1-ҳикоят. Эр.ав. II аср бошларида икки саркарда Сян Юй ва Лю Бан Хитойда ҳукмронлик қилиш учун бир-бирлари билан кураш олиб боришарди. Бир куни Лю Бан ўз қўмондони Хан Синга Чэнцян шаҳрида турган Сян Юй қўшинига ҳужум қилишни буюрди. Хан Син аввал йўлдаги ёқилган кўприкларни тузатиш учун ўз жангчиларини юборди. Бу ҳақда эшитган Сян Юй қўшини генерали Чжан Дан кулиб, Хан Синнинг одамлари бу кўприкларни ҳали бир йилда ҳам тузата олмаслигини айтади. Бу вақтда эса Хан Син яширин тарзда асосий кучларини бошқа йўл орқали олиб ўтди ва тўсатдан Чэнцянга ҳужум қилди. Ғафлатда қолган Чжан Дан ўз жонига қасд қилди.
2-ҳикоят. Уч подшолик – Вэй, Шу ва У ўзаро курашлари даврида Вэй подшолигининг саркардаси Дэн Ай Оқ дарё қирғоғида ўз қароргоҳини тиклади. Уч кундан сўнг Шу подшолиги қўмондони Цзян Вэй ўз лашкарбошиси Ляо Хуага ўша дарёнинг жанубий соҳилига қўшин этишни буюрди. Дэн Ай шундай деди: “Агар Цзян Вэй бизга ҳужум қилмоқчи бўлганида, у бизни бу ерда қуршаб олар эди ва сон жиҳатидан кўп бўлгани учун дарҳол бизга ҳужум қилган бўларди. Аммо у ҳеч қандай ҳаракат қилмаяпти. Ўйлашимча, у бизга орқа томондан ҳужум қилмоқчи ва Ляо Хуани бизни фақат шу ерда сақлаб туриш учун қўйган”.
Дэн Ай асосий кучларини қўшиннинг орқа томонига юборди ва кўп ўтмай ҳақиқатдан ҳам орқа томондан ҳужум қилиш учун дарёни кечиб ўтаётган Цзян Вэй қўшинига дуч келди.
Шундай қилиб Дэн Ай душман томонидан саккизинчи стратагемани қўлламоқчилигини фаҳмлади, чунки ушбу ҳолатда душманнинг одатий ҳаракат услубидан четга чиқиши жуда сезиларли эди.
3-ҳикоят. Уч подшолик даврида У императори Сун Цюан (182-252 й.) Лю Бэйдан (161-223 й.) Цзинчжоу ҳудудини тортиб олмоқчи бўлади. Бу топшириқни у ўз қўмондони Люй Минга (178-219 й.) топширади. Люй Мин Цзинчжоу қўмондони Гуан Юй ҳимояни кучайтириш бўйича тезда иш бошлаб юборгани, қўшинни кўпайтиргани ва дарё соҳилида қўриқчи гулханларни ёқиш мақсадида бутун бир пешайвон қургани ҳақида хабар топади.
Шунда Люй Мин ўзининг касаллиги тўғрисида миш-миш тарқатади ва ўз ўрнига ёш Лу Сунни тайинлаб, ўз лавозимини тарк этади. Люй Миннинг истеъфоси тўғрисидаги хабар Гуан Юй учун фойдали эди. Бу нарса уни чалғишига ва хато қилишига олиб келди. Қўмондон кибр-ҳавога берилиб, Лу Сунни ёш ва тажрибасиз ҳисоблади ва ўзининг ҳимояда турган қўшинини Вэй императори Цао Цаога ҳужум қилиш учун шимолга олиб кетди.
Шу пайт Люй Миннинг ҳаракат қилиш вақти соати келди. У дарёга кемаларни тушириб, ўз жангчиларини кема трюмига жойлаштирди, қолганларга эса савдогарларга ўхшаб, оқ кийимларни кийишни буюрди. Кемалар Цзинчжоу пойтахти Цзянлин тарафга йўл олди. Қоровул постлар уларни савдогарлар кемаси деб ўйлаб ўтказиб юборди. Мўлжалдаги манзилга етгач, жангчилар кема трюмидан чиқишди ва Цзянлинни эгаллашди. Саркарда Гуан Юй жангда ҳалок бўлди.
Гуан Юй учун рақибининг истеъфога чиқиши ва ёш тажрибасиз ўринбосари билан алмаштирилиши табиий ҳол эди. Бу воқеа худди Хан Синнинг кўприкларни тузатишига ўхшаш оддий, шу билан бирга жуда пухта ўйланган ва моҳирлик билан амалга оширилган найрангдир.
Сун Цзи “Жанг санъати” асарида шундай дейди: “Душманга ҳужумга ўтган пайтда қўшин ғалабасини таъминлайдиган нарса бу одатий нарсани ғайриодатий билан уйғун ҳолда маҳорат билан қўллаш. Умуман олганда, ҳарбий ҳаракатларда одатий нарса ёрдамчи ролни ўйнайди, ғалабага эса ғайриодатий нарса сабаб эришилади”.
Душман орасида ихтилоф авж олаверсин. Ҳалокат келган пайтда бундан узоқроқ туриб, кутиш керак. Ўзаро ички низолар ва нафратга тўла қарашлар – бу душманнинг ўзини ўзи ҳалок қилишидан дарак берадиган яққол белги. Диққат билан кузатгин ва ўзинга берилган ҳар қандай имкониятдан фойдаланиб қолишга тайёр тур. “36 стратагема”дан Изоҳ: Душман қароргоҳида келишмовчилик руҳияти ҳукм сурса, душманни мағлуб этиш учун енгилгина босим ўтказиш кифоя.
Орқага чекиниш ва четда туриш – фитнанинг алангаланишига қўйиб бериш демак. Хитой мақолида бу: “Тоғ чўққисида ўтириб, икки йўлбарснинг олишишини кузатиш” дейилади.
1-ҳикоят. Курашаётган подшоликлар даврида Хан ва Вэй давлатлари бир-бирлари билан урушар эди. Цин подшолиги ҳукмдори уларнинг ўзаро жанжалига аралашмоқчи бўлди ва ўз саркардаси Чэн Чжэндан маслаҳат сўради. У ҳукмдорига жавоб берди: “Бян Чжуанцзи йўлбарсни қандай овлагани ҳақидаги ривоятни биласизми? Бир куни у буқа гўштини еяётган икки йўлбарсни кўрди. У камаридан қиличини олиб, йўлбарсларга энди ташланмоқчи бўлади, аммо ҳамроҳи Гуан Чжуцзи уни қўлини тутиб олди ва деди: “Бу икки йўлбарс эндигина овқатланишга киришди. Очкўзлик батамом уларда устунлик қилганча кут. Ўшанда улар бир-бири билан урушишни бошлайди, катта йўлбарс кичигини ғажиб ташлайди, аммо ўзи ҳам жангда ҳолдан тояди. Шунда сен машаққатсиз икки йўлбарсни бирданига қўлга кирита оласан”.
Бян Чжуанцзи маслаҳатга қулоқ тутди ва қоя ортига яшириниб, йўлбарсларни кузата бошлади. Бир муддатдан сўнг улар ростдан ҳам уруша бошлади ва катта йўлбарс кичигини ғажиб ташлади. Шунда Бян Чжуанцзи тош ортидан сакраб чиқди ва олишувда кучсизланган йўлбарсни ўлдирди.
Хан ва Вэй подшоликлари бир-бири билан бир йилдан бери урушмоқда. Кучли Вэй албатта кичик Хан ўлкасини мағлуб қилади, лекин бу урушда ўзи ҳам талафот кўради ва ҳолдан тояди. Ана ўшанда қулай фурсатдан фойдаланиб, бирданига икки давлатни ҳам босиб олишимиз мумкин”.
Охир-оқибатда айнан шундай бўлди ҳам.