Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа саноати тўғрисида
МАЪЛУМОТ
Мудофаа саноати давлатнинг қуролли кучлари учун қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника ҳамда бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва тасарруф этиш билан шуғулланадиган илмий-тадқиқот, синов муассасалари, ташкилотлар ва ишлаб чиқариш корхоналари йиғиндиси ҳисобланади. Шу сабабдан, ҳарбий соҳадаги илоҳотлар доирасида миллий мудофаа саноати комплекси яратилди ва давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш, ҳамда мудофаа аҳамиятига эга бўлган ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боришга масъул бўлган давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси
2017 йил 20 ноябрь куни ташкил этилган.
Давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
мудофаа саноати комплекси корхоналари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари мажмуасини яратиш ҳамда бошқариш, шунингдек, янги ишлаб чиқариш тизимини, хусусан хорижий шериклар билан ҳамкорликда ташкил этиш йўли орқали ривожлантириш;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг қурол-яроғ, ҳарбий техника, ҳарбий-техник ва кийим-кечак жиҳозлари, озиқ-овқатнинг айрим турлари, махсус жиҳозлар ва ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган бошқа моддий-техник воситалари билан жиҳозланишини ва таъминланишини ташкил этиш;
ҳарбий-техник соҳадаги ташқи савдо фаолияти, етакчи хорижий давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорлик, мудофаа саноатига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, мудофаа саноати комплекси корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни кўриб бориш;
ҳарбий ва икки мақсадга мўжалланган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, энг янги материаллар ва хом ашё ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва ўтказиш;
ҳарбий ва икки мақсадга мўжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш, мослаштириш йўли орқали қайта ишлаш, қурол, ҳарбий техника ва ҳарбий-техникавий буюмларни импорт ва экспорт қилишда халқаро стандартлар ҳамда талабларнинг бажарилишини таъминлаш;
ҳарбий мақсадга мўжалланган маҳсулотларни яратиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва модернизация қилиш соҳасидаги талаб юқори бўлган технологияларни ўзлаштириш;
бошқарув кадрларни, илмий, муҳандис-техник ва ишчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, иқтисодиётнинг ҳарбий секторидаги меҳнат фаолиятининг жозибадорлигини ошириш бўйича рағбатлантирувчи ижтимоий чора-тадбирларни жорий этиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |