Қадимги Бақтрия давлати мил. авв. VII асрда ташкил топган Ўрта Осиёдаги қадимги давлатлардан бири саналади. Марғиёна ва Сўғд Бақтриянинг сиёсий ва маданий таъсирида бўлган. Сурхондарё, Қашқадарё, Зарафшон воҳаларида қадимги шаҳарлар ривожланган. Қизилтепа, Узунқир, Ерқўрғон, Афрасиёб ўрнида Бақтрия ва Сўғднинг марказий шаҳарлари жойлашган. Бу қадимги шаҳарларнинг ёши 2700 йилдан кам эмас. Бу шаҳарлар Ўзбекистондаги энг қадимгилари бўлиб, улар шунинг учун Бақтрия қариндош бўлган элатларнинг давлат бирлашмаси дейилган. Мил. авв. VII-VI асрларда ва Ўзбекистонга чегарадош вилоятлар Қадимги Бақтрия давлати таъсирида бўлган.
Хоразм ҳудудида яна бир қадимий давлат ташкил топган, бу давлат Хоразмдан ташқарида бўлган ерларни ҳам бирлаштирган. Қадимги Хоразм воҳаси марказларидан бири Кўзалиқир қалъаси эди. У қалин мудофаа деворлари билан ўралган. Воҳа аҳолиси деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Қадимги Хоразмда ҳунармандчилик, бинокорлик ва савдо-сотиқ юксак даражада ривожланган. Маҳаллий кулолчилик, қурлсозлик, заргарлик буюмларининг довруғи ўзга юртларга ҳам тарқалган эди. Хоразмликлар моҳир қурувчи ва ҳунарманд бўлганлар.
Зардуштийлик
Ўрта Осиёда мил. ав. 1-мингйилликда зардуштийлик дини кенг тарқалади, бу дин ҳали одамлар табиатни илоҳийлаштирган кезларда куртак ёза бошлаган эди. Зардуштийлар олов, тупроқ, сув ва юлдузларга сиғинган, уларни муқаддас ҳисоблашган. «Зардуштийлик» сўзи Зардушт (Заратуштра, Зороастр) исмидан келиб чиққан, у мил. ав. 1 минг йилликнинг 1-ярмида яшаган тарихий шахс. Кейинроқ Юнонистонда Зардушт исми «Зороастр» шаклида жаранглайди (юнонча “астрон” - юлдуз), чунки уни биринчи галда донишманд, мунажжим сифатида билишган.
Зардуштийлик пайдо бўлиши ҳақидаги афсонада шундай дейилади: Зардушт тонгда сув олиш учун дарёга борибди, сувда Аҳурамазда элчиларидан бирининг сиймосини кўриб қолади, сиймо нур билан қайси томонга боришга йўл кўрсатибди. Зардушт сеҳрли нурга эргашиб олий илоҳ - Аҳурамазда қаршисига бориб қолибди. Аҳурамазда худоси унинг эзгу амаллари ҳақидаги билимларни тарқатиш учун Зардуштни танлаганини маълум қилибди. Зардушт 30 ёшида янги диний таълимот пайғамбарига айланган. «Пайғамбар» сўзи «эзгу амаллар ҳақида хабар берувчи» маъносини англатади.
Зардуштийлик тарқала бошлаган пайтларда ибодатхоналар, одамлар дуо матнларини ўрганиши учун махсус китоблар бўлмаган. Диний маросимлар очиқ осмон остида, гулхан ёнида ёки уйдаги ўчоқ олови атрофида ўтказилган. Аввал турли қабилаларни истилочиларга қарши курашга бирлаштириш учун Зардушт уларни бирликка даъват қилган.
Зардуштнинг сўнгги ваъзларини коҳинлар ёзиб олган, улар диний матнларни ёд олиб, диндорларга ўқиб берган. Зардушт вафотидан кейин бир неча асрлар ўтгач диний маросим, мадҳия ва дуолар китобга жамланди. Бу китоб «Авесто» - «қатъий белгиланган қонун-қоидалар» деган маънони англатади. “Авесто”нинг илк қисми мил. ав. IX-VIII асрларда пайдо бўлган. Зардушт ваъзлари матнларининг ҳаммаси мил. ав. III асрда 21 та китобга жамланган, бу китоблар «Авесто» асосини ташкил этган эди. «Авесто» матнларига шарҳ эса «Занд» деб юритилади. Француз олими А.Дюперрон илк маротаба «Авесто»нинг алоҳида қисмларини таржима қилган.
Зардуштийликнинг эҳтиромга сазовор худолари Аҳурамазда, Митра, Анахита, Аҳурамазда - зардуштийларнинг улуғ ва донишманд олий худоси. Митра - қуёш ва ёруғлик худоси. Митра ўтли чақмоқлар ёрдамида ёвузлик ва ўлим худоси - Аҳриман билан жанг қилади. Анахита - ҳосилдорлик ва сув илоҳаси. Зардуштийлик таълимоти инсониятнинг Эзгулик ва Ёвузлик ҳақидаги қарашлари такомилига катта таъсир кўрсатди. Зардуштийлар умрининг туб маъноси эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амалдан иборат бўлган. Инсоннинг асосий бурчи энг аввало адолатли турмуш тарзи ҳисобланган. Зардуштийлар эътиқодига кўра: ёлғон сўзламаслик, алдамаслик, ваъдага вафо қилиш, фақат эзгу ишларни амалга ошириш лозим эди.
Зардуштийларда инсон вафот этганида марҳумнинг жасадини ерга кўмиш, оловда куйдириш, сувга ташлаш таъқиқланган. Мурдани қушлар ва ҳайвонлар еб кетиши учун тошли ва қумли тепаликда қолдирган. Ёмғирда ювилган ва офтоб қоқлаган суякларни махсус сопол тобутчалар - оссуарий (суякдон)ларда дафн этишган.
Тянч сўзлар: сўғдийлар, бақтрияликлар, хоразмликлар, сак ва массагетлар. Қадимги шаҳарлар: Афрасиёб, Ерқўрғон ва Узунқир, Қизилтепа, Кўзалиқир. Давлат: Қадимги Бақтрия, Қадимги Хоразм Зардуштийлик: Авесто, Аҳурамазда.
Do'stlaringiz bilan baham: |