Уруғчилик жамияти
Сўнгги палеолит даври (мил. авв. 40 - 12 минг йилликлар)да тошга ишлов бериш техникаси ва меҳнат қуроллари ясаш усуллари ўзгарди. Одамнинг ақлий қобилияти ва ташқи қиёфаси ҳам ўзгариб бориб, бу даврда ҳозирги қиёфадаги одам - кромонён одами яшаган. Сўнгги палеолит манзилгоҳлари Самарқанд шаҳридан, Тошкент вилояти Оҳангарон водийсидаги Кўлбулоқ маконидан, Фарғона водийсидан топилган. Сўнгги палеолитда одамлар анча такомиллашган кесувчи ва арраловчи меҳнат қуроллари; ҳамда тақинчоқлар - мунчоқ, тумор ва узуклар ҳам ясай бошлаган.
Сўнгги палеолитда инсоният ўз ривожида яна бир поғонага юксалди, одамлар қариндошлардан таркиб топган ихчам гуруҳларга - уруғ жамоаларига бирлашди. Уруғ аъзолари битта манзилгоҳда яшаган, бир жойда яшаган бир қанча уруғлар қабилани ташкил этган. Сўнгги палеолит даври одамларининг муҳим ихтироси - турар жойлар қурилиши бўлди. Ҳайвон терисидан кийим тайёрлаган. Сўнгги палеолитда инсон сунъий тарзда олов ҳосил қилишни ҳам ўрганиб олди (ёғочни бир-бирига ишқалаш, чақмоқтошни бир-бирига уриш орқали).
Мезолит (ўрта тош) даври – мил. авв. 12 - 7 минг йилликларни ўз ичига олади. Мезолит даври бошланиши билан музлик даври тугади, иқлим исиди ва одамлар турмушида ўзгаришлар бўлди. Мезолит даврида инсон ўқ-ёй ясашни ўрганиб олди, натижада чопқир ҳайвонлар ва қушларни овлаш имконияти вужудга келди. Мезолит даври охирида инсон ҳайвонларни қўлга ўргата бошлади, овчилар итни қўлга ўргатди, энди ов қилганда ўлжа мўл бўлди. Тириклай тутиб олинган қўзичоқ, улоқча, тўнғизчаларни энди ўлдирмасдан захира сифати сақлаб қўядиган бўлди. Мезолит даври охирида Олд Осиёда хўжаликнинг янги тармоқлари - ибтидоий зироатчилик ва чорвачилик вужудга келди.
Ўрта Осиёда мезолит даврига оид 100 дан зиёд манзилгоҳлар очилган. Бундай манзилгоҳлар Фарғона водийсининг тоғ ва тоғолди туманларида, Тошкент воҳасида ҳамда Ўзбекистон жанубида кўплаб учрайди. Обишир, Қўшилиш, Мачай манзилгоҳлари ва Зараутсой дарасидаги қоятош расмлари муфассал ўрганилган. Амударё ва Сирдарё қирғоқлари, Ўзбекистондаги кўллар ва дарёлар соҳили мезолит даври овчилари ва балиқчилари кўчиб келиб ўрнашган масканларга айланди.
Неолит - янги тош даврида Қадимги Шарқнинг турли вилоятларида ишлаб чиқарувчи хўжалик - деҳқончилик ва чорвачиликка ўта бошлайди. Чорвачилик ва деҳқончилик неолит даврининг энг катта ихтиросидир. Ўрта Осиёда неолит даври мил. ав. 6 – 4 минг йилликлар ҳисобланади. Археологлар неолит даври бошланишини сопол идишлар ясашнинг кашф этилиши билан белгилайди. Неолит даврида одамлар Мезолит даврида кашф қилинган майда тош қуроллари – микролитдан фойдаланиб, тошга ишлов беришнинг олдин маълум бўлмаган: силлиқлаш ва пармалашни усулларини кашф қилишган.
Неолит даврида қабилалар ўтроқ турмуш тарзига ўтиб, доимий турар жойлар - пахсадан уйлар қура бошлаган, уруғ жамоаларининг манзилгоҳлари шаклланиб борган. Ўтроқ турмуш тарзи ва меҳнат қуролларининг янада такомиллашиши жамоаларнинг деҳқончиликка ўтишига имкон яратади. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг ривожланиши ҳунармандчиликнинг шаклланишига олиб келди. Лойдан ясалган ва оловда пиширилган идишлар ясаш – кулолчилик, тола ва жундан кийим тайёрлаш – тўқувчилик соҳалари неолит даврининг муҳим кашфиёт ва ихтироларидир.
Энеолит - мис-тош асри (мил. ав. 4 м. й. - 3 м. й. ўрталари) - мис қуроллар тош қуроллар билан биргаликда ишлатилган давр. Неолит даври охирида одамлар мисдан фойдаланишга, ундан меҳнат қуроллари ясашга ўтишди. Металлургия ривожи кишиларнинг моддий ва маънавий маданиятига катта таъсир кўрсатди.
Қадимги Шарқда мил. ав. 4 минг йилликда илк шаҳарлар ва давлатлар вужудга кела бошлади. Ўрта Осиё жанубида сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик вужудга келди, хом ғиштдан кўп хонали уйлар қурилди, идишларни пишириш учун кулолчилик хумдонларидан фойдаланишга киришилди. Сопол идишлар ҳайвон, қуш, ўсимлик (япроқ, гул) нақшлари билан безатилди. Одамлар мисни қалайи, қўрғошин ёки рух билан қўшиб, бронза олишни ўрганганлар.
Бронза (даври мил. ав. 3-мингйиллик ўрталари – 2-мингйиллик) мисдан кўра анча қаттиқлиги туфайли мил. ав. 3 минг йиллик ўрталаридан бошлаб меҳнат қуроллари, қурол-яроғлар ва зеб-зийнатлар тайёрланди асосий ашёга айланиб қолди. Бронза меҳнат қуролларига эга бўлган одамлар энди далаларга анча дуруст ишлов бериш ва экин майдонларини кенгайтириш имконини қўлга киритди. Натижада ортиқча миқдорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари вужудга келди. Чорвачилик деҳқончиликдан ажралиб чиқа бошлади.
Кўп даврлар давомида уруғ жамоасидаги муҳим ишлар аёллар зиммасида бўлиб (болаларни тарбиялаш, овқат тайёрлаш, ҳайвон териларини тозалаш, кийим-бош тайёрлаш), жамоада айниқса ёши катта аёлларнинг мавқеи эркакларникидан баланд бўлган. Омоч билан ер ҳайдаб зироатчилик қилиш, чорвачилик, ҳунармандчиликнинг вужудга келиши билан уруғни етарли маҳсулотлар билан таъминлаш эркаклар қўлига ўтди. Уй хўжалиги юмушлари аёллар зиммасида қолди. Энди уруғчилик оиласида эркаклар муҳим ўрин тута бошлади. Қариндошчилик эркаклар томонидан белгиланадиган бўлди ва патриархат даври бошланди. Оила ота томонидан яқин қариндошларнинг бир неча авлодларидан ташкил топадиган бўлди. Патриархал оила - ота томонидан яқин қариндошларнинг бир неча авлодларидан ташкил топган оила.
Бронза даври манзилгоҳларидан бири Зарафшон дарёси ҳавзасидаги Замонбобо кўли (Бухоро вилояти Қоракўл тумани) яқинидан топилган бўлиб, мил. авв. 3 минг йиллик охири – 2 минг йилликка оид. Замонбобо манзилгоҳидан мис кўзгулар топилган. Хоразм воҳасида ҳам манзилгоҳлар ўрганилган. Сурхандарё водийсидан (Музрабод тумани) қадимги зироатчиларнинг Сополлитепа манзилгоҳи топилган. Сополлитепадан хом ғиштдан қурилган уй-жой, сопол буюмлар, бронза меҳнат қуроллари ва зеб-зийнат ясалган устахона қолдиқлари, йирик хумларда сақланган буғдой ва арпа дони топилган. Жарқўтон манзилгоҳи Сурхон воҳасида (ҳозирги Шеробод яқинида) вужудга келган. Жарқўтон қурилиши тархида илк шаҳар аломатлари кўзга ташланади. У 2 қисмдан иборат бўлган: қалъа ва унинг атрофида жамоа аъзолари - ҳунарманд ва деҳқонлар уйлари жойлашган. Жарқўтонда ибодатхона (илк) қолдиғи топилган.
Бронза даври манзилгоҳлари аҳолиси ҳар хил ҳунармандчиликлар, тўқувчилик, кулолчиликни ривож топтиришда, зеб-зийнат буюмлари ясаш, қурилиш соҳасида катта ютуқларга эришган. Бронза даврида одамлар кулолчилик чархи ва ғилдиракни кашф этдилар, шу тариқа дастлабки аравалар вужудга келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |