1-ҳикоят. Хан императори Цзин-ди даврида (эр.ав. II аср ўрталари) еттита вилоят ҳокими исён кўтариб, императорга содиқ қўмондон Чжоу Яфуга ҳужум уюштиришди. У қалъа деворлари ортида яширинди. Қалъани қамалга олган душман унинг жануби-шарқий қисмига ҳужум қилганда, Чжоу Яфу ўз қўшинининг асосий қисмини қалъанинг шимоли-ғарбий бурчагига жўнашига буйруқ берди ва хато қилмади: кўп ўтмай қамал қилаётганлар ҳақиқатдан ҳам асосий кучлари билан қалъанинг шимоли-ғарбий қисмидаги минорага ҳужум қилишди. Бироқ ҳеч нимага эришолмай ортга чекинишди.
2-ҳикоят. Сўнгги Хан сулоласи ҳукмронлигининг охирида (II аср) Сариқ рўмоллилар қўзғолони бошланди. Хан саркардаси Чжу Цзюн Сариқ рўмоллилар отряди яширинган Юан шаҳрини қамал қилди. Чжу Цзюн аввалига шаҳар девори олдида шаҳар ичкарисида қамалда қолган исёнчилар ҳаракатини кузатиш учун баланд қум уюмини кўтартирди. Сўнгра ўз қўшинига дўмбираларни чалишни ва шаҳарнинг ғарбий томонидан алдамчи ҳужум қилишларини буюрди. У қум тепаликдан Сариқ рўмоллиларнинг шаҳарнинг ғарбий девори ҳимоясига ташланганини кўриб, асосий кучлар билан шаҳарнинг шарқий қисмига ҳужум қилди. Шундай қилиб, у катта талафотларсиз шаҳарни қўлга киритди.
3-ҳикоят. Цин подшолиги ҳукмдори Кан (эр.ав. 620-609 й.) уч йил давомида аҳолини қалъа қурилишида мажбуран ишлатар эди. Ўша пайтда Циннинг жануби-шарқида жойлашган Цзин подшолигида Ци подшолигига қарши ҳужум қилиш учун тайёргарлик бораётганди.
Маслаҳатчи Жэн Ван ҳукмдор Канга шундай деди: “Давлатни кучсизлантирадиган ҳар қандай нарса: очлик, қашшоқлик, фуқаролар уруши ва мажбурий меҳнат, буларнинг бари душманга ёрдам беради. Уч йил мобайнида халқни қалъани қуришга мажбурладингиз. Айни пайтда Цига ҳужум қилиш баҳонасида Цзинда қўшин тўпланаётган экан, аслида улар бизни мамлакатга ҳужум қилишади деб қўрқаман. Бундан эҳтиёт бўлинг”.
Цин ўз қўшинини шарқий чегараларини ҳимоя қилишга жўнатди ва дарҳақиқат Цзин ўзининг ҳарбий тайёргарлигини тўхтатди.
4-ҳикоят. Курашаётган подшоликлар даврида (эр.ав. 475-221 й.) Ци, Хан ва Вэй подшоликларининг учаласи Ян подшолигига ҳужум қилади.
Ян подшолигига ёрдам бериш учун қўмондон Цзин Ян Чу қўшинини аввал шимолга олиб боради, кейин эса умуман кутилмаган ҳолда Вэйнинг йирик шаҳарига ҳужум қилиб, уни эгаллайди. Ци, Хан ва Вэй подшоликлари Янга юришни тўхтатадилар. Чу қўшини мақсадига эришиб, қўлга киритилган Вэй шаҳрини энди тарк қилмоқчи бўлганди. Бироқ шаҳарнинг ғарбий қисми Хан қўшини ва шарқий қисми эса Ци қўшини томонидан қуршаб олинганини кўради. Шундай қилиб Чу қўшини тузоққа тушиб қолганини англайди. Энди нима қилиш керак?
Цзин Ян ғарбий дарвозаларни очишга қарор қилади; кун бўйи ундан жанг аравалари ва отлиқлар кириб чиқади, кечалари эса у ерда машъалалар ёниб туради. Шундай йўл билан у Чу билан Хан ўртасидаги фаол хабар алмашинуви таассуротини уйғотади.
Ци армиясида Хан билан Чу бирлашиб, Ци қўшинига қарши ҳужум қилиши мумкин деган миш-мишлар тарқалади. Натижада хиёнатдан хавотирга тушган Ци қўшини ортга қайтади. Ёлғизланиб қолган Хан қўшини эса энди ўзидан кўра анча кучлироқ Чу армиясига қарши ҳужум қилишдан қўрқар эди. Бўронли ва қоронғи тунлардан бирини танлаб, Хан қўшини ҳам ортга чекинади.
Шундан сўнг, Чу қўшини энди бемалол уйига жўнай олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |