа туширишга муваффақ бўлади.
2-ҳикоят. Эр.ав. 206 йилда Цин сулоласи қулагандан сўнг, тахт учун курашда саркарда Хан Син аввал Лю Баннинг асосий рақиби Сян Юйга хизмат қилар эди. Бироқ кейинчалик у Лю Бан ёнига қочиб ўтади ва унга катта хизматлар кўрсатади. Унинг садоқатли хизмати учун Лю Бан Чу подшолигини унга беради. Бироқ Сян Юйнинг ўлимидан кейин, унинг кучли қўмондонларидан бири Чжун Лимэй Лю Бан таъқибидан қочиб, Хан Синнинг олдига боради. Хан Син уни яширади ва Лю Баннинг саркарда Чжун Лимэйни асирга олиш тўғрисидаги буйруғини бажармайди.
Эр.ав. 201 йилда Хитой императори Лю Банга Хан Син исён кўтармоқчи эканлиги тўғрисидаги хабарни етказадилар. Шунда Лю Бан маслаҳатчиси Чэн Пин айтган стратагемадан фойдаланади. У Юнмин вилоятини тафтиш қилиш учун жўнайди ва вилоят ҳокимларини Чэн шаҳрига кенгашга чақиради. Хан Син ушбу таклифни қўлига олганида, унинг бўйсунишдан бошқа иложи қолмайди. У тартибсизликда айбланишдан қўрқади ва Чжун Лимэйни ўз жонига қасд қилишга мажбурлайди. Сўнгра ўз садоқатини кўрсатиш мақсадида унинг боши билан Лю Бан олдига боради. Аммо Хан Син у ерда ҳибсга олинади.
Бу ерда Чэн шаҳри “йўлбарс”ни, яъни Хан Синни инидан чиқаришга хизмат қилади ва у ўз “тоғи” Чу вилоятидан чиқади. Шундай қилиб Лю Бан рақибини қимматли иттифоқичиси Чжун Лимэйдан айиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |