Илк палеолит (мил. ав. 1 млн. - 100 минг йил)да, ер юзида иқлим илиқ бўлган даврларда одамларнинг (Фергантроп) маконлари кичик дарёлар ёки булоқлар яқинидаги тепаликларда жойлашган. Илк палеолитнинг охирларида Буюк музлик даври бошлангач, бу ҳол одамларни янгича турмуш шароитига мослашишга ундади. Бундай пайтда кучлиларгина яшаб қолган. Энг қадимги одамлар – ибтидоий одамлар деб аталади. Уларнинг маконлари Африка, Осиё ва Европанинг кўпгина ҳудудларидан топилган.
Ўрта Осиёда тошдан ясалган қадимий меҳнат қуроллари Фарғона водийсидаги Селунгур макони ва Тошкент воҳасидаги Кўлбулоқ манзилгоҳидан топилган. Булар қўпол тош қуроллар бўлиб, уларнинг бир томони уриб ўткирланган. Археология фанида бу тош қуроллар чопперлар деб номланган. Меҳнат қуроллари одамларга егулик топиш учун керак бўлган. Дастабки меҳнат қуроллари содда бўлиб, одамлар учи ўткирланган тош ва таёқ билан ҳайвонларни овлаган, учи ўткир таёқ билан ўсимликларнинг илдизлари ва илдизмеваларини ковлаб олган. Кишиларнинг энг қадимги машғулоти термачилик ва овчилик бўлиб, бу ўзлаштирувчи хўжалик деб аталади.
Ўрта палеолит (мил. ав. 100 - 40 минг йил) даври маданиятининг жаҳонга машҳур ёдгорлиги Бойсун тоғларидан топилган Тешиктош ғори ҳисобланади. Тешиктош ғоридан тош қуроллар ва парчалари, тоғ эчкиси, кийик, ёвойи от, қоплон, қуён, майда кемирувчилар, қушларнинг суяклари топилган. Тешиктош ғоридан топилган тош асрига мансуб 8-9 яшар неандертал боланинг суяк қолдиқлари энг машҳур топилмадир. Бола жасади қабрга кўмилган, жасад атрофига тоғ эчкиси шохлари қадаб чиқилган. Мурданинг дафн этилиши дастлабки диний эътиқодлар билан боғлиқ бўлган.
Меҳнат фаолияти, олам ҳақида тўпланган билимлар инсоннинг фикрлаши ва тафаккурини ўзгартириб борди. Одамлар ўзларига тушунарсиз бўлган ҳодисалар: кун билан тун, йил фасллари алмашиши, вулқонлар отилиши, ер қимирлаши ва бошқа табиат ҳодисалари ҳақида ўйлай бошлади. Ана шу ҳодисаларнинг сабабларини тушуна омаган инсон момақалдироқ, яшин, шамол, ёмғир каби табиат кучларига сиғина бошлади. Овчилик ва термачилик ривожланган бу даврда инсон ўзини табиатдан ажратмаган. Табиатни жонли деб, ҳодисаларда ғайритабиий кучлар яширинган деб ҳисоблаган ва шу кучларга эътиқод қилишган.
Одамларнинг ҳайвон ёки ўсимлик билан қариндошлик алоқасига ишониш тотемизм деб аталади. Одамнини ўраб турган муҳитда жонлар ва руҳларнинг мавжудлигига эътиқод анимизм дейилган. Қадимги одамлар буюмлар омад келтиришига ёки балони бартараф этишига эътиқод қилиши фетишизм дейилган.
Сўнгги палеолитга оид ғорлар деворидаги расмларнинг (тасвирий санъат) топилиши ҳам қадимги одамларда диний тасаввурлари тўғрисида ҳикоя қилади. Бундай расмларидан энг қадимийлари Испаниядаги Алтамир, Франциядаги Ласко ва Бошқирдистондаги Капова ғорларидан топилган. Одамлар расмлар овда ёрдам беради деб ишонган. Расмлар қаршисида ҳайвонлар ҳаракатига тақлид қилиб, рақсга тушган, ов манзараларини тасаввур қилган, найза улоқтиришни машқ қилган.
Қадимги расмлар қимматли тарихий манбалардир, улар инсон ўйларини, дунёни тасаввур этгани, қайси ҳайвонни овлагани, қайси ҳайвонларни овлагани, қандай меҳнат қуроллари ва қурол-яроғдан фойдаланганини билиб олишга ёрдам беради. Одам ўзини қуршаб турган дунёни тушунишга интилиши энг қадимги тасвирий санъат ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |