2-ҳикоят. Уч подшолик даврида шимолий подшолик Вэй ҳукмдори Цао Цао ўз душмани Жанубий Хитой ҳукмдори Сун Цюан билан Янцзи дарёсидаги Қизил Қоя деган жойда тўқнашди. Учинчи подшолик Шунинг саркардаси Чжугэ Лян12 сув устида жанг қилиш борасида тажрибасиз Цао Цаони жангчилари дарёнинг бошқа қирғоғига ўтишлари учун ўз кемаларини боғлашга кўндира олади. Бу орада Сун Цюан жанубий шамолдан фойдаланиб, Цао Цао кемаларини ёқиб юборади ва бутун Вэй флотини йўқ қилади. Чжугэ Лян эса Шу ҳукмдори Лю Бэй билан биргаликда Янцзининг қаршидаги қирғоғидан жангни ва ёнғинни кузатиб туришарди. Шундан сўнг Шу ҳукмдори ушбу жангдан ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлашда самарали фойдалана олди.
Уч подшоликнинг бу уруши мазкур стратегияга ном берди.
3-ҳикоят. Юан Шан ва Юан Си Цао Цаонинг рақиби бўлган Юан Шаонинг ягона тирик қолган ўғиллари эди. Ака-укалар Цао Цао таъқибидан қочиб, бир неча минг киши билан бирга Ляодунга қочиб боришга қарор қилишади. Ляодун ҳукмдори Гунсун Кан бир вақтлар уларнинг отасини душмани эди, чунки у бир неча бор Ляодунни эгаллашга ҳаракат қилганди. Бироқ Ляодун Цао Цао ва Юан Шао ўртасидаги жанг майдонидан узоқда жойлашганди. Шу сабаб Гунсун Кан Цао Цаога ҳам ён босмади. Шунинг учун ака-укалар Гунсун Кан бошпана беришидан умидвор эдилар. Улар агар қулай вазият туғилса, уни ўлдириб Ляодунни эгаллашни ва сўнгра ўша ердан туриб, Цао Цаони мағлуб этишни хаёлларида тугиб қўйган эдилар. Цао Цао эса Шимолий Хитойда ҳукмронлигини ўрнатишига яқин қолган эди.
Хуллас Цао Цао бундай хавфли ака-укаларни таъқиб қилиши табиий ҳол эди. Аммо унинг маслаҳатчиси Го Цзя (170-207 й.) Гунсун Кан ва ака-укаларни ўз ҳолига қўйиш кераклигини маслаҳат беради. Ўшанда Гунсун Кан кўп ўтмай уларни ўлдиришини айтади. Дарҳақиқат, кўп ўтмай Гунсун Кан уларни қатл қилдиради ва ака-укаларнинг бошини Цао Цаога юборади.
Цао Цаонинг саркардалари ундан: “Қандай қилиб ака-укаларни четлаштириш амалга оширилди” деб сўрашади. Цао Цао содир бўлган воқеани шундай тушунтиради: “Бир тарафдан Гунсун Кан ака-укаларнинг босқинчиликка мойиллигидан қўрқарди. Уларнинг Ляодунда яшириниши унда шубҳа уйғотиши аниқ эди. Бошқа тарафдан эса Гунсун Кан мени Ляодунга ҳужум қилишимдан хавотирда эди. Агар мен ака-укаларни таъқиб қилганимда, улар билан менга қарши бирлашарди. Аммо мен уларни ўз ҳолига қўйдим ва Ляодунга юриш фикридан қайтдим. Мени эътиборсизлигим Гунсун Кан ва ака-укаларнинг ўртасида ўзаро низо чиқишига сабаб бўлди”.
Шундай қилиб Цао Цао ўзига кузатувчи ролини олиб, Гунсун Кан ёрдамида икки душманидан халос бўлди.
Ўнинчи стратагема: Табассум ортида пичоқни яшириш
Душман ишончини қозонгин ва унга хотиржамликни сингдир;
шунда ўзингни яширин режаларингни амалга оширишни бошла.
Ҳамма нарсани лозимлигича тайёрлаб, иккиланмай ҳужумга ўт ва
душманнинг эс-ҳуши ўзига келишига йўл берма.
“36 стратагема”дан
Изоҳ: Сун Цзининг “Жанг санъати” китобида шундай дейилган: “Агар душман ўзини журъатсиз тутса-ю, аммо тайёргарлик кўраётган бўлса, демак, бунинг изидан ҳужум бўлади. Агар у дастлабки келишувсиз тинчлик сулҳи тузишни таклиф қилаётган бўлса, демак, у шубҳасиз панд беришни ўйлаб қўйган”.
Дарҳақиқат, душманнинг хушомадли сўзлари ва ўзини сермулозаматли тутиши ҳалокатдан ваъда берувчи ташқи аломатлардир.
Шу ўринда Конфуцийнинг қуйидаги фикрларини келтириш лозим: “Тўғри сўзлилик ва илтифотли, хушмуомалали кўриниш камдан-кам ҳолларда айнан бир одамда мужассам бўлади”.
“Кимки чиройли гапирса, одатда бундай кишилар инсонийликдан йироқ бўлади”.
Do'stlaringiz bilan baham: |