Юрист касб этикасининг энг муҳим хусусиятларидан бири – инсон тақдири билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ҳис-туйғуга, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик ёхуд миллатчилик каби туйғуларга берилмаслик, одил судловни амалга оширишнинг барча босқичларида ахлоқ нормаларига оғишмай риоя қилишни ўргатади.
Шахс такомилида ахлоқий сифатларнинг ўрни. Демократик фуқаролик жамиятида ахлоқ ва ҳуқуқнинг ўзаро алоқадорлиги қуйидаги қонуният туфайли объективлашади – умумхалқ ҳуқуқининг ахлоқий потенциали, қонунчиликнинг ахлоқий асослари ўсиб боради. Юқорида таъкидлаганимиздек, этика - инсон ва жамият ўртасидаги объектив алоқадорлик туфайли келиб чиқадиган, ҳар бир шахснинг ҳаёти ва фаолиятини бошқарадиган, тартибга соладиган принцип ва нормалар мажмуидир.
Ахлоқ – ўзгарувчан мураккаб ижтимоий ҳодиса. Ахлоқ киши ва жамият ўртасидаги объектив ўзаро боғланишнинг маънавий ифодаси, умумий ва индивидуал манфаатларни мувофиқлаш заруратининг намоён бўлишидир. Шунингдек, у шахс билан жамият ўртасида юзага келадиган зиддиятларни бартараф этишнинг асосий шаклларидан бири ҳам.
Ахлоқ ахлоқий онг, ахлоқий амалиёт ва ахлоқий муносабатлардан иборат бўлган, мантиқан мукаммал шаклий бирликка эга. Шу боис, ахлоқий ишонч шахснинг фаолият йўналишини, унинг мақсадга интилиши, хулқнинг яширин мотивлари тузилмасини ҳамда унинг умумий нуқтаи назарини, ҳаётдаги ўринини, яшаш маъносини белгилайди.
Инсоннинг ҳар қандай хатти-ҳаракатлари онг орқали бажарилади, аммо жамият уларни саралаб, манфаатдор бўлганларинигина юзага чиқаради. Ахлоқий онгнинг ижтимоий аҳамияти ҳам худди ана шундадир.
Ахлоқий онгнинг ўзига хос ва айни пайтда энг муҳим элементи шахснинг ахлоқий сифатларидир. Кишиларнинг ахлоқий сифатлари, яъни фазилатлари ижтимоий, сиёсий, иқтисодий сабаблар билан изоҳланади. Инсоният тараққиётининг турли даврларида ахлоқий сифатларнинг турли кўринишларда шаклланиб, ўзгариб ва сайқалланиб борганини кўришимиз мумкин. Бироқ ахлоқ ҳар доим ҳам ўзининг умуминсоний, миллий хусусиятлари билан ажралиб турган.
Ахлоқий сифатлар ижобий ва салбий бўлади. Ижобий ахлоқий сифатларга (биз буни фазилатлар деб ҳам юритамиз), масалан, меҳнатсеварлик, масъулиятлилик, камтарлик, хушмуомалалик, эзгулик, самимият, инсоф, андиша, ҳаё сингарилар киради. Бу бизнинг ахлоқий қадриятларимиздир. Салбий сифатларга, буни иллатлар дейишимиз ҳам мумкин, масалан, хоинлик, порахўрлик, иккиюзламачилик, лаганбардорлик, ҳасад, дағаллик, иродасизлик, мунофиқлик, шахсиятпарастлик, худбинлик, мансабпарастлик кабилар киради.
Демократик фуқаролик жамиятида ахлоқ ва ҳуқуқнинг ўзаро алоқадорлиги қуйидаги қонуният туфайли объективлашади – умумхалқ ҳуқуқининг ахлоқий потенциали, қонунчиликнинг ахлоқий асослари ўсиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |