Ҳикоят. Эр.ав. IV аср ўрталарида Цин подшолиги ўша даврдаги барча Қадимги Хитой подшоликларидан энг қудратлиси эди. У ўзининг шарқий қўшниси Вэй подшолигининг бир қисм ерларини босиб олади. Шубҳасиз, Цин ҳукмдори бу билан чекланмаслиги равшан эди. Бешта йирик – Вэй, Чу, Ян, Хан ва Ци давлатлари ҳукмдорлари Цин подшолигининг ҳужумига қарши туриш мақсадида ўзаро иттифоқ тузадилар.
Ўша пайтда Вэй подшолигининг Фан Суй исмли истеъдодли элчиси ўз юртида ҳасадгўй сарой аҳлидан қулоқ эшитмаган камситиш ва таҳқирларга учраб, Цинга кўчиб ўтади ва Цин ҳукмдорига стратег сифатида ўз хизматини таклиф қилади. Цин ҳукмдори аввалига ўз қўшинини Цин ва Ци оралиғида ястаниб ётган Хан ва Вэй ерлари орқали олиб ўтиб, Ци подшолигига ҳужум қилишни истарди. Фан Суй ушбу режани рад қилади:
“Хан ва Вэй ерлари орқали ўтиш учун катта қўшин керак, - дейди у ҳукмдорга. – Катта қўшинни подшолик сарҳадларидан узоққа юбориш мамлакатни кучсизлантириш ва ўзини хавф остига қўйиш дегани. Ци подшолиги Чу подшолигига қандай ҳужум қилганлигини эсланг. Ци улкан ғалаба қозониб, ўн минг чақиримга тенг Чу ерларини босиб олганди. Хўш, ўша ерлардан қанчасини циликлар ушлаб қола олдилар? Бир қаричини ҳам эмас! Ци бу ерлардан жуда узоқда жойлашган эди ва яқинроқда бўлган Хан ва Вэй Цининг босқинчиликларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишди. Сиз узоқдаги давлатлар билан иттифоқ тузиб, яқиндаги қўшниларингиз билан жанг қилишингиз лозим. Шунда сиз қўлга киритган ҳар бир қарич ер умрбод сизнинг мулкингизга айланади. Модомики, Хан ва Вэй подшоликлари одамзод яшайдиган дунёнинг ўртасида жойлашган экан, биринчи навбатда улар билан дўстона муносабатларни ўрнатишингиз зарур. Шунда сиз Чжао билан Чуга босим ўтказа оласиз. Агар Чу кучлироқ бўлса, унда Чжао сизнинг олдингизда чекинади. Агарда Чжао кучлироқ бўлиб чиқса, унда олдингизда Чу чекинади. Ҳар ҳолда Чжао ҳам, Чу ҳам сиз томонга ўтади. Бу эса Ци ҳукмдорини қўрқитади, у сизнинг дўстлигингизни қозониш учун бой совғалар жўнатади. Сиз Ци подшолиги билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиб олсангиз, Хан ва Вэйни забт этиш сиз учун осон бўлади...”
Цин ҳукмдори Фан Суй келтирган далилларни жуда доно ва маъқул деб топди, аммо қўшиб қўйди:
- Мен анчадан буён Вэй билан дўстона муносабатларни ўрнатишни истайман, лекин барибир ўз мақсадимга эришолмаяпман. Нима қилишим керак?
- Авваламбор, ёлғон хушомадли сўзлар ва қимматбаҳо совғалардан фойдаланинг, - жавоб берди Фан Суй. – кейин эса Вэй подшосига ерларидан беришини сўранг. Агар у рад этса, унга қарши уруш очинг.
Ушбу суҳбатдан сўнг Фан Суй Цин ҳукмдорининг тўлиқ ишончини қозонди ва унинг биринчи маслаҳатчисига айланди. У ҳеч қачон ўзига ҳатто озгина ёрдам берганларни мукофотламасдан қўймасди ва бироз ранжитган одамларни ҳам кечирмасди. У ҳокимиятда ўн икки йил давомида қолди ва лавозимини ўзи ворис сифатида тайинлаган кишига топширди.
Фан Суй эр.ав. 255 йилда истеъфога чиқди. Йигирма беш йилдан сўнг Хан подшолиги Цин қўшинлари зарбаси остида қулади, яна беш йил ўтгач Чу подшолиги забт этилди. Охири эр.ав. 221 йилда Цин давлати Ци подшолигини ўз таркибига қўшиб олди ва Цин ҳукмдори бутун Хитой императорига айланди.
Шуни айтиш жоизки, мумтоз адабиётларимизда, хусусан Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг юрти сифатида тилга олинадиган Чин мамлакати айнан ана шу Цин империясидир. Шунингдек, ҳадиси шарифда қуйидагича: “Чинга бориб бўлса ҳам илм ўрган!” деган ҳикматли сўзлар ҳам бежиз келтирилмайди.
Йигирма тўртинчи стратагема: Гони босиб олиш учун ундан ўтиш
Do'stlaringiz bilan baham: |