2-ҳикоят. Шу-Хан подшоси Лю Бэйнинг ўлимидан кейин Вэй ҳукмдори Цао Цао бутун Хитойни бирлаштириш учун имконият туғилди деб ўйлади. Цао Цаонинг маслаҳатчиларидан бири Шу-Ханнинг жанубида яшайдиган халқларга подшолик қиладиган Мэнхони иттифоқчи қилиш фикрини беради. Бешта йўналишда жанг қилиш хавфи Чжугэ Лянни хавотирга солади ва аввалига У подшолиги ҳукмдорини ўз тарафига оғдириб олишга эришади. Шундай қилиб шимолдаги хавфни бартараф этади.
Сўнгра Хан сулоласининг содиқ вассали Цзян ҳукмдори Юн Кай, Цзангэ ҳукмдори Чжу Бао, Юэсуй ҳукмдори Гао Динларнинг ҳам Мэнхога қўшилганлиги ҳақида хабар келади. Шу-Хан давлатининг аҳволи оғир кўринарди ва қалтис вазиятдан чиқиш учун Чжугэ Ляннинг ўзи 225 йилда машҳур ҳарбий юришини бошлайди. Шу-Хан подшолигининг маслаҳатчиси қўшин тортиб келаётганини эшитган уч исёнчи 50 минг кишидан ортиқ жангчидан иборат қўшинни тўплашади. Гао Дин эса Е Хуанга Шу-Хан қўшинининг илғор сафларига қарши чиқишга буйруқ беради.
Ичжоу атрофида Е Хуан шуликлар қўмондони Вэй Ян жангчилари билан тўқнашади. Жанг бошланишидан аввал Вэй Ян олдинга чиқади ва Е Хуан билан олишади. Е Хуан олишувга иккинчи марта чиққанида, биринчи зарбаданоқ Вэй Ян ўзининг енгилишини сезади ва жанг майдонидан қочади. Е Хуан уни қувишга тушади ва пистирмага учраб, қўлга тушади. Уни Чжугэ Лянни олдига олиб келишади. У Е Хуанни едириб, ичиради ва унга шундай дейди: “Ахир Гао Дин Шу-Хан давлатининг содиқ тарафдори. Уни Юн Кай алдаган. Ўз хўжайинингга қайтиб бор. Умид қиламанки, у тавба қилиб, биз томонга ўтади. Бу эса уни ҳалокатдан қутқаради”.
Гао Дин Чжугэ Ляндан хабарни олгач, жуда таъсирланади. Кўп ўтмай Гао Диннинг олдига Юн Кай келиб, Е Хуан қандай озодликка қўйиб юборилганлиги сабабини сўрайди. Гап нимадалигини билгач, шундай дейди: “Чжугэ Лян орамизга низо солмоқчи. У ўртамизга нифоқ солиб, бизни уруштиришдан умидвор бўлган”.
Бир қанча вақтдан сўнг, Юн Кай ва Гао Дин ҳамкорликда Чжугэ Лянга қарши ҳужум қилишади. Бироқ Чжугэ Лян тузоқ қўйиб, икковини ҳам асирга туширади ва уларни алоҳида жойда ушлайди. Бу орада Чжугэ Лян Гао Дин жангчиларини озод қилиб, Юн Кай жангчиларини қатл қилиши ҳақида миш-миш тарқатади. Ушбу хабар тарқалгач, Чжугэ Лян Юн Кайни одамларини келтиришни буюради ва улардан: “Бошлиқларингиз ким?” – деб сўрайди. “Биз Гао Динга бўйсунамиз!” – деб бақиради ҳаммаси. Шунда Чжугэ Лян стратагема қўллаб, уларни иззат-ҳурмат билан мукофотлайди ва қўйиб юборади. Кейин уни олдига ҳақиқий Гао Диннинг одамларини олиб келишади. Уларга ҳам аввалгидай саволни беради. “Биз Гао Динга бўйсунамиз”, - жавоб беради улар. Уларни ҳам меҳмон қилиб, охирида шундай дейди: “Юн Кай ўзининг мағлуб бўлганини айтиб, менга элчисини юборди. Садоқатининг исботи сифатида менга Гао Дин ва Чжу Баони бошини келтиришни ваъда қилди. Бироқ мен бундай қилмайман, чунки сиз Гао Динга бўйсунганингиз учун уни олдига қайтариб юбораман. Лекин сизлар менга қарши бошқа жанг қилмаслигингиз керак. Келгуси сафар қўлга тушсангиз, сизларни авф этмайман”.
Улар қайтгач, Юн Кай тўғрисида эшитганларини Гао Динга айтиб берадилар. Гао Дин ҳақиқатни аниқлаш учун Чжугэ Лян қароргоҳига жосус юборади, аммо у қўлга тушади. Жосусни Чжугэ Лянни олдига олиб киришганда, у гўё Юн Кайни чопарини олиб келишгандек ўзини тутади ва унга: “Сени хўжайининг менга Гао Дин ва Чжу Баони бошини ваъда қилган эди. Нега ваъдасининг устида турмаяпти? Сен нималарни пойлаб юрибсан?” дейди. Жосус ҳеч нима деёлмайди ва Чжугэ Лян уни едириб-ичириб, қўлига мактуб тутқазади. “Бу хатни Юн Кайга олиб бор ва ваъдасини тезроқ бажариши лозимлигини етказ”.
Мактубни олгач, Гао Дин ғазаб отига минди ва сирни Е Хуанга айтди. У Чжугэ Ляннинг олийжаноблигига ишонч ҳосил қилгач, Юн Кайни ўлдириб, Чжугэ Лян томонига Чжу Бао билан бирга ўтди. Чжугэ Лян кейинчалик уни Ичжоу ҳукмдори этиб тайинлади.
Чжугэ Лян нафақат “қўйиб юбориш” стратагемаси, балки “нифоқ солиш ва “ўзгани пичоғи билан ўлдириш” ҳийлаларини қўллаш орқали мақсадига эришди. Бир қанча стратегияларнинг комбинацияси хитойчасига “стратагемалар занжири” (“лян-хуан цзи”) деб номланади.
Ўн еттинчи стратагема: Яшмани қўлга киритиш учун ғиштни ташлаш13
Душманни унга ёқадиган нарса билан тузоққа илдир, сўнгра уни қўлга кирит.
Бирор нарсани худди ўзига ўхшаш, аммо нархи арзон
буюмга алмаштириб катта фойда кўриш керак.
“36 стратагема”дан
Изоҳ: Фойдали айирбошлашни амалга ошириш усуллари жуда кўп. Бироқ улардан энг яхшиси ясама нарсага керакли кўринишни бериш ва одамларда унга нисбатан эгалик қилиш истагини уйғотиб, ҳақиқийсига алмаштиришдир.
Қўлидан ҳеч иш келмайдиган қари кишиларни душманга қарши қўйиб ёки озиқ-овқат захирасини қолдирган ҳолда уларни тузоққа тушириш, бу арзон баҳоланадиган нарсани қиммат турадиган нарсага алиштириш деганидир.
1-ҳикоят. Курашаётган подшоликлар даврида Цин ҳукмдори Ци подшолигига ҳужум қилишни режалаштирди, аммо у Цининг Чу подшолиги билан иттифоқидан қўрқарди. Шунда у ўз маслаҳатчиси Чжан Ини Чу подшолигига юборади ва чуликларга ҳарбий иттифоқ тузишни таклиф қилади. Эвазига эса ўз ерларидан катта ҳудудни беришни ваъда қилади. Чу ҳукмдори Чжан Ига ишонади ва Цинга ҳужум қилмаслигини айтади. Натижада Ци билан Чу ўртасидаги иттифоқчилик муносабати тўхтайди. Бироқ Цин ҳукмдори ўз ваъдасини бажаришни пайсалга солади ва ерларни беришга шошилмайди. Чу подшосининг ваъда қилинган вилоятни бериш талабига жавобан Чжан И ўзи эгалик қиладиган кичик бир туманни назарда тутганини айтади. Жаҳл устида Чу подшоси Цинга қарши юриш қилди, аммо мағлубиятга учрайди. Ўшандан бошлаб, Чу барча иттифоқчиларини йўқотади.
Ушбу келтирилган воқеада ёлғон туҳфа ваъдаси “ғишт”, Циннинг тезда кучайишига олиб келган Чу подшолигини яккалаб қўйиш эса “яшма”дир.
Do'stlaringiz bilan baham: |