2-ҳикоят. Курашаётган подшоликлар даврининг бошларида (эр.ав. 475-221й.) Хитой тахминан 20 та давлатга бўлинган эди. Улар орасида Чу, Хан, Ци, Цин, Вэй, Ян ва Чжао подшоликлари бор эди.
Ци ва Хан подшоликлари иттифоқчи бўлиб, Ян давлатини босиб олмоқчи эдилар. Аммо Чжао ва Чу подшоликларидан қўрқиб, ҳужумга ўтишга юраклари дов бермасди. Шу пайтда Ханга Цин ва унинг иттифоқчиси Вэй подшоликлари ҳужум қилади. Ци ҳукмдори дўстига ёрдамга шошилишни истаганда, унинг маслаҳатчиси Тян Чэнси уни огоҳлантиради: «Агар Хан подшолиги қуласа, Чжао ва Чу давлатлари хавф остига қолади. Шунинг учун уларнинг иккови ҳам Ханга зудлик билан ёрдамга боради». Шундай қилиб, Ци подшолиги Ханга ҳарбий ёрдамга бормайди. Чжао ва Чу подшоликлари айнан Тян Чэнси башорат қилганидек йўл тутади. Натижада Цин, Вэй, Чжао ва Чу давлатлари бир пайтнинг ўзида Хан подшолиги учун урушга жалб этилган бўлади.
Бундай имкониятдан фойдаланиб, яъни ҳамма жойда уруш авжига чиққан пайт Ци подшолиги тўсатдан худди ўзидай урушдан четда қолган Ян подшолигига ҳужум қилади ва эр.ав. 270 йилда уни босиб олади.
Олтинчи стратагема: Шарқда шовқин кўтариб, ғарбга ҳужум қилиш
Душман руҳияти синди ва унинг жангчилари саросимага тушиб қолди.
Мана, қўққисдан ҳужум қилишга қулай вазият. Бу вазият эриган
сувнинг кўтарилишига монанд исталган пайт сувдаги тўсиқларни
суриб кетиши мумкин. Душманнинг ички назорати кучсизланганда, бу вазиятдан уни йўқ қилиш учун фойдалан.
“36 стратагема”дан
Изоҳ: Мақсад зарбанинг ҳақиқий йўналишини яшириш ҳисобланади. Тезкор ҳаракат қилиш орқали ҳам ғарбда, ҳам шарқда пайдо бўлиш, тўсатдан зарба бериш, чекиниш ва ҳужумга ўтиш учун тайёргарлик қилаётгандай кўриниш лозим. Кейин эса ўзингни тинчлик ниятида бўлгандек кўрсатиб, урушга тайёрланиш, сўнгра зарба бериб, бехос содир бўлгандек ўзини тутиш ёки аксинча ҳужумга тайёр бўлмай, ўзингни ҳаракатга тайёрдек тутиш зарур. Душман бўлаётган ҳодисалардан шошма-шошарлик билан хато хулоса чиқаради ва қарор қабул қилади. Натижада рақиб ҳужумига дуч келади ва умуман хаёлига келмаган жойда мағлуб бўлади.
Сун Цзи бу стратагемани шундай изоҳлайди: “Зарбани душман кутмаган жойга берадилар”.
“Хуайнан-цзи” асарида ҳукмдор Лю Аннинг (179-122 й.) қуйидаги сўзи келтирилади: “Чўқимоқчи бўлган қуш бошини эгади ва тумшуғини яширади...йўлбарс ва қоплон ҳам ўз ханжардек тирноқларини кўрсатмайди...шундай қилиб, ҳарбий санъат ҳам ўзингни мулойим ва кучсиз қилиб кўрсатишдан иборат, аммо ҳужум пайти айланма ҳимояни эгаллаб, душманни шижоат ва куч билан кутиб олиш керак, кейин эса бир лаҳзада қўққисдан ари уясидек учиб чиқиш лозим”.
Do'stlaringiz bilan baham: |