Шаҳар меъморчилиги. Ўрта Осиёда V-VII асрларда шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфасига, аҳолисининг турмуш тарзи ва аҳволига: 1) ерга эгалик қилиш муносабатларининг ўрнатилиши ва мустаҳкамланиб бориши; 2) кўчманчи чорвадорларнинг кириб келиши ва ўтроқлашуви, жиддий таъсир кўрсатади. Бунинг оқибатида зироаткор ерлар кенгайиб, деҳқончилик воҳаларининг сув таъминоти тубдан яхшиланди. Тоғолди ерларга сув чиқарилиб, янги ерлар ўзлаштирилди, шаҳарлар гавжумлашди.
Қишлоқларда Кўшк, Қаср, Қўрғон ва Қўрғонча каби истеҳкомли турар жойлар қад кўтарди. Истеҳкомли қаср, қўрғон ва кўшклар асосан ташқи душман ҳужумига қарши мудофаа иншооти, чокарлар тўпланадиган жой, маъмурий марказ, озиқ-овқат ва қурол-яроғ сақланадиган омбор вазифасини ўтаган. Ўрта асрларда шаҳарлар 3 қисмдан иборат бўлиб, улар кўҳандиз, шахристон, рабод деб юритилган. Учала қисм ҳам алоҳида девор билан ўралган ва бир нечта дарвозаси бўлган. Шаҳар деворлари бўйлаб оқиб ўтган анҳор хандақ вазифасини бажарган. Ўрта аср араб муаллифлари (Ибн Хавқал, Иштахрий) Бинкат (Тошкент)нинг 22 та дарвозаси бўлганини қайд этади.
VI-VII асрларда маданият. Ёзув. Бу даврда Суғд, Хоразм ва Тохаристон аҳолисининг алоҳида-алоҳида ёзувлари бўлган. Суғд ва Хоразм ёзувчилари оромий ёзуви асосида юзага келган. Тохар ёзуви бақтрия ёзуви асосида шаклланган. Хат, ҳужжат ва ахборотлар каби мактуботлар асосан чарм, ёғоч, сополга ва камдан-кам қоғозга битилган. Қоғоз нихоятда қимматбаҳо бўлганлиги учун кам ишлатилган. Айрим битиклар подшо саройлари ва ибодатхона деворларига ҳам ёзилган. Улар орасида элчилик мактублари, хўжалик кирим-чиқимлари, юридик шартномалар, астраномик ҳужжат, тарихий ёдномалар, диний ақидалар битилган қўлёзмалар бор.
Суғд ёзувлари Панжикент яқинидаги Муғ қалъасида, Шарқий Туркистондаги Турфан шаҳри яқинида ва Афросиёбда сақланиб қолган. Уларда Суғднинг сиёсий тарихи, ҳуқуқ ва қонунлари, иқтисодий ва диний эътиқоди хусусида маълумот келтирилган. Суғдда ўғил болага 5 ёшдан ёзув ва ҳисоб ўргатилган, 20 ёшдан савдони ўрганиш учун бошқа мамлакатга жўнатилган. (VIII асрга оид Суғдий қўлёзма парчаси топилган.)
Уйғур ва Турк ёзувлари Суғд хати асосида шаклланган. Уйғур ёзувидан кейинчалик мўғул ва манжур хатлари пайдо бўлган. Суғдийларнинг каттагина гуруҳи доимо турк хоқонларининг қараргоҳида яшаган, уларнинг айримлари сарой аъёнлари ва маъмурлари қаторидан ўрин эгаллаб, маслаҳатчи, элчи, хат ва саводга ўргатувчи устоз вазифасини бажарганлар.
Туркий рун (кўктурк) хати ҳам кенг қўлланилган, бу ёзув бири иккинчисига туташиб кетадиган 38-40 ҳарфдан иборат бўлиб, у тош ва ёғочга ўйиб ёзишга қулай эди. Кўктурк битиклари (Култегин ва Билга хоқон битиклари) Олтой, Шарқий Туркистон, Еттисув, Фарғона ва Зарафшон водийларидан топилган. Улар қабртошлари, сопол ва метал буюмлар, ёғоч ҳамда танга пулларга битилган. Илк ўрта асрларда юртимизда суғд, хоразм, тохар, туркий рун (кўктурк) ёзувлари мавжуд бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |