2-ҳикоят. Эр.ав. 206 йилда Сян Юй “Ғарбий Чунинг якка ҳукмдори” деб эълон қилинади; 18 меросий оила бошлиқлари унинг тобелигига тушиб қолади. Меросий оилалардан бирининг бошлиғи Тян Жун ҳокимият бошқарувидан четда қолади. Ўша йили у исён кўтаради ва бирин-кетин меросий оилаларнинг бир қанча бошлиқларини ўлдиради. Натижада меросхўр оила бошлиғи сифатида даъвогарлик қилган Ци подшолигининг учта вилояти ҳукмдорига айланади.
Тян Жунни ҳаддидан ошаётганлиги сабабли Сян Юй унга қарши юриш бошлайди. Ушбу ҳолатдан Лю Бан фойдаланиб қолади ва ғарбда жойлашган Ханчжунни қайтариб олмоқчи бўлади. У Сян Юйнинг Ғарбий Хитойдаги аҳволни назорат қилолмаслигидан фойдаланиб, ўз саркардаси Хан Синнинг режасига мувофиқ собиқ Цин подшолигининг учта вилоятини эгаллаш мақсадида қўшинини яширинча Чэнцанга юборади.
Ушбу воқеада “қўй” бу уруш билан овора бўлган Сян Юй ҳисобланади. “Қўйни илиб кетиш” ёрдамида Лю Бан Хитой тарихида энг узоқ ҳукмронлик қилган Хан сулоласига асос солиш мақсадида вилоятларни босиб олиши назарда тутилади.
Ўн учинчи стратагема: Илонни қўрқитиш учун ўтни уриш
Душман лашкаридаги ҳар қандай ўзгариш тўғрисидаги шубҳани ўрган. Ҳарбий ҳаракатни бошлашдан аввал, ушбу вазиятни тўғрилигига ишонч ҳосил қил. Кўп маротаба вазиятни қайта кўриб чиқиш яширинган душманни аниқлаш усулидир. “36 стратагема”дан Изоҳ: Таваккал берилган зарба, ишнинг ҳақиқий аҳволини аниқлашга имкон беради. Ушбу синов оқибатларини тафаккур қил ва журъат билан дадил ҳаракатларга кириш.
Рақиб ўз кучини кўрсатмаяптими, демак, у бирор бир макрни режалаштирган. Бу ерда бепарво олдинга юриб бўлмайди, хавф-хатар қаерда яширинганлигини топиш лозим.
1-ҳикоят. Бутун қадимги Хитойни ўз ҳукмронлиги остида бирлаштирган император Цин Шихуаннинг ўлимидан сўнг, саройнинг ҳарам оғаси Чжао Гао фитна уюштиради ва бунинг натижасида ўлган ҳукмдорнинг кенжа ўғли тахтга ўтиради. Кейинчалик Чжао Гао ўзи қўйган ҳукмдордан ҳам қутулишни истайди. Бироқ бу ишга киришишдан аввал ўз режаларини амалга оширишга халақит бериши мумкин бўлган император мулозимларининг кайфиятини текширмоқчи бўлади.
У императорга буғуни етаклаб келади ва дейди:
Ҳазрати олийлари, сизга бу отни тақдим этишга рухсат этинг.
Менимча сиз адашяпсиз. Мен олдимда буғуни кўраяпман, нега сиз от деяпсиз? –кулиб жавоб берди император.
Бироқ Чжао Гао ҳукмдорга от совға қилаётганини уқдиришни давом эттираверади.
Шунда император маслаҳатчиларини чақиради ва уларнинг фикрини сўрайди. Баъзилар эҳтиёткорлик билан жим туради, баъзилар эса Чжао Гаонинг императорга ҳақиқатдан ҳам от совға қилаётганини тасдиқлайди.
Кейинчалик эса Чжао Гао турли баҳонаю рўкачлар орқали унинг фикри билан очиқ-ойдин қўшилмаганларни қатл қилдиради. Шундан сўнг бутун сарой аҳли Чжао Гао олдида қўрқув билан яшай бошлайди.