3-ҳикоят. Хан сулоласининг охирги йилларида Хитойнинг чекка вилоятлари мустақил ҳукмдорлар бошқаруви остида қолади. Янцзининг жанубида икки марказ вужудга келади: бири Гуйцзи ҳукмдори Сун Цэга ва иккинчиси Луцзян ҳукмдори Лю Сюнга бўйсунарди.
Бу икки ҳукмдор Жанубий Хитойга якка ҳукмронлик қилиш учун ўзаро кураш олиб борарди. 199 йилда Лю Сюннинг қудрати мамлакатни катта ҳудудига ёйилади ва бевосита Сун Цэ учун хавф туғдиради. Сун Цэнинг маслаҳатчилари ва амалдорлар тезлик билан Лю Сюнга қарши уруш бошлаш ва уни ҳал этувчи жангда яксон қилиш лозимлигини уқтирадилар. Бироқ айрим маслаҳатчилар бошқача фикрда эдилар. Улар бундай қудратли рақиб билан тўқнашиш жуда хавфли деб ҳисоблардилар. Маслаҳатчилардан бири Чжоу Юй “йўлбарс инига киришдан” аввал, уни “тоғдан алдаб чиқариш” зарурлигини айтади. Сун Цэ Чжоу Юй маслаҳатига амал қилади, у Лю Сюннинг очкўз, кибрли ва иззатталаб одам эканлигини билар эди. Шу сабаб Сун Цэ Лю Сюнга ишончли одам орқали совға-саломлар билан бирга мактуб юборади. Чопар йўл бўйи тиш-тирноғигача қуролланган Лю Сюн жангчиларининг қароргоҳларидан ўтади.
Мактубни ва совғаларни олгач, Лю Сюн жуда хурсанд бўлади. Хатда қуйидагилар битилган бўлади: “Биз эҳтиром билан сизга боқамиз ва дўстона алоқаларни тиклашни истаймиз. Аммо доимий урушлар сабабли сизни зиёрат қилишга имкон тополмадик. Айни дамда Шан Ляо яна Буюк дарё жанубидаги ерларимизга ҳужум қилмоқда. Биз узоқ сафарга кучсизлигимиз сабаб сиздан Шан Ляони жазолашингиз мақсадида унга қарши юриш қилишингизни илтимос қиламиз. Сизнинг ушбу ёрдамингиз Буюк дарёнинг жанубида жойлашган кучсиз давлатлар учун беқиёс бўлар эди”.
Лю Сюн Шан Ляо подшолигини эгаллаш янада қудратини ошириши ва фаровонлик келтириши мумкинлигини англарди. Бундан хурсанд бўлган Лю Сюн элчи шарафига катта зиёфат уюштиради. Дастурхон атрофида элчи бир неча бор Шан Ляо устидан ғалаба қозониш шарафига қадаҳ кўтаради. Фақат Лю Е исмли амалдор зиёфат пайти юзида ташвиш билан четда ўтирарди. Зиёфат тугагач, Лю Сюн унинг хавотирланиши сабабини сўрайди. Маслаҳатчи жавоб беради: “Шан Ляо – кичик шаҳар, аммо мустаҳкам деворлар билан ўралган. Уни ишғол этиш қийин. Сун Цэ бизни тузоққа тушириб, мағлубиятга учратади деб қўрқаман”. Кибрли ва нодон Лю Сюннинг жаҳли чиқади ва барибир ҳарбий юриш фикридан қайтмайди. Лю Сюн Шан Ляони қамал қилади ва қаттиқ қаршиликка учрайди. Сун Цэ ҳам ўз навбатида Лю Сюн асосий кучлари билан Шан Ляони қамал қилганлигини эшитгач, “биз йўлбарсни инидан чиқардик, энди аввал уни инини эгаллаб олишимиз зарур, сўнгра ўзини яксон қиламиз” дейди ва ҳимоясиз қолган Луцзянни осонликча қўлга киритади. Кейин Сун Цэ Лю Сюннинг асосий қўшинига қарши жангга киришади ва уни ҳам мағлуб этади. Мағлубиятга учраган Лю Сюн шундан сўнг Цао Цаога қўшилади.
У тор-мор этилган пайтда кўкка қараб: “Нега мен Лю Ени маслаҳатига кўнмадим? Сун Цэнинг “йўлбарсни тоғдан чиқариш” стратагемасига лаққа тушдим, шунинг учун нотавонга айландим!” деган экан.
Сун Цэ эса ўз навбатида енгилгина ҳарбий юриши билан Уч подшоликлар давридаги У подшолигига асос солади.
“Хан Фэй-цзи” асарида шундай дейилади: “Йўлбарс итни тирноқлари ва тишлари ёрдамида енгади. Агар йўлбарсдан тирноқ ва тишларни олиб итга берилса, йўлбарс итга бўйсунишга мажбур бўлади”.
Қадимги “Гуан -цзи” рисоласида: “Қачонки қоплон ёки йўлбарс ўз уясини тарк этиб, одамларга яқинлашса, у одамлар ўлжасига айланади. Токи йўлбарс ё қоплон ўз уясида экан, у ўз кучини сақлаб туради” деб ёзилган.