нодондай тутиш
Вақти келганда ўзингни ҳеч нимани билмагандек ва ҳеч
нима қилишни истамагандек тутиш, ўзингни билимдон
кўрсатиб, ўйламай ҳаракат қилгандан кўра яхшироқдир.
Кимки ўзини хотиржам тутиб, режаларини сир тутса, у худди
қишда қулай пайтни кутаётган момақалдироқли булут кабидир.
“36 стратагема”дан
Изоҳ: Ҳамма нарсани била туриб, ўзингни ҳеч нарсадан бехабардек кўрсат; ўзингни ҳеч нарса қилмайдигандек кўрсатиб, имкон пайдо бўлганида ханжарни керакли жойга суқиш лозим.
Сун Цзи ўз асарида шундай дейди: “Кимки жанг санъатида моҳир бўлса, ўзининг ҳийлалари учун шуҳрат қозонмайди ва жасурлиги учун ҳам мукофот олмайди”.
Ҳаракат қилиш вақти ҳали келмаган экан, тинчликни сақлаб, имкон қадар ўта нодон бўлиб кўриниш лозим. Агар ўз хоҳиш-истакларига телбалар каби эрк берилса, унда ҳақиқий мақсадингни сотиб қўйишинг муқаррар. Ҳатти-ҳаракатингни вақтидан олдин кўрсатсанг, бошқаларда шубҳа уйғонади.
Кимки ўзини нодондек тутса, зафар қозонади. Ўзини телбалардек тутган киши эса, мағлубиятга учрайди.
Айтадиларки, “Ўзни нодонга солиб душманга қарши чиқиш ва шу билан бирга қўшинни бошқариш мумкин”.
1-ҳикоят. Сун сулоласи даврида саркарда Ди Усян (1008-1057 й.) император томонидан империянинг жанубий сарҳадларидаги ёввойи қабилаларни тинчлантириш учун буйруқ олди. Ўша пайтда Жануб аҳолиси жудаям хурофотчи бўлиб, худоларига сиғинмай туриб бирор бир ишга қўл урмасди. Ўз жангчилари руҳиятини кўтариш мақсадида Ди Усян ҳам худоларга сиғиниш маросимини ўтказди ва шундай илтижо билан худоларга мурожаат қилди: “Мен ғалаба қозонаманми ё мағлубиятга учрайманми билмайман. Мана юз танга. Мен уларни осмонга ташлайман, агар тақдир менга марҳаматли бўлса, уларнинг ҳаммаси юз томони билан тушади”.
Ди Усяннинг қўмондонлари уни ушбу ниятдан қайтаришга ошиқдилар: “Сиз бундай таваккал қилмаслигингиз лозим! Ахир ўртага бутун қўшиннинг жангавор руҳияти тикилган!”. Бироқ Ди Усян насиҳатларга эътибор бермай тангаларни юқорига отди ва ...уларнинг бари юзи билан тепага қараб тушди. Хурсандликдан бутун қўшиннинг баланд қийқириғи водий узра акс-садо бўлиб ёйилди.
Ди Усян ҳар бир тангани михлаб, устини ҳарир шойи парда билан ёпишни буюрди. “Қачон ғалаба билан қайтсак, бу тангаларни худоларга ҳадя қиламан”, - деди у. Сўнгра Ди Усян ўз жангчиларини жанубга бошлади ва исёнкор қабилалар устидан ажойиб ғалаба қозонди. У ўз қароргоҳига қайтиб келгач, тангаларни йиғиб келтиришни буюрди ва шунда ҳамма қўмондонлар тангаларнинг икки тарафи ҳам бир хилда эканлигини кўрдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |